Қайрилманнинг ташвиши кўп

Ўзбекистондан Қирғизистонга кўчиб келган қирғизларнинг кўпчилигига ҳукумат ваъда қилинган ер улушларини бергани йўқ. Шу сабабли ҳам қайрилманлар ижарага ер олиб тирикчилик ўтказишга мажбур бўлмоқдалар.

Расмийларга кўра, 2006 йилдан буён Ўзбекистондан Қирғизистонга икки мингга яқин этник қирғиз оиласи кўчиб келган.
Бироқ уларнинг фақат 300 нафаригагина Қирғизистон фуқаролиги берилган.

Гулбайра Эшкуяева бундан тўрт йил аввал Ўзбекистоннинг Наманган вилояти Учқўрғон туманидан Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Учқўрғон туманига кўчиб келган:

- Бошқа юртда бек бўлгунча ўз юртингда қул бўл, дейишади. Биз ҳам болаларимиз ўзимизнинг юртимизда яшаб, Қирғизистон мактабларида ўқиб улғайсин, деган умидлар билан кўчиб келиб яшаябмиз, -деди Гулбайра Эшкуяева.

2006 йилда Қирғизистон ҳукумати бошқа давлатларда истиқомат қилувчи этник қирғизларни ўз тарихий ватанларига қайтариш мақсадида “Қайрилман” дастурини қабул қилган эди.

Мана шу дастур асосида Намангандан Жалолободга 186 оила кўчиб келган. Уларнинг кўпчилиги шу кунгача Қирғизистон фуқаролигини ололмаган. Бу эса уларга кўплаб муаммоларни туғдирмоқда. Масалан, улар фуқаролиги йўқлиги боис, улар ишга жойлаша олмайдилар ва бир амаллаб сотиб олган уйларини ўз номига расмийлаштириш хуқуқига ҳам эга эмаслар.

Қирғиз парламенти Қирғизистонга кўчиб келган этник қирғизларга фуқаролик олишни енгилатиш тўғрисида бир қанча қонунлар қабул қилган бўлсада, уларнинг ижроси қоғозда қолиб кетмоқда.

Ўтган йили Учқўрғон туманида истиқомат қилаётган этник қирғизларнинг 132 нафари паспорт олишга ҳужжат топширган бўлса, уларнинг 54 нафаригина аранг паспорт олганлар.

- 2008 йилда бизга 122 нафар одам паспорт олиш учун ҳужжат топширди, кейин яна 9 одамнинг ҳужжатларини олдик. Жами бизга топширилган 132 ҳужжатдан 54 нафар одамга фуқаролик берилди.

Топширилган ҳужжатларнинг аксарияти эски, яъни Ўзбекистон паспортларининг нусхалари тўла берилмагани боис ортга қайтарилди, -деди Учқўрғон туман паспорт бўлими ходими Бузахра Жапарова.

Айтиб ўтиш жоизки, 2006 йилда қабул қилинган “Қайрилман” дастурига мувофиқ, Қирғизистонга кўчиб келган этник қирғизларга уй - жой, фуқаролик ва яна бир қанча кўмаклар кўрсатилиши керак.

Бироқ Гулбайра Эшкуяева кўчиб келганига 4 йил бўлса ҳам қирғиз ҳукуматидан ҳеч қандай ёрдам кўрмаганини айтади.

- Биз ҳар йили ижарага ер оламиз. Кейин топган тутганимизни ерга сарфлаб, шу ер орқали ўз тирикчилигимизни ўтказиб келяпмиз. Бизга ҳукумат тарафидан хеч қандай ёрдам кўрсатилмайди, қийинчилик билан бир амаллаб кун кечиряпмиз,- деди Гулбайра Эшкуяева.

Учқўрон қишлоқ ҳукумати ижтимоий таъминот бўлими мудири Жилдиз Абдилдаева эса туманга Ўзбекистондан кўчиб келган этник қирғизларнинг айримларига ҳукумат ваъда қилган ёрдамларнинг кўрсатилмаётганига бир қатор сабаблар борлигини айтади:

- Кўчиб келган этник қирғизлар Ўзбекистон фуқароси эканига қарамай, уларга ҳамма билан бир ҳил ёрдам кўрсатилади. Бироқ улар бизда рўйхатдан ўтишлари керак. Аммо этник қирғизларнинг кўпчилиги Қирғизистонга кўчиб ўтаётганларида Ўзбекистонда яшаган жойларидаги рўйхатдан чиқмаганлар, кўпларининг ҳужжатлари ҳам жойида эмас. Мана шу туфайли уларга фуқаролик бериш ва ёрдамлар кўрсатиш масаласида қийинчиликлар бўлаяпти - деди Жилдиз Абдилдаева.

Қирғизистонда этник қирғизларга кўплаб имкониятлар яратилган. Ўш олийгоҳларида уларга яратилган шароитлар борасида Ўшдаги ўзбек гуманитар педагогика институти раҳбари Равшанбек Турсунов мана буларни айтади:

- Қирғизистондаги олий ўқув юртларида Ўзбекистонда яшаётган қирғизларнинг жуда кўп қисми таҳсил олади. Бошқа давлатлардан келиб ўқиётган этник қирғизлар давлат ҳисобидан таълим олади. Уларнинг ўқиш ҳаражатлари ва шартнома пуллари давлат бюжетидан тўланади,- деди Равшанбек Турсунов.

Мутахасисларга кўра, мамлакатда Ўзбекистондан кўчиб келган 2000 оила бор. Бироқ уларнинг 300га яқинигина Қирғизистон фуқаролигини олган.

Расмийларга кўра, Ўзбекистондан кўчиб келаётган этник қирғизларнинг ҳужжатларида камчиликлар мавжуд бўлгани учун уларга фуқаролик бериш жуда қийин кечаётир.