Деҳқонга ҳосил¸ ҳукуматга режа қайғу

Тинимсиз ëққан ëмғир оқибатида чигитнинг чириб кетиши бугун аксар фермерларни пахта далаларига қайта мола солишга мажбур қилмоқда.

Ўзбекистоннинг баъзи вилоятларида пахта далаларининг асосий қисми бузилиб, чигит қайта экилмоқда. Серёғин об-ҳаво боис¸ шу кунга қадар экилган чигитлар чириб кетган¸ буғдой ҳам касалланган.
Бу йил серёғин келган баҳор ўзбекистонлик деҳқонлар ташвишини оширди.

Кунора ёққан ёмғир ернинг етилишига имкон бермаяпти. Оқибатда, экилган чигитлар чириб кетди. Ҳали чигит экилмаган майдонлардан эса ортиқча нам кўтарилмаяпти.

Хусусан, Жиззах вилоятида шу кунга қадар чигит экилган майдонларнинг ҳаммасини бузиш ва чигитни қайта экишга кўрсатма берилди.

- Куни-кеча Мирзиëев билан селектор (йиғилиш) бўлди. Унда худди шу масалага бағишланган гап-сўз бўлди. 100 фоиз бузмаса бўлмайди¸ деган қарорга келинган, дейди жиззахлик фермер Абулқосим Мамарасулов.

У ҳам энди чигитни қайта экиши керак. Бошқа бир фермер Марвар Ортиқова эса ҳали чигитни экиб улгурмаган эди.

- Биз ҳали экканимиз йўқ. Кеча экамиз¸ деб трактор олиб борсак¸ ернинг ярми ҳўл¸ ярми қуруқ. Нима қилишни билмай турибмиз. Ҳозир деҳқонга қийин бўлдида.

Бу йил 15 гектарга пахта экмоқчи бўлаяпмиз. Шунга тракторга беришга¸ иш ҳақига беришга 1 миллионга яқин пул кетади¸ дейди Марвар Ортиқова.

Ноқулай об-ҳаво боис¸ Марвар Ортиқова каби ортиқча харажатга тушиб турган деҳқонлар энди маҳаллий ҳокимият органларидан ёрдам кутмоқда.

Ери бузилиб, чигит қайта экилиши тўғрисида қўлида ҳужжати бўлган жиззахлик фермерларга қўшимча чигит ва ёнилғи берилмоқда, дейди Абулқосим Мамарасулов.

- Бу йил энг катта муаммо чигит билан солярка эди. Масалан¸ техника бизнинг ўзимизда бор. Тракторимиз¸ сеялкамиз бор. Хуллас бизга керакли нарсани ташкиллаштирилган тарзда беришди¸ дейди Абулқосим Мамарасулов.

Бу ёрдам деҳқоннинг ўз ҳисобидан.

Лекин деҳқон-фермерлар ўз ҳамёнидан бўлса ҳам чигит ва одатан экин мавсумида анқонинг уруғига айланиб кетадиган ёнилғи ўз вақтида топиб берилаётганига хурсанд. Муҳими, ҳозир чигит ерга қадалиб қолса-ю, тезда униб чиқса бас.

“Аммо, шошиб қолган деҳқонни эртага муаммоларга олиб борадиган ҳужжатларга имзо чектиришмоқда”, дейди яна бир жиззахлик фермер.

- Ернинг шўрланишига¸ ташландиқ эканлигига қараб 16 центнер қўйиши керак. Бизда эса 22 центнер қўяяпти. Бу ҳозирги кунда жуда катта кўрсаткич. Булар эртага кузда ерни ҳеч бир асоссиз олишга замин тайëрлаяпти.

Пахта режасини бажармагандан кейин ерни олади. Пахта режасининг бажарилмаслигига сабаб буларнинг центнерни жуда ҳам юқори қўяëтганлигида¸ дейди бошқа бир жиззахлик фермер.

Айни пайтда, ёмғир кўп ёққани боис касалликка чалинган буғдойга ҳам тезлик билан ўғит солиш керак. Вилоятда деҳқонларга қўшимча ўғит ҳам бериладиган бўлди. Аммо, бу имкондан фойдаланиш учун яна битта ҳужжатга имзо чекиш керак, дейди бу деҳқон йигит.

- Ҳозир ғаллага касаллик тарқалган. Булар ҳозир касалга қарши 100 килодан дори бераяптику. Бунинг эвазига қўшимча икки центнердан қўшимча шартнома бўлаяпти, дейди жиззахлик деҳқонлардан бири.

Деҳқонлар зиммасига ортиқча мажбуриятни юклаётган Агро хизмат маркази (АХМ) раислари эса ҳозирча бу жараённи изоҳлаётгани йўқ.

Жиззахлик деҳқон Абулқосим Мамарасулов ҳокимият аслида бундай ортиқ чора кўришга қодир эмас, дейди.

- Вилоят ҳокими “Қўшимча селитра олиб келиб берамиз. Бу нормадан ташқари нарса” деб айтди. Бу селитра учун биз энди пул тўлашимиз керак. Банклар бизга берилиши керак бўлган пулларни бериб бўлган. Банкда пул йўқ. Шунинг учун¸ деди ҳоким¸ ë нақд пулга оласан ëки қўшимча шартномага имзо чекасан.

Агар гектарига 100 килодан селитра ташласа¸ қўшимча беш-олти центнер ҳосил бўлиши мумкин. Шунинг ҳисобини олиб айтаяптида у. Фермерларимиз ҳам ҳар хилда. Биров тушунади¸ биров тушунмайди.

Албатта¸ буни яхши деб бўлмайди¸ лекин иложсиз вазиятда қўлланиладиган чора бу, дейди жиззахлик деҳқон Мамарасулов.

Асл деҳқон бугунги кун билан ҳисоблашади. Тирикчилиги фақат шу ердан бўлгани боис¸ иложсиз деҳқон ҳокимият унинг олдига қўйган ихтиёрий-мажбурий ҳужжатларга имзо чекиб бўлса ҳам, ерга уруғни қадамоқчи.

Буни ягона чора, деб баҳолаган Мамарасулов бу масалада некбин бўлиш тарафдори.

- Нима бўлганда ҳам вақт кетдида. Биринчидан¸ экмаса бўлмайди.

Иккинчидан¸ ëмғир яна ëғади деган гап бўлаяпти. Ëмғир ëққан билан орада ер сал тобга келадиган шароит бўлса¸ энг асосийси бундан буëғи иссиқ бўлади. Энди чигит чиримайди. Энди тез экиш керак, дейди жиззахлик деҳқон Абулқосим Мамарасулов.