"АҚШ мусулмонларга душман эмас"

Ал-Арабия телеканали орқали дунё мусулмонларига мурожаат қилган Барак Обама АҚШ мусулмонларнинг душмани эмаслигини таъкидлади.

АҚШ президенти Барак Обама Бирлашган араб амирликларидаги Ал-Арабия телеканалига берган интервьюсида ўз маъмуриятининг Яқин Шарққа оид сиёсатини маълум қилди.

АҚШ президенти расмий Вашингтон Эрон билан музокаралар бошлаш ниятида эканини ва ўз маъмурияти бу учрашувга оид лойиҳани ишлаб чиқажагини билдирди.

Илк бор араб дунёсидаги нуфузли телеканаллардан бири саналмиш “Ал-Арабия” телеканалига интервью берган АҚШ президенти Барак Обама унга хослиги кузатилган дўстона, самимий оҳангдаги суҳбатининг аввалидаёқ АҚШнинг аввалги сиёсатида ҳамма қилмишлар “диктат”дан бошланганлигини қайд этди.

"Аммо, ҳозир бу сиёсат ўзгарди", деди Обама ва янги сиёсатда ҳурмат устун бўлишини таъкидлади.

У араб телевидениеси томошабинларига ўз оила аъзолари орасида мусулмонлар бўлганини ва ўзи мусулмон давлатларда яшаганини эслатди.

Айни вақтда у ҳозир Яқин Шарқ муаммолари билан ортиқча шуғулланишга вақт йўқлигини айтди.

- Ҳозир АҚШ учун муҳим нарса, менимча, бу масала ечимига шу заҳотиёқ киришишдир. АҚШ нинг Яқин Шрақдаги янги вакили Жорж Митчел катта сиёсатчи.

У тинчлик музокараларида воситчалик қилиш бобида халқаро миқёсда тажрибага эга бўлган оз сонли одамлардан бири. Шунинг учун ҳам мен унга ишни томонларни тинглашдан бошлашни тайинладим.

Зеро, шу вақтгача АҚШ юритиб келган сиёсат фақат буюришга асосланган эди. Энди тинглаш вақти келди, деди Барак Обама.

Янги элчи Митчел эса шу кунларда Яқин Шарққа сафар арафасида ва у Миср президенти Ҳусни Муборак билан музокара ўтказади.

Обама Исроил ва Фаластин томонларига мурожаат қилиб: "Ҳозир тутган йўлингиз тўғри эмас, аслида тинчлик ўрнатиш йўлидаги асосий қарорни сиз беришингиз лозим", деди.


АҚШ президенти фикрича, ҳозирда Исроил-Фаластин низоси ҳақида қайғуриш билан чекланиш тўғри эмас.

- Биз бунинг Сурия, Эрон, Ливан ёки Афғонистон ва Покистонга оқбати қандай келиши ҳақида ҳам ўйлашимиз шарт. Чунки бу давлатлар бир-бири билан боғлиқ, деди Обама.

Қўшма Штатлар президентининг Сурия ҳақидаги баёнотини президент Башар ал-Ассад дарҳол қувватлади ва унинг давлати Вашингтон билан музокараларга тайёрлигини билдирди.

Ливан телевидениесида қилган чиқишида Ассад бу ҳаракат Яқин Шарққа тинчлик олиб келишига умид билдирди.

- Янги сайланган АҚШ маъмуриятидан сўнгги ҳафта ва йил ичида эшитаётганларимиз бу маъмурият Яқин Шарққа оид сиёсатни, биринчи галда, минтақадаги тинчлик музокаралари бобида, иккинчи галда Ироқ масаласи бобида қайта кўриб чиқиш ниятида эканини англатмоқда, деди Сурия президенти.

Айни вақтда у Вашингтоннинг янги расмийлари билан ўтадиган ҳар қандай мулоқот шартларсиз бўлиши лозимлигини таъкидлади.