Ҳизбчи аëллар тергов қилинмоқда

Кузатувчиларга кўра¸ аксар ўзбекистонлик хотин-қизлар адолатсизликдан таскин излаб¸ турли исломий гуруҳларга бош урмоқдалар.

Ўзбекистон ҳукуматига мойил “Горизонт” нашрида “Тошкентда “Ҳизбут Таҳрир”га аъзо аёлларнинг яширин гуруҳи фош этилди” сарлавҳали мақола чоп этилди.
Мақолада айтилишича, Тошкент шаҳрининг Собир Раҳимов, Юнусобод ва Шайҳонтоҳур туманлари бўйлаб фаолият юритган бу гуруҳга аъзо бўлган 27 нафар аёл аниқланган. Ташкилот сафидаги икки аёл ўз ихтиёри билан шаҳар ички ишлар бошқармасига келиб, ахборот берганидан сўнггина гуруҳ фош бўлгани ҳақида ёзади “Горизонт” ахборот сайти.

Тошкент шаҳар Собир Раҳимов тумани ички ишлар бошқармаси расмийларидан бири бўлган суҳбатда¸ электрон нашрда берилган бу хабар тасдиқланди, аммо кенгроқ маълумот олишнинг имкони бўлмади.

- Бу бизда эмас¸ шаҳар ишлаяпти.

Озодлик: Бу Собир Раҳимов туманида эканку?

- Собир Раҳимов тумани бўйича энди асосан экстремизм йўналишида шаҳар ишлайди. Шаҳар кўраяпти. Терроризм бошқармаси бор. Марҳамат ўша ëққа мурожаат қилинглар, - деди Тошкент шаҳар Собир Раҳимов тумани ички ишлар бошқармаси ходимларидан бири.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасидан ҳам кенгроқ маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Аммо бу ҳақда хабар қилаётган электрон нашрнинг ёзишича, бу аёлларнинг диний экстремистик ташкилот ичидаги фаолиятидан на оила аъзолари ва на маҳалла-кўйнинг хабари бўлган.

“Афтидан, “Ҳизбут Таҳрирнинг” хориждаги ғоявий раҳнамолари шу йўл билан энди Ўзбекистондаги аёлларни фаол жалб қилишга ўтишди, чоғи”, деб ёзади ахборот сайти.

Ўзбекистонда “Ҳизбут Таҳрир” диний оқимига алоқадорлик айблови остида ўтаётган маҳкама жараёнларини кузатиб келаётган кузатувчилардан бири тошкентлик Улуғбек Усмонов, бу ҳизбчи аёллар ҳақида сўнгги бир ярим йил ичида эшитганим илк хабар, демоқда.

Унинг фикрича, бу намозхон аёлларга нисбатан уюштирилган навбатдаги сохта айблов. Боиси, ҳозир Тошкент шаҳрида диндор аёллар яширин эктремистик ташкилот тузиши мумкин эмас, дейди Улуғбек Усмонов.

- Қанақасига? У қанақадир яширин фаолият юритиши учун уйидан чиқиб кетиши керак. Аëл қаëққа бораëтганини ҳеч ким билмаса. Мен буни реал нарса деб ўйламайман. Биз буни тажрибада кўраяпмиз. Кўп суд маҳкамаларида иштирок этдим.

Улуғбек Усмонов фикрича, аслида бу аёллар ҳам яқинлари “Ҳизбут Таҳрир”га алоқадорликда айбланиб қамалган фуқаролар бўлиши мумкин.

- Шу вақтга қадар диний экстремистик ташкилотга аъзолик ва алоқадорликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган аёлларнинг деярли ҳаммаси бирор-бир қариндоши шундай айбловлар билан қамалган аёллар бўлмоқда. Шаҳар ички ишлар бошқармаси ертўласига олиб бориб қўйилгани эҳтимоли бор бу аёллар айбсиз, диндор аёллар эканига ишонаман, - дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Улуғбек Усмонов.

Тошкентлик муслима аёллардан бири ҳам Озодлик билан суҳбатда, одатан, маҳкама жараёнига тортилаётган аёллар эри ёки ўғиллари қамалган фуқаролар эканини эътироф этар экан, уларнинг мутлақ айбсиз эканига шубҳам бор, дейди.

- Кўпчилигининг эри йўқ. Ҳеч бўлмаса ўғли йўқ. Йўқ ҳеч кими. Ҳаммаси қамалганми, ўлиб кетганми. Ўзида тушунча кам, қанақадир ўша аëлларда аламзадалик бор. Уларни эргаштириш осон. Мана шунақа нарсаларга кириб кетишларига қанақадир 50 фоиз бўлса ҳам ишонгим келади. Ўрмонга ўт кетса¸ ҳўлу қуруқ баробар ëнади. Кимлардир қилади, кимлардир жабрини тортади.

Лекин ҳозирга келиб, дейди бу тошкентлик аёл, “Ҳизбут Таҳрир” диний оқимининг амаллари аввалгидай фаол эмас.

- Бор¸ лекин 10 йил аввалгидай фаолият олиб бораяпти деб ўйламайман. Чунки одамлар унинг нималигини, нотўғри ақида эканлигини, шунчаки тузоқ эканлигини тушуниб қолди.

Бу аёлнинг фикрича, ҳали-ҳануз, фуқаролар, айниқса, ёш болали аёлларнинг шу диний оқимга алоқадорликда айбланиб, қамоққа солинаётганининг асл сабаби ўзи каби минглаб оддий муслима аёлларга қоронғу.

Бундай муслима аёлларнинг хавотирли таажжубида асос бор, дер экан Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов, бу билан Ўзбекистон ҳукумати ҳали ҳануз Ўзбекистонда диний экстремизм хавфи бор, деган асоссиз фикрни кенг жамоатчиликка уқтиришга уринаяпти, холос, дейди.

- Гўë бизларда диний экстремизм борлигини кўрсатишмоқчи. Лекин шу пайтгача терроризм ëки диний экстремизм борлигининг исботи бўлмади. Нима учун кўпчилигини бекитиб суд қилаяпти? Йил бошидан бери бизнинг одамлар мониторинг қилиш, кузатиш мақсадида ҳам ҳеч бир судга кира олмаяпти.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов ўз ташкилоти йиққан маълумотларга асосланиб, шу кунларда Ўзбекистондаги аёллар қамоқхонасида 30 га яқин аёл диний мотивдаги айбловлар билан қамоқ жазосини¸ яна 100 га яқин аёлнинг эса шартли жазо муддатини ўтаëтганини қўшиб ўтади.