"Тутзоримни тортиб олишмоқчи"

Қашқадарёлик Мамади Абдураҳмонов 1994 йилдан буён пилла қурти боқиш орқали тирикчилик ўтказиб келаётганди.

Озодликка қўнғироқ қилган иккинчи гуруҳ ногирони Мамади Абдураҳмонов ягона даромад манбаидан маҳрум бўлиб қолишдан хавотир билдирди.
“Каримов ёмон, лекин унинг яхши томонларини унутманг!”

“Қурултой”нинг сўнгги сони “Томорқадаги Сталин” эшиттиришида сталинизм мавзусида баҳс борган эди.

Озодликка қўнғироқларнинг аксари айнан шу эшиттиришга ўз муносабатини билдирганлар томонидан бўлди.

Сурхондарёнинг Олтинсой туманидан бўлган, ҳозирда Россияда меҳнат қилаётган 19 ёшли Сиёвуш собиқ иттифоқ даврини ёмонлаш ниятида йўқлигини, бироқ мустақил Ўзбекистоннинг бугунги аҳволидан ҳам хурсанд эмаслигини айтади.

- Бу сурхондарëлик бобой СССР пайтини жуда яхшилади-да. Тўғри, СССР пайти энди 70 йил бўладиган бўлса, 70 йил ичида бизнинг халқимиз тўқ яшади. Нафақат бизнинг халқимиз, балки СССР давлати ичига олган барча давлатлар, 15 та республика яхши яшади. Лекин ўша 70 йил давомида бизнинг пахтамиз, ғалламиз, олтинларимиз Россия давлатига ташиб олиб кетилди-да. Собиқ иттифоқ даврини ëмонламоқчи эмасман, лекин ҳозирги мустақиллик даврини ҳам яхши демоқчимасман. Каримовнинг қилаëтган системасини айтмоқчиманки, Каримовнинг ëмон тарафлари кўп. Лекин бизнинг Ўзбекистон учун яхши томонлари ҳам бор. Биз Каримовнинг яхши томонларини ëмонга чиқармаслигимиз керак. Каримовнинг яхши томони биринчи қилаëтган иши халқ ҳозирча тинч. Мана, Тожикистонни олайлик. 1997 йилгача жанжал бўлиб келди. Қирғизистонни олайлик. Қирғизистон ҳозиргача жанжал билан. Мана шу жиҳатдан тинчликни сақлаб тургани биз учун катта нарса. Биз учун ëмон тарафларини айтмоқчи бўлсам, Тошкентни билмадиму, бизнинг қишлоқ шароитимизда Сурхондарë вилоятида болаларнинг коллеждаги, мактабдаги ва университетдаги болаларни пахтага юборади, тўғрими? СССР вақтида ҳам бор эди бу нарса. Агар пахтага юбориб, бирорта бола касал бўлиб қолгудай бўлса, давлат унга ҳеч нима бермаяпти. Бюджетдан ойлик олаëтган ходимларни издиватся қилиши. Масалан, оддий ўқитувчилар. Менинг онам ҳам ўқитувчи. Бир-икки кун аввал эшитдим. 50 метр жой берибди ариқ кавлашга, - дейди Сурхондарёнинг Олтинсой туманидан бўлган, ҳозирда Россияда меҳнат қилаётган 19 ёшли Сиёвуш.


“Сталинга тош отманг”

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яшовчи 70 ёшли отахон Набижон Жўрабоев Сталин даврини ва унинг сиёсатини қўллаши ҳақида гапирар экан, Сталиннинг урушдан сўнг собиқ иттифоқ давлатларининг қайта оёққа туришида ҳиссаси беқиёс бўлганини айтади.

- Сталиндай шахслар неча юз йилда бир марта келади. Мана, мисол учун, 1945 йили уруш тугаган бўлса, 1947 йили пул алмашди. Шу пул алмашгандан бошлаб ҳар йили апрел ойида нарх тушириларди. Худо раҳмат қилсин, менинг отам ўқитувчи эди. Апрел ойини кутиб яшарди. Шу урушдан кейин бутун ҳаммаëқда ҳам қурилиш кетди, ҳам тиклади, ҳам ҳар йили нарх туширилиб, арзончилик бўларди. 10 йилнинг ичида 1955 йилгача Американинг доллари бизнинг пулимизга 44 тийин эди. Америка долларининг белини синдирган СССРнинг пули эди. Сталин Худо назар солган одам. Ҳеч қанақа миллатчи бўлмаган бу одам. Миллатчи бўлганда ўзининг ўғлини урушга жўнатмаган бўларди. Дунë тан олди Сталиннинг кимлигини. Сталин шахси бизда қоралангани йўқ. Мана, кеча Қурултойда Москваларда Сталиннинг расми, ҳозир Тошкентда ҳам бундан 10 йил олдин бир оғайнимнинг уйида Сталиннинг кичкинагина ҳайкали турарди. Бюст эмас, ҳайкали турарди, - дейди ғаллаороллик Набижон ота Жўрабоев.


“Тутзоримни тортиб олса, қандай кун кўраман?”

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Мамади Абдураҳмонов 1994 йилдан буён уйи ёнидаги 1 гектардан зиёд тутзорни фермер хўжалиги сифатида олиб, пиллачилик билан шуғулланиб келаяпти.

Мамади Абдураҳмоновга кўра, расмий Тошкентнинг фермер хўжаликларини йириклаштириш сиёсати ортидан, унинг тутзорини тортиб олиш ҳаракатлари бошланди.

Мамади ака рўзғорини тебратиш учун ягона даромад манбаи бўлган тутзордан айрилса, рўзғорининг иқтисодий аҳволи мушкуллашишидан хавотир билдиради.

- Бир гектар пиллачиликка мўлжалланган ер эди-да. Шунга ўзим қарар эдим, ўзим сув қуяр эдим. Ҳозир ҳам пилла боқаяпман. 60 грамм пилла боқаяпман. Рўзғоримда мана шароитим оғир. Битта пенсия билан боқиш қийин. Ҳозир бир ўғил, бир қизим турибди уйда. Қизимни турмушга беришим керак, ўғлимни уйлантиришим керак. Ҳозир у ерни мендан тортиб олса, мол боқадиган жойимиз йўқ, ерларимиз йўқ. Мендан тортиб олса, ҳаëтим қийинлашади-да. Иккита молимни олиб бориб боғлайдиган жойим йўқ. Молни йўқотишим керак кейин. Битта пенсияга қараб қоламан. Кун кечириш қийин бўлади. Уйингизда бир коса қатиғингиз бўлмаса, бир коса сутингиз бўлмаса. Ҳозир бир кило ëғни 5500-6000 деб ўтирибди. Сигирдан олинадиган сутдан қаймоқ, сариëғ қилиб, болаларга овқат қилиб бериб кунимизни кечириб ëтибмиз-да. Шуни эшитадиган катта раҳбарлар бормикан, - дейди Шаҳрисабз туманида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Мамади Абдураҳмонов.


“Ўзингга ўт қўйдингми, аёл?”

Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам туманидан бўлган, Қайсар тахаллуси билан ижод қиладиган ҳаваскор шоир Озодлик орқали эфирга берилган Тўрткўл шаҳар ҳокимияти биноси олдида норозилик сифатида ўзига ўт қўйиб ўлган аёл ҳақидаги лавҳадан таъсирланиб, “Ўзингга ўт қўйдингми, аёл?” номли шеър битибди.

Орзуларинг бўлдими пайҳон,
Юракларни этганча вайрон,
Замонани қолдириб ҳайрон,
Ўзингга ўт қўйдингми, аëл,
Сен эдинг-ку муқаддас аëл.

Фиғонларинг етмай Худога,
Дош беролмай кўксинг нидога,
Нажот истаб жонинг фидога,
Ўзингга ўт қўйдингми, аëл,
Сен эдинг-ку муқаддас аëл.

Хўрлик учун тутдингми этак,
Фоҳишалик эдими истак,
Бахт дегани туюлиб эртак,
Ўзингга ўт қўйдингми, аëл,
Сен эдинг-ку муқаддас аëл.

Ўзбеклигинг бўлдими иллат,
Ҳурлик истаб кўрганинг миннат,
Бичилганинг эмасда туҳмат,
Ўзингга ўт қўйдингми, аëл,
Сен эдинг-ку муқаддас аëл.

Бир сония қолганинг гумроҳ,
Кимлар илди бўйнингга гуноҳ,
Этагингга ўт тушиб, э воҳ,
Ўзингга ўт қўйдингми, аëл,
Сен эдинг-ку муқаддас аëл.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!