Бошпанасиз қолганлар қайга бош урсин?

Эркин ака¸ ҳозирча чайлада яшаб туриб¸ сойсувоқдан бошпана қуришга уринаëтганини айтади.

Самарқанднинг Қўшработидаги Ўртасой маҳалласини сел олганига бир ойдан кўпроқ вақт ўтди. Бир кечадан бор-йўғидан ажралган қишлоқликлар давлат ва ҳокимиятнинг ўз ҳолларига лоқайдлигидан хуноб бўлмоқдалар.
2009 йилнинг 8 май куни маҳаллани сел олган ва табиий офатдан 30 га яқин хонадон жабр чеккан экан.

“Сел менинг¸ яна битта ўртоғимнинг – хуллас тўрт-бешта хўжаликни мутлақо олиб кетди. Қолган 24 та хўжаликка зиëн етказган. Яшаш шароити йўқ¸ лекин шунга мажбурман. Шу ерда чайла ҳисобида яшаб турибман. Қиламиз¸ қиламиз¸ дейишади¸ лекин ҳеч қанақа ëрдам йўқ”.

Озодликка мурожаат қилган самарқандлик Эркин Холназаров бир ярим ой муқаддам уйини сел олгани, шундан буён унга ва у каби уйини сел олган ҳамқишлоқларига туман ҳамда вилоят мутасаддилари ёрдам бермаётганидан арз қилди.

Ҳозир у оиласи билан сел ювиб кетган уйининг устида тикланган чайлада яшамоқда. “Вақт югурик, ҳадемай қиш келиб қолади, кейин нима қиламиз?” деган хавотир билан ёрдам сўраб, бизга сим қоққан Эркин акадан тафсилотларни сўраб суҳбатга тортдик.

Эркин Холназаров: Мен Эркин Холназаров бўламан. Қўшработ тумани 7 ўрта мактабда ўқитувчилик қиламан. 8 майда бизларда сел бўлди.

Сел менинг¸ яна битта ўртоғимнинг – хуллас тўрт-бешта хўжаликни мутлақо олиб кетди. Қолган 24 та хўжаликка зиëн етказган. Тушунаяпсизми?

Озодлик: Уйини олиб кетган дегани¸ энди уй йўқ деганими?

Эркин Холназаров: Уйимиз йўқ.

Озодлик: Бирор бир нарса қолганми?

Эркин Холназаров: Нарсалар қолган¸ лекин уйимиз йўқ. Уйимиз қулаган. Расмлари бор. Молхоналаримиз йўқ¸ ҳожатхоналаримиз йўқ. Яшашга мутлақо шароит йўқ.

Бизларнинг вакиллар туман ҳокимлиги¸ вилоят ҳокимлиги¸ Фавқулодда вазиятлар вазирлигига (ФВВ) бориб учрашдилар. Лекин шу кунгача ҳеч қанақа амалий ëрдам йўқ.

Бизнинг халқимиз вилоят ҳокимиятига¸ туман ҳокимиятига бир неча маротаба мурожаат қилди. Мутлақо эътибор йўқ.

Охири халқарo инсoн ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Бундан қандай натижа чиқади¸ ўзи умуман натижа чиқадими ëки чиқмaйдими билмайман.

Озодлик: Қишлоқда қанча аҳоли яшайди?

Эркин Холназаров: 600 нафарга яқин одам яшайди. 100 га яқин хўжалик бор. Беш хўжаликни сув мутлақо ювиб кетган. Уйларига сув кириб¸ йиқитиб кетган. Лекин ҳеч қандай эътибор йўқ.

Озодлик: Қанақадир озгина бўлса ҳам моддий ëрдам беришдими?

Эркин Холназаров: Йўқ¸ ҳеч нарса бергани йўқ. Биринчи куни бир қопдан ун¸ уч-тўрт килодан оқ мой берди.

Озодлик: Сизнинг оилангизда нечта киши яшайди?

Эркин Холназаров: Биз ҳозир тўрт кишимиз. Бир ўғлим¸ бир қизим бор.

Озодлик: Шу кунларда қаерда яшаяпсизлар?

Эркин Холназаров: Мен бир ҳафта акамникида яшадим. Кейин шу ерда бир хонамизни шароит қилиб олишга мажбур бўлдим. Ўзи умуман яшаш шароити йўқ¸ лекин шунга мажбурман.

Қарз-ҳавола қилиб уй солаяпман. Ҳеч қанақа шароит бўлмаганлиги учун шу ерда яшаб турибман. Мол-пол кириб кетмасин¸ деган маънода шу ерда яшаб турибман.

Озодлик: Кимларга мурожаат қилганингизни исм-фамилияси билан айта оласизми?

- Туман ҳокими Остоновга¸ вилоят ҳокими Баҳромовга мурожаат қилганман. Хатларим туман ҳокимлигига жўнатилган¸ лекин ҳеч қандай жавоб¸ амалий ëрдам йўқ.

“Бўлди қиламиз¸ қиламиз” дейди¸ лекин ҳеч қанақа ëрдам йўқ. Мана икки ой бўлаяпти. Умуман чарчадим. Мана шароитимиз ҳам оғир. Қиш-қировли кунлар яқин. Ҳовли-жой қуриб олиш учун вақт керак.

Синглим¸ агар иложи бўлса¸ яқин кунларда тезлатиб ëрдам беришларингизни сўрайман¸ дейди Эркин Холназаров.

Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани, Урганжи фуқаролар йиғинига қарашли Ўртасой маҳалласидан Озодлик таҳририятига сим қоққан Эркин Холназаров билан суҳбатни эшитдингиз.

8 май куни оқшом келган сел боис беш оиланинг уйи мутлақо вайрон бўлган. Яна 24 оиланинг уйига эса зарар етган. Мана бир ярим ойдан ошдики, бу оилалардан бири маҳаллий раҳбарият томонидан ёрдам бўлмаётганидан арз қилмоқда.

Шу арз ортидан биз Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани ҳокимиятига мурожаат қилдик.

Ҳоким ўринбосари Шермат Қаҳҳоров барча саволларимизга жавоб берди.

Шермат Қаҳҳоров: Ëрдам бўлди. Ўша куни уларга озиқ-овқат ташкил қилиб бердик. Кўчиришларни ташкил қилдик.

Озодлик: Қаерга кўчирдингизлар?

Шермат Қаҳҳоров: Уч-тўртта оилани хавфсиз жойга¸ сел хавфи бўлмаган жойга кўчирдик. Суғурта компанияси улар ҳақида далолатнома қилиб кетган.

Бу Бош вазирга кетган. Ëрдам қиламиз¸ деб туришибди. Маҳалла жамғармаси ëрдам қилиш учун ҳозир ҳужжатларни тўплаяпти.

Озодлик: Сел 8 май куни бўлган экан. Мана бир ойдан ошиб қолибди. “Ҳозир эски уйимиз ўрнида тикланган чайлада яшаяпмиз. Аҳволимиз оғир. Шунча пайтдан бери бизга ëрдам берилмаганига¸ энди бўладими йўқми деб умидисизликка тушиб ўтирибмиз” дейишаяпти.

Шермат Қаҳҳоров: Умидсизликка тушмайди. Бизлар тушунтирганмиз уларга. У ерда ҳозир ишлар қилинаяпти.

Ғалла ўрими энди бошланди¸ тўғрироғи бошланмоқчи. Ҳокимият томонидан ëрдам қилиш режалаштирилган.

Вилоят ҳокимлигига чиқилган¸ вилоят ҳокимлиги Тошкентга чиққан. Ҳомийлар томонидан ун¸ совун¸ ëғ берилди¸ ëрдам қилинди.

Озодлик: Улар “Сел бўлган куни бир қопдан ун ва уч-тўрт килодан ëғ олдик. Бошқа моддий ëрдам бўлмади” дейишди.

Шермат Қаҳҳоров: Ҳозир “Маҳалла” жамғармаси томонидан уларнинг нимаси кўриб чиқилаяпти. Бизлар техникадан ëрдам қилдик. Асосий мана шунақа ëрдамлар қилдик.

Озодлик: Шермат ака¸ одатан сел бўлганда тезкор ëрдам берилади¸ тўғрими? Тартиб бўйича қанча муддат ичида ëрдам берилиши керак?

Шермат Қаҳҳоров: Биз ўша куннинг кечаси ëрдам қилганмиз.

Озодлик: Қандай ëрдам қилинган? Сел келаëтганда селнинг чеккасига олиб чиқиб қўйилганми¸ нима қилинган?

Шермат Қаҳҳоров: Улар техника ва одамлар ëрдамида хавфсиз жойларга кўчирилди.

Озодлик: Уларга ҳозир ëрдам берилса¸ қандай ëрдам берилади?

Шермат Қаҳҳоров: Биз ҳозир уларга қурилиш материаллари етказиб бериш бўйича ëрдам сўраб¸ вилоят ҳокимлигига хат билан чиққанмиз.

Озодлик: Тахминан қанча сумма ҳақида гап кетаëтгани аниқми?

Шермат Қаҳҳоров: Билмадим энди улар қандай ажратади. Биз 2000 дона ғишт¸ уч тоннадан цемент¸ 100 дона атрофида шифер режалаштирганмиз.

Озодлик: Етказилган моддий зарарни ким ҳисоб-китоб қилади?

Шермат Қаҳҳоров: Уни ўзлари ҳисоб-китоб қилади.

Озодлик: Уй эгаларининг ўзлари қиладими?

Шермат Қаҳҳоров: Ҳа. Биз уларга ëрдам қиламиз. Агар улар суғурта компаниясидан полис олган бўлса¸ суғурта компаниясидан ўтган бўлса¸ унда суғурта 100 фоиз ëрдам қилади.

Озодлик: Суғуртадан ўтмаган бўлсачи?

Шермат Қаҳҳоров: Ўтмаган бўлса¸ ҳокимият томонидан¸ бошқалардан ëрдам қилинаяпти.

Озодлик: Табиий офатларда одатан ҳокимият ëрдам берадида¸ тўғрими?

Шермат Қаҳҳоров: Ҳокимият нима ҳам қила оларди? Давлат томонидан берилса¸ ҳокимият шуни тақсимлаши мумкин. Дейлик¸ ғалла ўрилса¸ ғалла берилиши мумкин.

Озодлик: Демак¸ ички имкониятлардан келиб чиқиб ëрдам берилаяпти.

- Худди шундай. Ички имкониятлардан келиб чиқиб ëрдам берилиши мумкин¸ дейди Шермат Қаҳҳоров.

Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани ҳокими ўринбосари Шермат Қаҳҳоров билан суҳбатдан ойдинлашгани шу бўлдики, 8 май куни селдан жабр кўрган 5 оилага 2 минг донадан ғишт, 3 тоннадан цемент ва 100 тадан шифер берилар экан.

Ҳозирча, Қўшработ тумани ҳокимлиги жабр чеккан оилаларга шунча миқдорда ёрдам берилишини сўраб, Тошкентга хат йўллагани ва унинг жавобини кутаётганини айтмоқда.

Дарвоқе, буғдой ҳосили яхши бўлса, ички имкониятлардан келиб чиқиб, балки қанчадир миқдорда буғдой ҳам берилар. Аммо, бу ҳам ҳали аниқ эмас, афтидан.

Энг муҳими, туман ҳокимлиги расмийсининг гапларидан “уйини сел олган оилаларга тегишли ёрдам берилган”, деган таъкид англашилди. Шу гапга ва умуман, берилиши кўзланаётган ёрдамга розимисиз, деган савол билан яна Эркин Холназаровга боғланишга уриндик.

“Бироқ, Ўртасой маҳалласига қарашли Работ қишлоқчаси тоғлар орасида. Агар уларнинг ўзи биз билан алоқага чиқмаса, бизнинг боғланишимиз қийин”, деди биз билан суҳбатда жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Зиёдулла Раззоқов.

Зиёдулла Раззоқов унинг ташкилотига мурожаат қилиб, тақдим этган ҳужжатлар асосида бизга мана буларни қўшимча қилди.

Зиëдулла Раззоқов: Ҳақиқатан ҳам ўша фожеалар бўлган пайтда ФВВ томонидан далолатнома тузилган.

Ундан кейин улар туман ҳокимлигига¸ вилоят ҳокимлигига уй-жойларининг қурилиши тўғрисида мурожаат қилган.

Ҳокимият томонидан умуман эътибор берилмаган¸ ëрдам ҳам берилмаган. Ўша пайтда ФВВ томонидан олинган барча расмлар мажвуд. ФВВнинг ўзининг тузган хулосалари¸ баëнномалари ҳам мавжуд.

Тик турган уйлар теп-текис ҳолатда. Сел оқиб келаяпти ва уйнинг бир томонидан кириб нариги томонидан чиқиб¸ уйни теп-текис ҳолатга келтираяпти.

Тасвирда шундай кўринаяпти. Уй яшайдиган ҳолатда эмас. Ўша воқеадан кейин туман ҳокимлиги томонидан бир қопдан ун ва бир-икки килодан пахта ëғи берилган.

Озодлик: Маҳалла хайрия жамғармаси ëрдам берган¸ ҳомийлар ëрдам берган¸ дейишди.

Зиëдулла Раззоқов: Йўқ¸ йўқ¸ йўқ. Ҳеч қанақа ҳомий ташкилотлар ëрдам бермагандан кейин халқаро ташкилотлардан ëрдам сўрашга мажбур бўлишаяпти.

Ҳаттоки¸ вилоят ҳокимлигига мурожаат қилганда¸ вилоят ҳокимлиги уларнинг қабул қилинган аризасини туман ҳокимлигининг эътиборига юклатаяпти.

Лекин туман ҳокимлиги ҳам ҳеч қанақа ëрдам бермаяпти. Олти ойдан кейин ўйлаб кўраман¸ деб уларга ëрдам беришдан бош тортган.

Озодлик: Ким бош тортган?

Зиëдулла Раззоқов: Қўшработ тумани ҳокими. Олти ойдан кейин қиш келади. Қишда улар ҳеч нарса қила олмайди. Уй қура олмайди¸ бировнинг уйига сиғмайди. Ҳар бирининг уч-тўрттадан фарзандлари бор.

Озодлик: Ҳокимлик расмийси ëрдам бераяпмиз деб айтдику.

- Бизнинг раҳбариятлар шунақа. Қачонки бир нарсага ойдинлик киритиш учун улар билан боғланадиган бўлса¸ албатта “Биз қилаяпмиз” дейди. Қилмаяпмиз¸ деган гапни айтмайди.

Ëрдам бермоқчимиз¸ дейди ва шу билан ўзларини соқит қилади. Битта туманнинг ўзида қанча қўшимча манба бор.

Наҳотки табиий офатдан азият чекаëтган фуқароларга битта туман ҳокимлиги ëрдам бера олмаса? Бунақа ҳоким¸ бунақа раҳбар қайси фуқарога керак?

Ҳозир булар қарз қилиб бўлса ҳам битта уйчага эга бўлиб олай деяпти. Шунақа вазиятда раҳбарият қарамагандан кейин раҳбар халқ учун керак эмас деб ўйлайман¸ дейди Зиëдулла Раззоқов.

Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани, Урганжи фуқаролар йиғинига қарашли Ўртасой маҳалласидан Озодлик таҳририятига сим қоққан, уйини сел олган Эркин Холназаров мурожаати ортидан аниқлаганимиз тафсилотлар ҳозирча мана шулардан иборат.

Туман ҳокимлиги расмийлари селдан жбар кўрган оилаларга имкон қадар тезроқ ёрдам берилишини ваъда қилмоқда. Биз эса воқеалар ривожини кузатиб бориб, келгуси эшиттиришларимизда бу мавзуга яна қайтишга ҳаракат қиламиз.

***********************

Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ҳамда манзилимизни ёдингизга соламиз.

Бизнинг электрон манзил: uzbek@rferl.org¸ марҳамат, мактуб ëзинг.
Бизнинг интернет саҳифамиз: www.ozodlik.org, марҳамат, ташриф буюринг.
Бизнинг почта манзилимиз, эътибор қилинг у ўзгарган: Vinohradska 159-а, Praha 10, 100 00, Czech Republic.
Телефон рақамларимиз: (мамлакат чиқиш кодидан сўнг) 42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.