Ўзбек адвокати чехларни судга тортди

Чехиядаги қочқинлар лагери сўлим табиат оғушида жойлашган бўлса-да¸ аксар қочқинлар бу ердаги муомаланинг совуқлигидан шикоят қилишади.

Ўзбекистонда ҳеч ким журъат қилмаган иш - мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳга ҳимоячилик қилган адвокат сиëсий бошпана олгани Чехияда "жанжалкаш қочқин" номини олди.
Ўзбекистонда адвокатлик фаолияти учун ўзига нисбатан тазйиқлардан қочиб, Чехиядан сиёсий бошпана олган Салима Қодирова 2007 йилнинг 11 октябрида бу давлатга келган.

Уни Чехиянинг Страже под-Ральск шаҳридаги сиёсий қочқинларни вақтинчалик сақлаш лагерига жойлаштиришган. Бу ерда маълум вақт яшаганидан сўнг эса Салима Қодировага лагер ҳудудидаги бошқа жойга кўчиши кераклигини айтишган.

Аммо, Қодирова бунга рози бўлмаган. Шунинг ортидан муаммо келиб чиққан ва "жанжалчи қочқин" номини олган Қодировага ўз вақтида тиббий ёрдам ҳам кўрсатилмаган.

Салима Қодированинг Озодлик радиосига айтишича, дастлаб уни икки бўлинмали уйга жойлаштиришган.

- Икки хонали секцияда. Биттасига мен жойлашдим¸ иккинчиси бўш эди. Менинг уйим битта араб оиласига керак экан.

Менга “Сизни чиқарамиз” дейишди. Қаерга чиқарасизлар¸ десам¸ “Фалонча жойга” дейди. Мен “Эркаклар бор жойга бормайман. Чиқмайман” дедим.

“Чиқмасангиз¸ полиция орқали чиқарамиз” деб айтишди менга¸ дейди Салима Қодирова.

Яъни, Салима Қодирова яшаётган икки бўлинмали уйни араб қочқинлари оиласига бериш, унинг ўзини эса кичикроқ хонага кўчириш таклиф қилинган.

Салима Қодирова унинг эътирозига қарамасдан, ўзини куч билан кўчиришга уринишни ҳақсизлик, деб билиб¸ лагер маъмурияти ва қочқинлар билан ишлаш бошқармасига мурожаат қилган.

Бу мурожаатларимга қониқарли жавоб беришмади ва мен бундай муносабатдан сиқилиб, касал бўлиб қолдим, дейди 75 ёшни қоралаган қочқин аёл.

- Менинг аҳволим ëмон. Ўзи қон босимим кўтарилган эди. Хафа бўлдим. Мен ўша ерда ëтиб қолдим.

Менга врач чақиринглар¸ десам¸ “Биз врач чақира олмаймиз. Чунки сен врачга фалон сўм тўлашинг керак” дейди. “Менда унақа пул нима қилади? Менда унақа пул йўқ” десам¸ “Майли¸ мен одамларга айтаман. Сизга қарашади” деди.

Мен беш кун қон босимим кўтарилиб ëтдим. Ëнимга битта пашша ҳам келгани йўқ¸ дейди Салима Қодирова.

Ёнимдаги қочқинларнинг ёрдамида беш кундан сўнг сал ўзимга келдим ва пойи-пиёда шифокорга бордим, дея сўзларини давом эттиради Салима Қодирова.

- 17 нчи куни менинг қон босимимни ўлчаб кўришса¸ 190 га 100 экан. Шунда мен айтдимки¸ буларнинг итлари одамлардан қадрли экан. Уларнинг итларига врачлари бор экан. Лекин мен беш кун ëтганимда битта одам ҳам келиб “Сенга нима бўлди? Яхшимисан?” деб сўрамади¸ дейди Салима Қодирова.

Шу тариқа, Салима Қодирова Чехия Республикасининг Старже под-Ральск шаҳридаги қочқинларни вақтинчалик сақлаш лагери ходими Романа Жатецкая устидан судга арз қилди.

“Суднинг биринчи мажлиси 2008 йилнинг 6 ноябрида бўлиб ўтди. Унда арзчи томоннинг ҳужжатлари кўриб чиқилди ва сўнгра суд мажлиси 2009 йилнинг 12 февралига қолдирилди”, деб маълум қилди Қодированинг адвокати Катерина Сигмундова.

Бу ишда жавобгар бўлаётган Старже под-Ральск шаҳридаги Қочқинларни вақтинчалик сақлаш бошқармаси ходими Романа Жатецкая билан гаплашишга муваффақ бўлмадик.

Худди шундай БМТ нинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлигининг Чехия Республикасидаги ваколатхонаси ҳам сиёсий бошпана берилган шахсларга тегишли маълумотларни матбуотга ошкор қилинмаслигини таъкидлади.

Аммо, ваколатхона вакилининг суд жараёнига оид баъзи тафсилотларни микрофонга гапирмаслик шарти билан маълум қилишича, суд иши, асосан, Салима Қодировага ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани устида бормоқда.

“Уй-жой масаласи эса қисқа фурсат ичида Салима Қодированинг талабларига мос равишда ҳал қилингани боис, менимча, бу борада муаммо йўқ”, деди ваколатхонанинг микрофонга гапирмаган ходими.

Бу гапни ҳозир Чехиянинг Либерец шаҳрида алоҳида уйда яшаётган Салима Қодированинг ўзи ҳам тасдиқлади.

- Мендан “Либерецда уй бор экан. Ўша ëққа борасизми?” деб сўрашди. Мен “Албатта¸ бораман” деб айтдим¸ дейди Салима Қодирова.

Қочқинлик йўли

Ўзига вақтида тиббий ёрдам кўрсатмаган ва қўпол муносабатда бўлган чех маъмурларини судга берган қочқин Салима Қодированинг адвокатлигини лавҳа аввалида айтган эдик.

Салима Қодирова Ўзбекистондаги расмий ва норасмий ҳуқуқий тузилмалар вакилларига яхши таниш бўлган адвокат.

У “Эрк” партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг адвокати ва 2007 йилга қадар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан мухолифат фаолининг ҳуқуқи устида баҳс қилиб келаётган эди.

Аммо, зуғуми қаттиқ режимнинг муттасил тазқийлари остида, охир-оқибат, Салима Қодирова ҳам юртини тарк этишга мажбур бўлганини айтмоқда.

Салима Қодирова: Мен Муҳаммад Солиҳга адвокат бўлганман. Мен ишни судда эмас¸ иккинчи инстанцияда бошлаганман.

Мен биринчи инстанцияда адвокати бўлганми ëки йўқми билмайман. Ҳамма қўрқиб¸ адвокатлигини олмаган.

Ариза ëзиш керак эди¸ Олий судга бориш керак эди¸ Муҳаммад Солиҳнинг бу масалага ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исбот қилиш керак эди.

Олий судда менга 6 ой ҳужжат беришмади. Мен кейин Женевага ариза ëздим. Лекин бу аризамга ҳалигача якуний жавоб бўлгани йўқ".

Озодлик: Муҳаммад Солиҳнинг ҳуқуқини ҳимоя қилганингиз учун ҳам сизга тазйиқлар бўлганми?

Салима Қодирова: Ҳамма тазйиқ шунинг учун бўлди-да. Муҳаммад Солиҳ биринчи номзод эдику президентликка.

Мен агар телефонда “Фалон жойга келинг. Гаплашамиз. Сизни гапингиз бўлса айтасиз ëки мен айтаман” деб гаплашсам¸ мен учрашув жойига боришимдан олдин ўша ерда одамлар турарди.

Ортимдан машиналар юрарди. Мен кўп қаватли уйда яшайман. Мен уйимга етиб келишимдан олдин одамлар менинг эшигимнинг олдида ўтирган бўларди.

Кўчага чиқишимни ҳам билмайман¸ уйда ўтиришни ҳам билмайман. Самарқандда жуда ëмон бўлдим.

Бир куни бир қўлимда пул¸ бир қўлимда сумкам билан кетаëтганимда¸ иккита кап-катта йигит келиб орқамдан, қаттиқ туртиб, сумканию пулимни олиб қочса қолса бўладими.

Чунки мен ўша пайтда Туркияга боришим ва Муҳаммад Солиҳ билан учрашишим керак эди. Мени Туркияга кетмасин деб¸ ҳамма ҳужжатларимни тортиб олишди.

Озодлик: Уларнинг бирортасини танирмидингиз? Ëки ким деб тахмин қилаяпсиз?

Салима Қодирова: Йўқ, танимасдим. Билмайман ҳам¸ танимайман ҳам. Энди қандай организациялар менинг орқамдан юрганини ўзингиз биласизку.

Озодлик: Демак сиз буни МХХ ходими деб ўйлайсиз?

Салима Қодирова: Албатта. Мени энди булар соғ қўймайди¸ мен энди чидай олмайман¸ деб ўйладим. Чунки менинг ўғлимга ҳамни ҳам судга тортиб¸ ҳеч қандай исбот далил бўлмаса ҳам ортидан 6 йилга ҳукм чиқариб юборди.

Озодлик: Ўғлингиз қандай жиноятларда айбланди?

Салима Қодирова: Чегарани кесиб ўтишда айбланди. Лекин чегарадан Қозоғистонга ҳеч қандай визасиз ўтиш мумкинку.

Озодлик: Ўзбекистондан чиқиб қайси давлатга бордингизлар?

Салима Қодирова: Қирғизистонга бордик. Икки ой ўтгандан кейин бизларга “Чехияга сизларни жўнатмоқчимиз” дейишди.

Озодлик: Қайси Европа давлатига боришни сиз ўзингиз танламадингизми?

Салима Қодирова: Йўқ. Ўғлим “Мен Чехияга бормайман” деди. Чунки Муҳаммад Солиҳни Чехияда ушлашганку.

“Нима бўлса ҳам уйимда бўлсин. Болаларимнинг олдида бўлай” деб қайтиб кетди.

Мен эса қайтмайман дедим. Тўғрисини айтсам Чехияга келишим ўзимга ëқмаган эди. Лекин қўлимдан нима ҳам келарди.