"Ҳизбчилар сафи сийраклашмоқда"

Кузатувчиларнинг айтишларича, диний-экстремистик оқимга мансуб, деб топилган айбланувчиларнинг узоқ муддатларга ҳукм қилина бошлагани ҳам Ҳизбут-Таҳрир сафлари камайишига сабаб бўлган.

Расмийларнинг айтишларича, Қирғизистон жанубида олиб борилган тушунтириш ишлари туфайли Ҳизбут-Таҳрир партиясининг ўнлаб фаоли бу ҳаракат таркибидан чиққанларини эълон қилганлар.
"Қирғизистон жанубида Ҳизбут -Таҳрир аъзолари сони озаймоқда", дея баëнот берган Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати, буни ҳуқуқ - тартибот ходимларининг аҳоли орасида олиб бораётган тушунтириш ишлари самараси дея баҳолади.

Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига кўра, тушунтириш ишлари натижасида ўнлаб фуқаро Ҳизбут -Таҳрир сафидан расман чиққанини эълон қилган.

2009 йилнинг март ойида Жалолобод вилоятида Ҳизбут -Таҳрир 50 аъзосининг партия сафидан расман чиққани маълум қилинган эди.

Яқинда Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати вилоятнинг Қорасув туманида 15 одамнинг расман Ҳизбут - Таҳрир сафидан чиққанини билдирди.

- Бу одамларнинг Ҳизбут -Таҳрир сафидан чиқишига Новқат воқеаларидан сўнг аҳоли орасида тушунтириш ишлари кўп олиб борилгани сабаб бўлмоқда.

Кўпчилик диний - экстремистик оқимларга тасодифан қўшилиб қолганини айтмоқда.

Улар “Ҳизбут-Таҳрир оқимида ҳеч қандай фойдали нарса йўқлигини англадик, шу сабабли расман унинг сафидан чиқдиқ”, деб очиқ айтдилар, деди Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбоев.

Ҳасан исмли йигит ҳуқуқ-тартибот тизимлари олиб борган тушунтириш ишлари натижасида Ҳизбут - Таҳрир сафидан чиққанлигини эълон қилганлардан бири.

- Биринчи навбатда¸ менинг ҳизбчилигимга уйимдагилар қарши бўлди. Сўнг ўзим ҳам Ҳизбут -Таҳрир ғояларини ўқигим келмай қолди. Орган ходимлари, милиционерлар тушунтиришди, шундан кейин Ҳизбут -Таҳрир сафидан чиқдим, дейди Ҳасан исмли йигит.

Бироқ Ҳизбут -Таҳрир партияси фаоли Аюбхон сўнгги пайтларда ҳеч ким бу партия сафидан расман чиқмаганини айтади:

- Ҳизбут -Таҳрир сафидан расман чиқдик, деган йигитларнинг баъзиларини Ҳизбут -Таҳрир ўзи сафидан чиқариб ташлаган. Ҳаттоки, уларнинг ота- оналари: “Боламни тарбиялаб беринглар”, деб олиб келганида, Ҳизбут –Таҳрир: “Бу йигитлар наша чеккан ва бошқа ҳаром амалларни қилгани боис тарбияланмайди”, деб уларни қайтариб юборган.

Сўнгги пайтларда Қирғизистонда ҳизбга қарши бўлган ҳаракатлар натижасида биронта ҳизбчи расман партия сафидан чиққанини эълон қилмади, дейди Ҳизбут -Таҳрир фаоли Аюбхон.

Бироқ кузатувчилар, ҳақиқатан ҳам айрим ҳизбчиларнинг партия сафидан чиққан бўлишини эҳтимолдан соқит қилмайдилар.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров ҳизбчиларнинг партия сафидан чиқишига уларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётганини, тазийқлар бўлаётганини сабаб қилиб кўрсатади.

- Кечагина одамлар бир варақа билан қўлга олинса, камида 3 йилгача озодликдан маҳрум қилинар эди. Бугун худди шундай бир варақа билан қўлга тушганлар камида 10 йилга қамалмоқда, дейди Равшан Гапиров.

Бироқ Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбаев “қўлга олинган Ҳизбут-Таҳрир аъзоларига нисбатан қийноқлар қўлланилмоқда”, деган сўзларга қўшилмайди.

- Махсус хизмат ходимларининг жой -жойларда олиб борган тушунтириш ишларини ҳуқуқ ҳимоячилари босим сифатида баҳолаб¸ хато қилмоқдалар. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишлари олиб бориш махсус хизмат ходимлари вазифасига киради, дейди Жениш Аширбаев.

Расмий маълумотларда айтилишича, 2008 йил якуни бўйича Қирғизистонда таъқиқланган Ҳизбут -Таҳрир партиясининг 1833 фаоли рўйхатга олинган. Улардан 126 нафари ҳибс қилинган ва 39 тасига қарши жиной иш қўзғатилган, 5000 дан ортиқ таъқиқланган адабиёт, шунингдек, ўқ- дори ва қуроллар мусодара қилинган.

Ҳизбут -Таҳрирнинг 49 нафар аъзоси суд ҳукми билан турли муддатларга қамалган.

2009 йилнинг уч ойида эса ҳуқуқ- тартибот ходимлари Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда гумон қилинган бир неча одамлар уйида тинтув ўтказган.

Ўтказилган махсус амалиётлар натижасида Ҳизбут -Таҳрирнинг бир неча етакчиси қўлга олинган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан тергов ишлари давом этаётир.