Ўзбекистон Андижонни эслайдими?

Воқеа гувоҳларидан бири¸ 13 май куни Бобур майдонига танкларда бостириб кирган ўзбек ҳарбийларининг "Каримов учун ўт оч!" деб бақиргани ҳамон қулоғи остида янграëтганини айтади.

Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларининг жамоатчилик шууридан ўчиши¸ ўчмаган тақдирда¸ бу воқеаларнинг ўта қора рангларда қолиши учун давлат пропагандаси кучидан тўлиқ фойдаланиб келмоқда. Бу ташвиқот маҳсули қандай?
2005 йилнинг 13 май куни Андижон шаҳридаги Бобур майдонига йиғилган оломон ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилган эди.

Мана тўрт йилдирки, бу қирғинга оид аниқ тафсилотлар, жумладан, қурбонлар сони ва воқеанинг асл сабаблари ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати эса тўрт йилдирки, бу воқеалар юзасидан халқаро текшрувга рухсат бермай келмоқда.

Шу кунга қадар воқеанинг юзлаб жарбдийдалари – андижонлик қочқинлар, шунингдек, ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари¸ мухолифат ва демократик кучлар вакиллари, халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукуматидан мустақил текширувни ўтказишни талаб қилмоқда.

Содда айтганда, ҳамма томонлар ҳануз “Андижонда нима бўлган эди?” деган саволга жавоб изламоқда.

Ана шу, қолаверса "Андижонда тўрт йил олдин қон тўкилганини эслайсизми?" деган савол билан ўзбекистонликларга мурожаат қилдик.

Биринчи суҳбатдош:

- Бизнинг атрофимизда Андижон воқеалари бўйича етарли маълумот¸ гап-сўзлар йўқ. Менинг шахсий фикримча¸ ҳар қандай давлатнинг ўзининг қонун-қоидаси бор. Бунга ҳар бир фуқаро бўйсуниши керак.

Ҳокимиятга бостириб кириш¸ ҳарбий қисмлардан чиқиб кетиш бу қонубузарлик эмасми? Ҳокимиятга ҳужум қилмасдан¸ бўйсунган ҳолда¸ яхшиликча ëзма равишда юқори ташкилотга ëки ҳокимиятга мурожаат қилса¸ яхши бўларди.

Иккинчи суҳбатдош:

- Кўп жойларда бу воқеаларни эслашларини эшитмадим. Озодлик¸ Би-Би-Си каби радиоларни эшитиб юрган одамларнинг бир-бирига хабар етказаëтганини биламан. Лекин булар кўпчилик эмас.

Оддий кўчада юрган одамларнинг кўпчилиги ҳозир турмуш тирикчилиги билан банд бўлиб қолган. Биласиз¸ Андижон воқеалари Ўзбекистонда ëритилмаган¸ деса ҳам бўлади.

Аммо “ҳақиқат эгилади¸ букилади¸ аммо синмайди” дегани бу бор нарса. Чунки ҳамма Ўзбекистон ичида қон тўкилганини билади.

Учинчи суҳбатдош:

- Албатта¸ одамлар томонидан эсланади. Нима учун? Чунки у ерда кимнингдир ўғли бўлган¸ кимнингдир оила аъзоси бўлган¸ кимнингдир қариндоши бўлган. Бу биринчи сабаб.

Иккинчидан¸ ҳар қанақа ҳолатда шунга яқин мавзу бўлганда эҳтиëткорлик юзасидан “мана Андижон воқеалари нима бўлди” деган маънода эсланади.

Айтилаëтган гапда чўчиш бор. “Келинг¸ шу ҳақда гаплашамиз. Ундай эмас¸ бундай бўлди” десангиз¸ мен эҳтиëт бўламан. Чунки мен сизнинг асл мақсадингиз нималигини билмайманку.

Мен Андижондаги ишни икки жиҳат билан талқин қиламан.

Биринчи жиҳат¸ халқ яхши гапга ташна. Онаси сут бермаган болани бирортасига бериб эмизишадида.

Мен Андижон воқеаларига халқнинг ижтимоий¸ иқтисодий¸ маънавий аҳволи сабаб бўлганини ҳеч инкор этмайман. Лекин бундан унумли фойдаланиб қолабилган одамлар ҳам бўлди.

Чунки халқдаги айнан шу ҳолатни бошқа нарсага йўналтириб туриб¸ буни яхши йўлга ағдариш ҳам мумкин эди.

Тўртинчи суҳбатдош:

-13 май куни телевизорда Андижонда шунақа террористик воқеа бўлди деб берганини кўриб қолдим. Қанақа террористик воқеа бўлди экан¸ деб ҳайрон бўлиб кўрдик.

Кейин эшитсак¸ террорист ҳам¸ бошқа нарса ҳам эмас экан. Ўзбекистоннинг ўзининг одамлари экан. Бир ой ўтдими¸ икки ой ўтдими аниғи чиқиб қолди. Ҳатто бир ой ҳам ўтмасдан аниғи чиқиб қолди.

Андижонда сиëсат бўйича¸ халқнинг ночор яшаëтганлиги бўйича кўтарилиш бўлган экан. Билганларим шу. Орадан тўрт йил ўтиб¸ анча нарса эсимдан чиқиб қолган.

Бешинчи суҳбатдош:

- Мен бу воқеани жуда яхши эслайман. Бу 2005 йил 13 майда содир бўлган эди. Ислом Каримов ўз халқини ўзи оттирди. Лекин ўзи сувдан қуруқ чиқди ва буни Зокир Алматовнинг бўйнига юклади.

Андижонликлар менга ўша куни ëзиб олинган кассеталарни кўрсатишди. Шунақа ваҳшиëна отишган экан энди.

Ҳокимият биносига “мана шундай қилгани учун биз шундай қилдик” деган мақсадда ҳукуматнинг ўзининг одамлари ўт қўйган. Мен бу ишда 100 фоиз Ислом Каримовни айблайман.

Олтинчи суҳбатдош:

Ҳамма нарса эсимда туради менинг. Эсимда қолмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Мен шу воқеаларнинг ичида бўлганман ва зўрға чиқиб олганман.

Мен у ерга ўғлимни қидириб бориб ўртада қолиб кетганман. Аскарлар халқни қувлаганида¸ мен ҳам халқ билан бирга қочиб¸ трубанинг ичига бекиниб олганман.

Ўша одамлар Қорасувга ўтиб кетган пайтда¸ мен трубанинг ичида қолиб кетганман. Трубанинг ичида саккиз соат ўтирганман. Ҳатто кўприкнинг тепасида турганларнинг “За Каримов¸ огон” деганларини ҳам эшитган одам мен бўламан.

Жуда кўп нарса кўрдик биз. Нечта-нечта ўликларни кўрдик. Мен ҳалигача ўзимга кела олмайман. Қанча-қанча ëш болалар¸ қариялар ўлиб кетди. Қайси бирини айтай? Бу манзара менинг кўз олдимдан ўлгунимча кетмайди.

Еттинчи суҳбатдош:

- Бизларда на матбуотда¸ на радиода ҳеч қандай информация бўлмадику. Бизнинг ҳақиқатдан хабаримиз йўқ. Халқнинг ўзидан “Каримов халқни оттирипти” деган гапни эшитдик. Бошқа маълумот билмаймиз.