"Каримов ҳақида ëзманг! "

"Лица" газетаси бош муҳарририга таҳдидли қўнғироқлар¸ унинг айтишича¸ мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳнинг президент Ислом Каримовга очиқ мактуби газета бош саҳифасида босилганидан сўнг бошланган.

Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ мурожаатини босган Қирғизистондаги “Лица” газетаси бош муҳарририга таҳдидлар¸ қўшни давлат раҳбари ҳақида ëзмаслик тавсиясидан сўнг¸ тингандек.
Аммо, журналист ўзбек махсус хизматларининг норасмий, эҳтимолий таҳдидларидан қўрқиб, бундай тавсияни инобатга олишни ахмоқлик, деб ҳисоблайди.

Ўтган ҳафта Бермет Букашева ўзига бир неча бор нотаниш қўнғироқлар бўлгани ва телефон қилган кимсалар ўзбекча талаффуз билан русча гапириб, унга таҳдид қилгани ҳақида баёнот берган эди.

Журналистга кўра, бу қўнғироқлар “Лица” газетасида Ўзбекистон Эрк демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг президент Каримов номига йўллаган очиқ хати ортидан уюштирилган ва бу ўзбек махсус хизматлари иши бўлиши мумкин.

Бермет Букашева нотаниш телефон қўнғироқлари орқали бўлган таҳдидларни ҳануз жиддий хавф деб билмоқда ва афтидан, Қирғизистон махсус хизмати ҳам унинг хавотирини қувватлаган.

- Мен Қирғизистон хавфсизлик хизмати раиси Мурат Суталинов билан норасмий тарзда суҳбатлашдим. У хавфсизлигим таъминланиши ва агар шундай ҳолат яна такрорланса, жиддий чора-тадбирлар қўлланишини ваъда қилди. Aйни вақтда¸ президент Ислом Каримов ҳақида ёзмаслигимни тавсия қилишди, дейди Букашева.

“Лица” газетаси Қирғизистонда эркин фикр ва ҳукумат номига қаратилган кўплаб танқидий мақолалари билан танилган мустақил газета.

Адади 18 000 нусха бўлган бу газета, сўнгги 10 йил давомида Ўзбекистон ҳақида ҳам кўплаб танқидий мақолаларни чоп этиб келмоқда.

- Сизларда Сафар Бекжон исмли бир мухолифатчи бор эди. Унинг Ўзбекистон қамоқхоналарида ёзган китобларидан парчалар берганмиз.

Бундан ташқари, тез-тез икки томонлама алоқалар, чегара, сув ва газ муаммолари борасидаги таҳлилий мақолалар ҳам чоп этилган, дейди Букашева.

Айни вақтда “Лица” газетаси ўшлик журналист Алишер Соиповнинг ўлими ортида ўзбек махсус хизматлари турибди, деган тахминни энг баланд пардаларда таъкидлаган нашрлардан бири.

Бу каби кескин танқидий мақолалар учун “Лица” газетаси журналистларига бўлган эътирозлар эса шу пайтгача расмий кўринишда Қирғизистон ҳукумати томонидан билдирилган ва газета ҳукумат амалдорлари билан бир неча бор судлашган ҳам.

Бироқ, Эрк демократик партияси етакчисининг президент Каримовга йўллаган очиқ хатидан сўнг бўлган нотаниш телефон қўнғироқлари орқали таҳдидларга Букашева биринчи бор дуч келмоқда.

- Бу тариқа, норасмий тарздаги таҳдидларга шу вақтга қадар шахсан мен дуч келмаган эдим. Албатта, бизда ҳам мухолифатни қувватлаган журналистларга нисбатан ҳар қандай кўринишда тазйиқ ўтказишганига гувоҳ бўлганмиз, дейди Бермет Букашева.

Шу ўринда, бу қўнғироқлар айнан ўзбек махсус хизматининг иши эканига ишончингиз комилми, балки, бу ваҳима билан сиз ўзбек махсус хизматининг одамларни террор қилиш салоҳиятини сунъий равишда оширишга ҳисса қўшиб қўяётгандирсиз, дея савол бердик журналистга.

- Албатта, мен буни тасдиқлай олмайман. Аммо, менинг кўнглим сезиб турибдики, бу Ўзбекистон томонидан уюштирилди.

Эҳтимол, бу мамлакатдаги Ўзбекистон дипломатик корпусларига алоқадор кишиларнинг томошасидир. Аниқ бир нарса дейиш қийин.

Лекин мен 10 йилдан буён мухолиф позициядаги газетага муҳарририман ва бундай ҳолатларнинг фарқига бораман, деб айта оламан.

Муҳими, интернет орқали жамоатчиликка расман мурожаат қилганимдан сўнг, нотаниш телефон қўғироқлари тўхтагани ҳам бунга далил бўлиши мумкин, дейди Қирғизистонда чоп этиладиган “Лица” газетаси муҳаррири.

Унинг хавотирларини эса Қирғизистондаги мухолифат, инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳамда шу можарога сабаб бўлган мақола муаллифи Муҳаммад Солиҳ ҳам қувватламоқда.

Энг қизиғи, журналистга Ислом Каримов ҳақида мақола чоп этмасликни тавсия қилиши билан Қирғизистон махсус хизмати ҳам бу ўзбекистонлик ҳамкасбларининг минг турфа ҳунарларидан бири эканини билвосита тан олгандек.