Коса тагидаги нимкоса

Дўхтир билан мелисага ишинг тушмасин¸ деб дуо қиладиган оддий ўзбек учун милиционерга дуч келишнинг ўзиëқ бехосият саналадиган бўлиб қолган.

Ангрен шаҳрида гумонланган шахсни калтаклаб ўлдирганликда айбланаётган тўрт милиционер устидан маҳкама жараёни давом этмоқда.
10 ноябр куни Тошкент вилоят суди тўрт милиционер – Азиз Аҳмедов, Жаҳонгир Ғаниев, Дилмурод Пейсенов ва Абдуқосим Исмоиловлар устидан давом эттирган маҳкама жараёнида ва бундан аввалги бир неча мажлисларда ҳам судланувчилар айбини тан олмадилар.

Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104, 205, 206, 235-моддалари билан қасддан жабрланувчининг ўлимига олиб келадиган жароҳатларни етказиш, ўз хизмат вазифаси ва ваколатини суистеъмол қилиш, совуққонлик, кўрсатма олишда куч ишлатиш каби жиноятларда айбланмоқда.

Шу йилнинг 24 мартида бу милиционерлар томонидан ўғирликда гумон қилиниб қўлга олинган Ангрен шаҳрида истиқомат қилувчи Музаффар Тўйчиев, эртаси куниёқ шаҳар ички ишлар бошқармаси ертўласида вафот этган эди.

Марҳум Музаффар Тўйчиев яқинларининг 10 ноябр кунги суд мажлисида иштирок этган адвокати Руҳиддин Комилов бўйнига қўйилган айбловни тан олмаётган милиционерлар “У ҳолда ким бу жиноятни содир этди?” деган саволга жавобан сукут сақламоқда, дейди.

- Ҳамма қизиқ тарафи ҳам шу ерда-да. “Агар ундай бўлса, ким бу ишни содир этди?” деган саволга ҳали жавоб олингани йўқ. Нима бўлганда ҳам булар олиб келишган. Эртаси куни боланинг ўлиги чиққанку бу ердан. Унда уни ким ўлдирган? Ким қийнаб ўлдирган? Бу саволларга жавоб йўқ.

Адвокат Руҳиддин Комилов бу маҳкама жараёнида асл жиноятчилар номи тилга олинмаслиги ҳам мумкин, деган фикрда.

- Ўзининг командаси нима иш қилиши ëки қилмаслигини албатта билади, лекин билган тақдирда ҳам айтишмаслиги мумкин. Албатта қўрқиши ҳам мумкин. Бошқа нарсани гапирмаслиги ҳам мумкин. У бунинг ҳуқуқи.

Гарчи, ва ниҳоят, Ўзбекистонда милиционерлар ҳам жинояти учун жазога тортила бошлади, деб ишонгимиз келади, аммо шунда ҳам бу ишнинг ортида нима турган экан, деган хавотирли фикр кузатувчиларни тарк этмаяпти, дейди адвокат Руҳиддин Комилов, Унинг фикрича, ҳар бир суд мажлисидан кейин бундай шубҳалар тобора кўпроқ исботланмоқда.

- Суд жараëнларида қонунлар бузилаëтгани йўқ. Суд судя Шуҳрат Шарипов томонидан олиб борилмоқда. Ҳаммага эркин гапиришга, эркин сўзлашга, эркин кўрсатма беришга имконият яратиб берилаяпти. Лекин шу ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак ҳам, бу қанақадир этапнинг бошланиши назаримда. Бугунги кўрсатмалардан кейин айтиш мумкинки, тергов жараëнларида кимнидир бекитишга ҳаракат қилишган¸ албатта. Лекин кимни? Шу номаълумда. Косанинг тагида нимкоса бор дейдию. Бу ерда албатта нимкоса бор.

Руҳиддин Комиловнинг яна таъкидлашича, Ангрен шаҳар ички ишлар бошқармаси ертўласида содир этилган жиноят аслида — гумонланган шахсни қийноққа солишгина эмас, балки яққол қотиллик бўлиши мумкин.

Музаффар Тўйчиевнинг яқинлари қўлида, унинг қийноқлардан кўриб бўлмас ҳолга келтирилган жасадининг видеотасвири бор ва бу тасма шундай гумонга асос бўлади, дейди адвокат.

Милиционерлар томонидан калтаклаб ўлдирилган Музаффар Тўйичаевнинг яқинлари ҳам асли жиноятчи милиционерларнинг жазоланишини талаб қилмоқда. Марҳумнинг онаси Зулхумор Тўйчиева ҳам бу жиноятни қотиллик, деб атамоқда.

- Менинг ўғлим икки ярим йил бурун қасддан ўлдирилди, биламан. Ўғлимни бировнинг чўнтагидан пул олди деб айблаб¸ қамаб қўйди. 75 кун подвалда ëтди. Мен Тошкентдан адвокат олганимда, оқлаб чиқарди. Ўшандан кейин адвокат “Буларнинг яқинига йўлама. Ўғлим Қозоғистонга бориб ишлаб келар” деган эди. Адвокат катта ëшдаги одам эди. Олдинги дело кўтарилса, ҳақиқий қотиллар чиқиб келади, дейди Музаффарнинг онаси.

Бу иш нима билан тугаркин, дея коса тагидаги нимкосани қидираётган “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” вакиллари, суд мажлиси санаси эълон қилинган вақтдаёқ, унда ҳуқуқ фаоллари иштирок этишининг таъминланиши учун пикет ўтказди. Ташкилот раҳбари Елена Урлаева гапиради:

- Бизнинг пикетларимиз Тошкент вилоят суди биноси олдида ўтказилди ва биз қаттиқ қаршиликлар остида бўлса-да, ҳуқуқ фаолларининг суд залига қўйилишига эришдик. Аммо факт шуки, Ангрен шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан шундай оғир жиноят содир этилгани тан олинмоқда ва бу жиноят ишига алоқадорликда яна бир неча милиционер гумон қилинмоқда. Гарчи, уларга нисбатан тергов ҳали бормаётган бўлса-да, умид қиламизки, бу хайрли ибтидо ва биз бу ишга алоқадор барчи жиноятчи милиционерлар жазосини олиши учун курашамиз, дейди Елена Урлаева.