Ислом Каримов: "Топамиз¸ жазолаймиз”

Андижонда портлашлар рўй берган куни олис Бразилияга учиб кетган Ислом Каримов¸ океан ортидан қайта солиб¸ Андижонга борди.

31 май куни Андижонга келиб-кетган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 25-26 май кунлари вилоятда содир бўлган воқеаларга тўхтала туриб¸ уларнинг эгаси кўрсатилмаган айбдорлари жазоланишини таъкидлади.
25-26 май кунлари Андижон вилоятининг Андижон ва Хонобод шаҳарларида содир бўлган воқеалар юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси бир бор баёнот берган ва шу бўйи расмий Тошкент сукут сақлаётган эди.

Воқеа содир бўлган куни Бразилияга жўнаб кетган президент Каримов, афтидан, сафардан қайтибоқ, Андижонга борган. 31 май — якшанба куни у Андижондан туриб, 25-26 май кунлари бўлган воқеалар юзасидан илк бор баёнот берди.

Президент қисқагина нутқи чоғида айбдорлар топилиб, жазоланишига қатъий ишонч билдирди. Аммо, бу каби воқеалар, хусусан, 1999, 2004, 2005 йилги портлашлардан кейинги баёнотларидан фарқли равишда Каримов бу гал айбдорларнинг ким экани ҳақидаги қарашларини баён қилмади.

Яъни, ўз нутқи чоғида у “террорчилар”, “экстремист диндорлар” дея ҳамиша такрорлаб келадиган “давлат душманлари” номини тилга олмади.

31 май куни оқшом Ўзбекистон марказий телевидениеси “Ахборот” дастурида бу сафар ҳақида берилган қисқагина репортажни томоша қилган фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳодир Элбоев шуни алоҳида урғулади.

- “Бизни кўра олмаëтганлар бор. Андижон энди-энди ўзига келаëтган¸ ривожланаëтган пайтда¸ мана бунақа ҳолатлар бўлади. Кўриб турибсизлар¸ кўра олмаëтган одамлар чиқиб қолади” қабилида гапирди.

Конкрет бировни айблагани йўқ. “Биз суриштирамиз¸ аниқлаймиз¸ топамиз¸ жазолаймиз” деб гапирди холос¸ дейди Баҳодир Элбоев.

Нутқи давомида Каримов Ўзбекистон Бош прокуратурасининг ҳужумчилар Қирғизистон ҳудудидан келган, деган баёнотини, гўёки, тасдиқлагандай бўлган, аммо, бу ҳақда ҳам аниқ гап айтмаган.

- Тўғри¸ Каримов шунақа деди. Чегарадан шунақа нарса бўлди¸ деди. Қирғизистон фуқароси ëки Қирғизистон вакили деган гапни эшитмадим. Фақат чоллар билан суҳбатлашиб¸ хайр-маъзур қилишди, дейди фарғоналик Баҳодир Элбоев.

Аммо, “BBC Monitoring” гуруҳининг хабар қилишича, Каримов ўз нутқи чоғида Хонободдаги милиция блокпостига ким ҳужум қилгани бўйича мавжуд ҳукуматнинг расмий версиясига бироз ойдинлик киритгандай бўлган.

Гуруҳ президент Каримов нутқидан келтирган иқтибос мазмунига кўра, президент “ҳали-ҳануз 2005 йилги Андижон воқеаларини унутмаган ва унинг такрорланишини истаётган одамлар борлигидан афсус” билдирган.

Шу боис, воқеа сабаби ҳамда уни уюштирганларни аниқлаш бўйича бораётган тергов, суриштирув натижасида айбдорлар топилишига қатъий ишонч билдирган.

Шунингдек, Каримов бу ҳужумни ҳам четдан туриб молиявий таъминлаган гуруҳлар борлигини айтган. Шу боис, чегара ҳимоясини янада мустаҳкамлаш¸ Ўзбекистон учун ўз-ўзини ҳимоя қилишнинг дастлабки муҳим чораси эканини таъкидлаган.

Ўзбекистон ҳукумати Хонободда содир бўлган воқеалар юзасидан сукут сақлаётганидан ташвиш билдириб, куни-кеча баёнот тарқатган “Ҳозиржавоб гуруҳ” вакили Суҳроб Исмоилов президент Каримовнинг бу баёноти мавжуд хавотирни қувватлаганини айтмоқда.

Унга кўра, бу баёнотнинг энг хавотирли нуқтаси 2005 йил Андижон воқеалари ва уларнинг ортида турганлар, дейилган қисмида.

- Мустақил текширув ўтказиш деган талабни қўяверайлик. Ҳатто Ўзбекистонда турли хил орган вакилларидан тузилган махсус комиссия ўзининг текширишларини якунламасдан туриб¸ қанчадан қанча одамлар судга тортилди.

Уларнинг судлари тугамасдан туриб телевизорда кўрсатувлар намойиш қилинди ва уларга террорчи тамғаси урилди.

Шунақа воқеаларни такрорламоқчи бўлганлар ҳақида хабардормиз¸ деган мазмунда берилган баëнот¸ албатта¸ бизда хавотир уйғотади. Бундан янги жараëнлар бошланишини кутишимиз мумкин¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Каримовнинг Хонобод ҳақида берган бу баёноти ортида яна минглаб андижонликлар бўйнига янги айбловлар юкланиши мумкин, деб ҳисоблаётган Суҳроб Исмоилов, президентнинг воқеа айбдорлари топилиб, жазога тортилиши хусусидаги ваъдасидан ҳам қаттиқ хавотирда.

- Андижон вилоятида шу воқеалар бўлиб ўтганидан бошлаб туман ва шаҳар ҳокимиятлари қошида турли хил давлат идоралари томонидан махсус комиссия тузилган. У ерда махсус хизматдан бор¸ милиция ходимлари бор¸ ҳокимият вакиллари бор¸ Адлия вазирлиги вакиллари¸ маҳалла қўмиталари вакиллари бор.

Уларга хонадонма- хонадон юриб ким ишсиз юрганини¸ ким масжидга қатнаëтганини¸ ким чет элга кетганини ва нима сабабдан кетганини аниқлаш вазифаси юклатилган¸ дейди Ўзбекистондаги “Ҳозиржавоб гуруҳ” раҳбари Суҳроб Исмоилов.

Бу хабарлардан кўринадики, бу галги портлаш айбдорларини ҳукумат диндорларга қўшиб, аҳолининг жуда кенг бўлган ишсизлар қатламидан ҳам қидирмоқда.

Бу эса, айниқса, ишсизлик жуда кучли бўлган Андижон шаҳридаги минглаб одамлар учун хавотирли огоҳлантирув, деб ҳисобламоқда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари.

Аммо Хонободда яна ўқ овози янграганидан буён кучли назорат ва қўрқув ичида қолган андижонликларнинг кўпчилиги президент Каримовнинг сўнгги баёнотларидан бехабар қолган кўринади.

Боиси, одатда, катта шовқин-сурон ва салкам бир ойлик тайёргарликдан сўнг амалга ошадиган президент ташрифи бу гал кутилмаганда амалга оширилди ва жуда қисқа бўлди.

Кечга бориб, Ўзбекистон марказий телевидениеси “Ахборот” дастури бу сафар ҳақида хабар берганидан сўнггина аксар андижонликлар давлат раҳбари яна тинчи бузилган Андижонга келиб кетганидан хабар топганини айтмоқда.

Афтидан, шу кунларда Ўзбекистон телевидениесининг расмий хабарларини томоша қиладиганнинг ўзи жуда оз қолган кўринади.

- Биз уни кўрмадик. Чет элга борганини кўрдик. Кеча шаҳарда маска кийган ҳарбийлар кўп бўлди.

Озодлик: Телевизорга чиқиб гапирибди. Эшитдингизми?

- Йўқ¸ мен телевизор кўрмайман.

“Келибди деяпти¸ лекин биз кўрмадик. Кеча чироқ бўлмаганлиги учун телевизор кўра олмадик”, деди Озодлик билан суҳбатда Андижон шаҳрида яшайдиган оддий аҳоли вакилларидан баъзилар.

Президент баëнотига жавоб

Демак, Ўзбекистон президентининг Андижонда айтганлари мазмунидан “26 май воқеалари ортида турганлар 13 май (2005 йил) воқеалари ортида турганлардир”, деган маъно сизиб чиқади.

13 май ортида эса, ҳукумат фикрича¸ акрамийлар турган эди. Улар судланди, кесилди.

26 май кунги ҳужумларни қамоқдагилар қилганига ишониш қийин. (Ундай десак, Акрам Йўлдошев қамоқдан туриб бошқарган, дейишганку?!)

Қамоқдагилар қилмаган бўлса, чет элга қочиб кетганлар қилгандир?

Жорий йил 13 майигача андижонлик қочқинлар тарқоқ эди ва уларнинг барчаси номидан биров гапира олмасди. Шу кунда гапира оладиган уюшма бор.

“Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти масъул вакили Жаҳонгир Усмонов президент Каримовнинг кечаги (31 май кунги – таҳр.) гапига муносабат билдирар экан, бундай деди.

- Биринчидан¸ биз аслида тинч халққа зиëн етказувчи ҳар қандай ҳаракатларни қоралаймиз. Иккинчидан¸ биз бу воқеада кимларни айблар экан деб кутсак¸ бу яна бизларга қайтиб келадиганга ўхшаяпти.

Бу ҳаракатнинг 2005 йил Андижон воқеаларида иштирок этганлар томонидан уюштирилган деб изоҳланиши бу мутлақо ҳақиқатга тўғри келадиган нарса эмас¸ дейди Жаҳонгир Усмонов.

Жаҳонгир Усмонов вакили бўлган “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти 13 май куни Германияда таъсис этилди ва у андижонлик қочқинлар номидан гапириш ваколатини ўз зиммасига олди.

- Биз “ғояга қарши ғоя” деб ўзи гапирган гаплар асосида қиламиз. Биз қуролли актлар уюштирмаймиз. Бизнинг ҳаракат бутун жамоатчиликнинг эътиборида бўладиган ҳаракатлардан. Яъни биз халқаро қонунлар доирасида курашамиз деганмиз. Шунинг учун биз ташкилотлашдик.

Бизнинг шаънимизга гапирилаëтган гапларнинг мутлақо асоссиз эканлигини биз ҳаракат давомида яна исботлаймиз. Биз бу тузумга қарши фақат қонун доирасида курашамиз¸ дейди “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти масъул вакили Жаҳонгир Усмонов.

Ташкилот сафлари кеча яна 13 кишига – биз, ивановолик ўзбеклар ҳисобига кенгайди, деб хабар қилди Озодликка Россиянинг Иваново шаҳрида истиқомат қилиб келаётган Илҳомжон деган йигит.

- Андижон воқеасига тегишли бўлган ва шу кунгача шундан жабр кўриб келадиган одамларнинг¸ бегуноҳ бўлган одамларнинг ўзининг асл ҳолатига келиши учун улар қилиб чиққан мурожаатни эшитдик¸ ўқидик.

Биз ўз вужудимизда сақланиб турган нарсага хос битта қадам ташланибди деб¸ биз ҳам шу ташкилот билан қўлдан келгунча бирга ҳаракат қилишни мақсад қилиб олдик. Биз учун биринчи навбатда адолат тикланиши керак¸ дейди ивановолик ўзбекларнинг вакили Илҳомжон.

Озодлик маълумоти:

Ивановолик ўзбеклар – ўзбекистонлик, асосан андижонлик 13 ўзбек йигити, аксарияти тадбиркорлар. Ўзларининг айтишича, “давлат тазйиғига учраб, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлишган”.

2005 йил январида Россиянинг Иваново шаҳрига бориб ўрнашиб қолган.

2005 йил 18 июнда Ўзбекистон талаби билан Андижон воқеаларига алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олинган ва 20 ой ҳибсда ушланган.

2006 йилнинг август ойида Росссия Бош прокуратураси тутқунларни Ўзбекистонга жўнатиш ҳақида қарор чиқарган эди.

Россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сўровига жавобан Инсон ҳуқуқлари Европа суди Россия прокуратурасининг “ивановолик ўзбеклар”ни Россиядан депортация ва экстрадиция қилишини тўхтатишга оид қарор қабул қилди.

Ўтган ойда Россия ҳукумати “ивановолик ўзбеклар”га қочқинлик мақомини берди.

“Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилотига аъзо бўлган “ивановолик ўзбеклар” вакили Илҳомжоннинг 26 май куни Хонобод ва Андижонда юз берган воқеалар ортидаги омиллар тўғрисидаги фикрлари президент Каримовникидан фарқланади.

- Ҳукуматнинг бошқарув сиëсати одамларнигн қалбига қўрқув солишга қурилган. Шу нарсани ҳосил қилиш учун навбатдаги қилинган иш бўлиши эҳтимоли йўқ эмас¸ дейди ивановолик ўзбеклар вакили Илҳомжон.