Ўшда телеоператор калтакланди

"ЎшТВ" бош оператори Баҳодир Кенжабоев шу кунда Ўш шаҳар касалхонасида даволанмоқда.

Ўш марказий кўчаларидан бирида “ЎшТВ” телеканали бош тасвирчиси Баҳодир Кенжабоевнинг номаълум шахслар томонидан калтаклангани кўплар учун Алишер Соиповнинг ўлдирилишини ëдга солди.
Маълум бўлишича, маҳаллий вақт билан соат 20.30 ларда нотаниш кимса унинг олдига келиб мобил телефонини бериб туришни сўраган. Телефонни олгач, у қочиб кетмоқчи бўлган.

Баҳодир Кенжабоев унинг ортидан қувиб етганидан сўнг улар муштлашиб кетганлар. Шу пайт Баҳодир Кенжабоевнинг ортидан кимдир келиб, уни қаттиқ жисм билан урган.

- Баҳодир Кенжабоев шифохонамизга олиб келинганида юзининг чап тарафида калтак излари бор эди. У жуда оғир аҳволда келган эди. Бироқ мия суяги жароҳатланмаган, деди Ўш шаҳар касалхонаси шифокори Азиз Жунусов.

ЎшТВ телеканали раҳбари Ҳалилжон Худойбердиев телеканал бош операторининг калтакланишини унинг касбий фаолияти билан боғлиқ, деган фикрда:

- Биз Кенжабоевнинг калтакланишини унинг иши билан боғлиқ деб ўйлаймиз, негаки воқеадан 3-4 кун аввал шаҳар ҳокимияти ва милицияси “Тунги капалаклар” рейдини ўтказган эди.

Телеканалимиздан рейдни тасвирга туширишда Баҳодир Кенжабоев иштирок этган. Унинг калтакланишига ушбу рейд сабаб бўлган, деб ҳисоблаймиз, деди Ўш ТВ телеканали раҳбари Ҳалилжон Худойбердиев.

Айни пайтда Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси Баҳодир Кенжабоевнинг калтакланиши унинг хизмат фаолияти билан боғлиқ, деган тахминни рад этади:

- Баҳодирнинг касбий фаолиятига бу воқеанинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Унинг калтакланишини касбига боғлашнинг ҳам кераги йўқ.

Ҳозирда мазкур жиноят юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси асосида жиноий иш қўзғатилган, тезкор-тергов гуруҳи тузилган, деди Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов.

Унинг қайд этишича, Баҳодир Кенжабоев билан боғлиқ нохуш ҳодисани текшириш Ўшнинг энг тажрибали терговчиларига топширилган ҳамда уни шахсан ички ишлар вазири ва маҳаллий расмийлар назорат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 2007 йилдан буён бир неча журналист номаълум шахслар тарафидан калтакланган. 2007 йил октябрида эса ўшлик таниқли журналист Алишер Соипов номаълум шахслар тарафидан ўлдириб кетилган.

2008 йилда “Кабар” ахборот агентлигининг журналисти Алтин Жолдошев номаълум кишилар томонидан калтакланганди. Шу йилнинг 3 март куни эса “Репортёр-Бишкек” газетасининг мухбири Сирғақ Абдилбаев пичоқлаб кетилган.

Қирғизистонлик айрим журналистларга кўра, юқоридаги ҳолатлар мамлакатда сўз эркинлигига нисбатан босим кучаяётганининг белгисидир. Бироқ маҳаллий журналистларнинг баъзилари Алишер Соиповнинг ўлдирилишидан ташқари барча ҳолатларда журналистлар бор-йўғи безорилик қурбони бўлган, деб ҳисоблайдилар.

- Баҳодир Кенжабоев ва Алтин Жўлдўшев шунчаки безорилик қурбони бўлганлар. Бизнинг журналистлар эса бу воқеаларни кўпиртириб, Қирғизистонда сўз эркинлигига босим бўлмоқда, деб турли гап-сўз тарқатмоқда.

Бу йигитларнинг касбий фаолиятига назар солинса, улар ҳеч қачон ҳукуматга қарши чиқмаганлар, доимо нейтрал тарзда иш олиб боргани маълум бўлади, дейди исми ошкор қилинишини истамаган қирғиз журналистларидан бири.

Ўшлик яна бир журналист - Жилдиз Бекбоева фикрича эса сўнгги йилларда журналистларни калтаклаб кетиш ҳоллари кўпайгани қирғиз жамиятида ёмон тенденция пайдо бўлаётганидан дарак беради.

- Постсовет мамлакатларидан Россия, Грузия, Қозоғистон ва Қирғизистонда журналистлар жуда хавфли вазиятларда ишламоқда. Журналистлар калтакланмоқда, ўлдириб кетилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари журналистлар хавфсизлигига кафолат бера олмаганидан кўплаб журналистлар чет давлатларга кетишга мажбур бўлганлар. Бу воқеалар сўз эркинлигига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди, дейди Жилдиз Бекбоева.