"Оми халқнинг кўзи очилмасин "

Ўзбекистон расмий позициясига кўра¸ турк лицейида таҳсил олган ëшларнинг кўпчилиги¸ мамлакатни диний ақидапарастлик домига тортишни ният қилган.

Ўзбекистонда турк лицейлари битирувчиларининг "нурчилик"да айбланиб¸ маҳкамага тортилганига муносабат билдираëтган айрим зиëлилар¸ уларнинг мустақил фикрлаши Тошкент учун таҳдид манбаи эканини айтмоқдалар.
Ўзбекистон телевидениеси “айнан ҳозир конституцион тузумга бевосита хавф солмаса-да, аммо, келажакда ақидапарастликка олиб бориши мумкин”, дея айбланаётган ўзбекистонлик “нурчилар” оқимининг кимлардан иборатлиги ҳақида Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари кўз қарашини аниқ баён қилди:

- Ўзбекистондаги ҳамма турк лицейи битирувчилари хоҳ диний бўлсин¸ хоҳ бошқа бўлсин Туркия тарафидан очилган. Ҳаммаси ўша нурчилар хизмати¸ Фатҳуллоҳ Гуланга қарашлилигини¸ бемалол бориб ўшалар билан ҳамфикр бўлишини билдиради улар, дея кўрсатма беради Ўзбекистон марказий телевидениеси орқали қилган чиқишида мамлакатдаги “нурчилар”нинг бош молиявий таъминотчиси дейилган Мамадали Шаҳобиддинов.

Демак, Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари нишонга олаётган навбатдаги оқим аъзолари – 1992 йилдан 1999 йилга қадар Ўзбекистонда фаолият юритган турк лицейларининг битирувчиларидир.

Дастлаб, турк лицейларида қандай таълим берилган ва уларнинг битирувчилари қандай ишлар билан машғул, деган саволга жавоб топишга уриндик.

Ўзбекистонда таълим тизими 70 йиллик собиқ иттифоқ ва яп-янги мустақиллик ғояси ўртасидаги аросатда турган бир пайтда очилган турк мактабларидаги таълим тизими ва савияси, шубҳасиз, юқори эди, дейди Хоразмдаги турк лицейларидан бирининг собиқ ўқитувчиси Даврон Йўлдошев.

- Анча юқори эди. Буни таққослаб ҳам бўлмас эди. Биринчидан¸ ўқитувчиларнинг мутахассислиги жуда баланд эди. Иккинчидан¸ уларнинг ўқитиш жиҳозлари бор эди¸ дейди Даврон Йўлдошев.

Лекин, ўзбекистонлик она-оналарни ўзига жалб қилган асосий жиҳатлардан яна бири эса бу мактабларда диндан сабоқ берилиши эди.

- У пайтда “Дин тарихи” деган дарс ўтишар эди. Улар мусулмон бўлгани билан¸ уларнинг тили билан айтганда “краватли” мусулмон¸ яъни галстукли мусулмон эди¸ дейди Даврон Йўлдошев.

Турк лицейларига илк бор 5 ва 8 синф ўқувчилари қабул қилинган. Унинг битирувчилари ўз тенгдошларидан кўра анча илғор. Инглиз, турк, айримлари эса рус тилини яхши биладиган, ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни яхши ўрганган битирувчиларнинг биринчи гуруҳи, демак шу кунларда 28 ва 31 ёшга кирган ёш зиёли йигитлардир.

“Бу битирувчиларнинг бир қисми хорижга олий таълим олгани кетган”, дейди Даврон Йўлдошев. Мамлакатда қолган бир қисми ҳозир давлат ва нодавлат ташкилотларидаги яхши-яхши иш ўринларини эгаллаган.

Турк ўқитувчилари қўлида таълим олган бу йигитлар ҳақиқатда ҳам “нурчилар”га эргашганларми, деган саволимизга Даврон Эргашев “йўқ”, деб жавоб берди.

- Бу оқимлар билан фундаментал қизиқиб¸ ақидапараст дейди¸ мен шахсан шунақа нарсани ҳеч сезмаганман. Бу янгилик бу. Буларга шундай айблаш қўйиш мумкин деб¸ мен ҳеч ўйламаган эдим. Мен бундай нарсани ҳеч ҳам сезганим йўқ. Мен буни асоссиз деб ўйлайман¸ дейди Даврон Йўлдошев.

Бундай ёшлардан бир гуруҳини яқиндан таниган ўзбекистонлик тадбиркор аёл ҳам бу саволга “менимча, йўқ”, деб жавоб берди.

- Исломий¸ намозхон йигитлар эди. Уларни кўриб одамларнинг ўзи ибратланар эди. Лекин улар асосан дунëвий илмларни жуда яхши тарғиб қиларди. Репетиторлик қилишарди. Бу Ўзбекистон тизимига зидмаску!Мен бўлаëтган тазйиқларни кўриб¸ ҳайрон қоламанда. Наҳотки давлатимиз ўзига душманлик қилаяпти¸ дейди бу тадбиркор аëл.

Навбатдаги суҳбатдошимиз эса турк лицейи битирувчилари билан бир даврада юрган ўзбекистонлик талаба йигит. Унинг ҳам бу ёшларга ихлоси баланд.

“Бу ёшларда Туркияга нисбатан меҳр борилиги сезилар эди, аммо Ўзбекистонга бўлган меҳр унданда кучлироқ эди назаримда”, дейди бу талаб йигит. Хусусан, у таниган йигитларнинг ҳаммасида хорижга чиқиш имкони бўлгани ҳолда, улар хорижга кетмай Ўзбекистонда қолган.

- Мен умримда биринчи марта одамнинг ўз миллати ривожига ҳисса қўшишни холисона¸ ҳеч қандай мол-дунëсиз амалга оширишини шуларда кўрганман. Уларга шунақа ном беришаëтган бўлса¸ мен нурчи деган одам ëмон одам эмас экан¸ жамият учун хавфли одам эмас экан¸ деган хулосага келаман энди¸ дейди бу суҳбатдошимиз.

Хўш, унда бу ёшлар нима учун Ўзбекистон ҳукумати нишонига тушди, дея яна савол бердик бу суҳбатдошларимизга.

Ўзбекистонлик тадбиркор аёл буни ҳукуматнинг тинимсиз ишлаб турган репрессиясини давом эттириш учун ўйлаб топилган навбатдаги нишон, деб изоҳлади.

- Ҳукуматимизга ҳеч нарсани тушунмайдиган¸ кўзи кўр¸ қулоғи кар¸ оми одамлар керак. Бу йигитлар бўлса¸ икки дунë илмини эгаллаган. Ҳамма нарсага тушунади¸ ақлли. Оми халқнинг кўзини очиб қўймасин деб қўрқаëтгандирда¸ дейди тадбиркор аëл.

Ўзбекистонлик журналистлардан бири эса дунёда қулоч ёйган “нурчилик” ҳаракатининг Ўзбекистонга ҳам кириб келганини таъкидлар экан, балки турк лицейини битирганлар орасида уларга эргашганлар бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

- Нурчилар ҳаракатини мутлақо йўқ¸ нурчилик ҳаракати билан қамалган болаларнинг ҳеч қандай айби йўқ деб мутлақо кескин баҳо бериш бу адолатсизлик бўлади. Қолаверса¸ мен буларга яқин кишилардан эшитганманки¸ улар нурчилар ҳаракатига аъзо эканлигини яширишмаган. Шундай экан бунинг хавфлилик даражаси бор. Фирқа ҳосил қилдими¸ демак у ерда фитна бўлади. Бу нарсанинг вақтида илдизи қирқилгани яхши.

Мен ҳукуматнинг позициясини қўллаб-қувватлаëтган одам сифатида эмас¸ Оллоҳнинг дини учун бемалол айта оламан: тўғри қилинаяпти¸ буларнинг олдини олиш керак¸ дейди ўзбекистонлик журналистлардан бири.

Лекин, бу ҳам аслида мамлакатдаги сиёсатнинг маҳсули, деб сўзларини давом эттиради бу журналист.

Унинг фикрича, Ўзбекистон мактабларида ҳануз диндан тегишли сабоқ берилаётгани йўқ. Аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган Ўзбекистон ёшлари онгида диний билимга бўлган эҳтиёж ўрни ҳануз бўш.

- Диний дарслар ўрта мактабларга изчил равишда қўйилмас экан¸ одамлар соф исломий ақида билан тўйинтирилмас экан¸ бундай фирқаларга қўшилиб кетиш ҳоллари келажакда ҳам жуда кўп учрайди. Мана сенга дин¸ деб кўрсатадиган диннинг душманлари¸ албатта¸ бу ишни қилади¸ дейди ўзбекистонлик журналистлардан бири.