Алимент можароси кучайган

"Тингловчи минбари" рукнининг бу галги сонида гап кўпчиликни қизиқтирган алимент муаммоси ва Ўзбекистон бу борадаги қонунчиликнинг номукаммаллиги ҳақида боради.
Дастлабки суҳбатдошимиз Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидан сим қоқди ва ўз исми ошкор этилмаслигини сўради.

“Пулим бўлмаса, нимани тўлайман?”

У 15 йилдан буён битта фарзандига алимент тўлар экан. Аммо охирги уч йили қолганда алимент тўлашга унинг қурби етмай қолган. Собиқ рафиқаси эса бунга рози эмас, аксинча, алимент тўлови оширилишини талаб қилмоқда.

- 15 йилдан буëн энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида алимент тўлаб келаман. Кейин 33 фоиз қилишди ва уни ҳам тўладим. 2009 йил апрел ойидан бошлаб 54 минг нечадир ҳам сўм қилишипти. Олдинги каби энг кам иш ҳақидан белгиланмай¸ туманнинг энг катта ойлигидан ҳисоблаб олинаяпти¸ деган қонун чиқипти эмиш.

Озодлик: Энг катта ойликнинг 33 фоизими?

- Шунақа қилиб, ҳозир 58 минг бўпти. Августдан 50 минг қанча бўпти. Энди яна кўтарилар экан. Менинг уч йилим қолган. Энди топиб бера олмайман. Улар бўлса: “Топиб бермасангиз¸ қамайман” деяпти. Оилам турмушга чиқиб кетган¸ боқувчиси бор. Ўзи ўқитувчи. Яхши ойлик олади. Мен қари онам билан тураман. Иш йўқ, тўлай олмаяпман. Қаëққа бориб¸ мурожаат қилишни билмаяпман.

Озодлик: Ҳозир ишламаяпсиз-а?

- Ишлар эдик. Ҳозир бизда ҳамма завод ва фабрикалар йўқ. Ҳамма частний иш қилиб юради.

Озодлик: Аëлингиз нима деяпти? Тўлаб берсин¸ деб туриб олдими?

- Ўтган йил апрел ойидан бу йил апрел ойигача тўланган пулни кам¸ деб судга мурожаат қилган экан¸ суд: “устама фоиз тўлайсан”, деб турибди. Устама фоизни тўладим. Бундан ташқари, яна 160 минг тўладим. Ҳозир яна 300 неча минг турибди. Иш бўлмаса¸ пул бўлмаса¸ қаердан тўлайман уни? “Боламку¸ бераман¸ лекин иложим йўқ” десам¸ ҳеч тушунишни хоҳлашмайди-да. Кундан-кун янги ижрочи келади. Униси ундай¸ буниси бундай дейди¸ дея нолийди ўз исми ошкор этилмаслигини сўраган суҳбатдошимиз.

“Қариндошимизни алимент тўламагани учун қамаб қўйишди”

Яна бир суҳбатдошимиз эса Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидан. Унинг қариндоши ҳам битта фарзанд учун алимент тўлаши керак эди. Аммо, алиментни тўлиқ тўламаганликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Воқеани эшитинг.

- Мен Сурхондарë вилояти¸ Шўрчи туманиданман. Хўжаев Икром деган қариндошимизни алимент тўламаганликда айблаб¸ бир ҳафтадан бери қамаб ташлаган. 2007 йил декабрда битта болага 25 фоиз миқдорида туманлараро Денов фуқаролик судининг қарори чиққан.

Озодлик: Ойлик маошининг 25 фоизи миқдорида битта болага алимент тўлайди.

- Ойлик иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида суднинг қарори чиққан. Ўтган йил мардикор бозорда ишлаб¸ ўзининг ëнидан тўлаган.

Озодлик: Сиз “мардикорчилик қилди”¸ демоқчисизда-а?

- Ҳа.

Озодлик: У мардикорлик қилган бўлса¸ унинг расман ойлик маоши йўқ эдику-а?

- Ҳа¸ унда йўқ эди. Унда ëнидан тўлади.

Озодлик: Қандай қилиб тўлади? Қоғозсиз тўладими?

- Қоғози бор. Хотинининг “100 минг сўмни қабул қилиб олдим” деган тилхати бор.

Озодлик: 25 фоиз деган нарсани қандай қилиб чиқардингизлар унда?

- Энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида, деб ўзлари ҳисоблаб айтишган. Ўшани кейин тўлаган. 2009 йил январ ойидан бошлаб ҳозирги кунга қадар “Ҳаëт” фермер хўжалигида ишлаяпти. Фермер хўжалиги ҳар ойда 28 минг сўмдан пул ëзиб келаяпти.

Озодлик: Энди ўшанинг 25 фоиз миқдорида берадими?

- Ҳа¸ ўшанинг 25 фоизини бериши керак. Лекин булар “Ойига 57 минг сўмдан тўлайсан, тўламасанг¸ ўғлинг қамоқдан чиқмайди” деб бир ҳафтадан бери дом-дараксиз. Термизга олиб бориб, қамаб ташлаган. Уриб-уриб ëнидаги пулларини ҳам тортиб олишган.

Озодлик: Ҳозир 57 минг деган суммани қаердан чиқаришди?

- Шуни биз тушуна олмаяпмиз. Прокуратурага бордик¸ милицияхонага бордик¸ суд ижрочиларига бораяпмиз. “Нимага асосланиб 57 минг сўм деяпсизлар?” десак¸ “Ҳеч қандай асос йўқ. Биз сизларга ҳисоб бермаймиз. Қадамларинг етган жойгача боринглар. Қўлларингдан ҳеч нарса келмайди”¸ деб бизни ҳам сўкиб-сўкиб¸ қабул қилмай чиқариб юбораяпти. Илтимос¸ ëрдам беринглар. Суд департаментигами телефон қилиб¸ “Мана шунақа шикоят тушаяпти” десангизлар¸ бизга ëрдам бўладими деяпманда¸ дейди шўрчилик аëл.

Шўрчилик аёл алиментни тўлиқ тўламаганликда айланиб, ҳибсга олинган қариндоши ҳақини талаб қилиб, шу кунгача қилган мурожаатлари давомида алимент пули қандай қилиб 57 минг сўмга кўтарилганини ҳам аниқлай олмаган.

Алимент пули нима сабабдан кўтарилган, деган саволга қаҳрамонларимиз каби биз ҳам Шўрчи ва Шеробод тумани мутасаддиларидан жавоб ололмадик. Суд қарорларини ижро қилиш масалаларига масъул Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси ҳам саволларимизга жавоб бермади.

Шу тариқа бу тингловчиларнинг саволларига ҳозирча туман мутасаддиларининг жавобини ололмадик ва бунинг учун узр сўраймиз. Аммо айни масала билан шуғулланишда давом этамиз.

“Энг кам алимент миқдори 33 минг сўм бўлиши керак”

Аммо республикада мавжуд қонунчилик сурхондарёлик расмийлар ҳаракатларидан фарқли.

Ўзбекистонда алимент миқдори алимент тўлаш мажбуриятига эга томон умумий даромадининг бир бола учун 25 фоизи, 2 бола учун 30 фоизи ва ундан кўп сонли болалар учун 50 фоизига қадар, деб белгиланган.

Алимент фуқаролик ишлари бўйича туманларо судларнинг қарори билан белгиланади ва шу қарорга кўра ундирилади. Алимент суд қарори чиққан кундан бошлаб тўланиши шарт.

Аммо ўзбекистонлик адвокат Руҳиддин Комилов айнан алимент тўлови масаласида мамлакат қонунчилигида жуда жиддий мавҳум нуқталар борлигини айтади.

Биринчидан, ишсизлардан ундириладиган алимент миқдорини белгилашга оид ҳолатлар.

- Ишсизлик ëки бошқа ҳолатга Оила кодекси бирор тушунтириш берганини мен кўрмаганман. Белгиланган иш ҳақи деган тушунча борки¸ ўшанинг меъëри кўрсатилади. “Тўланадиган барча тўловлар шундан кам бўлиши керак эмас” дейилган. Пенсиями¸ бошқа тўловми - ижтимоий тўловлар шундан кам бўлмаслиги керак, деган гап айтиб ўтилади. Ҳозир шу 33 минг сўм. Агар шундан келиб чиқадиган бўлинса¸ истайдими ëки истамайдими - бундан қатъий назар энг кам алимент миқдори 33 минг сўм бўлиши керак¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Демак, иккинчи ҳолат алимент тўловчи умумий даромадининг 25 фоизи республикада белгиланган энг кам ижтимоий тўлов миқдоридан оз бўлишига оид ҳолатдир.

- Расмий иш ҳақи 50 минг сўм бўлиши мумкин. Бунинг тўртдан бири тўланади. Иш ҳақини олиб келгандан кейин иш ҳақидан келиб чиқиб шаклланади-да. Лекин энг кам иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловлар 33 минг сўмдан кам бўлмаслиги керак, деган тушунча ҳам бор-да. Тўртдан бирини тўлаш керак¸ мантиқсизлик энг кам иш ҳақи 33 минг миқдорида белгилаб қўйилганида. Ижтимоий табақа деган тушунча йўқ-да. Шундан келиб чиққан ҳолда, қонунда жуда чалкашликлар кўп. Шу нарса бизда ўрганилмаган. Мана бошқа давлатларда¸ Европада¸ Америкада ўрганилган. Шу нарса бизда йўқ-да¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Учинчи ҳолат алимент тўлаш мажбуриятига эга бўлган фуқаронинг умумий даромадини ҳисоблаш билан боғлиқ.

- Мисол учун, ўзининг иш жойидан бошқа жойдан даромад олса¸ солиқ инспекциясига декларация тақдим қилиши шарт. Ўша декларацияга асосан у даромадларидан албатта алимент тўлаши шарт. Бекитмаса албатта¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Яна бир муаммоли жиҳат эса — афтидан бу энг асосийси — алиментни ундириш масаласи.

- Алимент борасида можаро кўпайган. Иш ўринлари йўқотилаяпти. Йўқ одамларни тушунса бўлади¸ бор одамлар ҳам миллион-миллион даромади бўла туриб¸ тўлашни хоҳлашмаяпти. Солиқ инспекцияси орқали топиб¸ ундириб беришга тўғри келади. Уч-тўрт болали аëлларнинг эри Америкада ëки Европада юрипти. Отнинг калласидай даромад топаяпти¸ лекин алимент ундиришнинг иложи йўқ.

Биринчидан¸ даромад ҳақида маълумот олишнинг иложи йўқ. Бизнинг Америка билан ҳуқуқий ëрдам кўрсатиш тўғрисида шартномамиз йўқ. Масалан¸ алиментни қандай ундиришнинг ечими йўқ. Алимент ундириш тўғрисида суднинг қарори чиқиши мумкин¸ лекин уни Америкада ëки Европада ижро қилиш керак. Буни ким ижро қилади? Бу жуда жиддий муаммо. Ҳозир кўпчилик йигитларимиз ишлаймиз, деб чиқиб кетишган. Кўплари қайтадан турмуш қуришган. Оилани¸ масъулиятни унутишган¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Ўзбекистонлик адвокат Руҳиддин Комилов ўз иш тажрибасида алиментни тўлашга мажбур одамлар хориждан изланишига кўп бор дуч келган ва ўз ҳимояланувчиларининг даъволари қондирилмай қолганига кўп бор гувоҳ бўлган.

Айни пайтда миллионлаб ёш ўзбек йигитлари ва эркаклар хорижда. Кўпчилиги хориждан қайтиш ниятида ҳам эмас. Адвокат айтмоқчи, хорижда оила қилиб, қолиб кетаётганлар кўпчилик.

Уларнинг ортидан зор-қақшаб қолаётган болаларга ундириладиган алимент масаласида эса муаммолар талай.

Биз бу борадаги саволларимизга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Суд департаментига мурожаат қилдик. Суд қарорларини ижро этишга масъул бу департаментнинг ўзини таништирмаган расмийси саволларимизга қуйидагича жавоб берди:

- Суд қарорлари ҳар қандай ҳолатда ҳам бажарилади. Агар алимент тўлаши керак бўлган шахс хорижда бўлса, унинг манзили аниқ бўлса, унда суд қарори ўша давлатдаги манзилга юборилади. Агар манзили ноаниқ бўлса, у ҳолда бадал сўраётган томон унинг қидирувга берилишига рози бўлса, у шахс халқаро қидирувга берилади. Фақат бунда ундирувчи томон қидирув харажатлари учун талаб қилинадиган бўнак пулини тўлаши лозим, деди Адлия вазирлиги қошидаги Суд департаменти ходими.

Аммо “Қидирувга кетадиган пул қанча ва Шўрчи, Шеробод каби туманлардагидек, алимент тўловчига ноаниқ сабабларга кўра белгиланган алимент миқдори ҳам назорат қилинадими?” каби саволларимизга бу ходим жавоб бермади.

Бироқ, қидирув ҳаражатлари қанча бўлишидан қатъий назар, бу миқдор бир ойлик алимент пулидан оз эмасдир. Шу ўринда “Битта ёхуд иккита болани отасиз тарбия қилаётган шу озгина алиментга ҳам эҳтиёж сезган экан, собиқ эрнинг қидируви учун ҳаражат қилишга қодирмикин?” деган савол туғилади.

Айни пайтда ишини йўқотган, даромадсиз қолган собиқ эрларнинг ойига 33 мингдан ошироқ ёки 57-58 минг сўм пулни боласига тўлаб туришга қодирмикин?

Борингки, у киши ишли-маошли ҳам дейлик. Собиқ эрлар ўртача реал ойлик деб айтиладиган 60 – 100 минг сўмдан ошириб, боласига ойига алимент тўлашга ҳам қодирмикин?

Энг муҳими, бунча пулдан ошиб, сағир болага етиб келган 33 минг ёхуд 58 минг сўм пул унинг, жилла қурса, энг зарур харажатларига етармикин?

Бу эса ижтимоий ҳимоя масалалари билан боғлиқ Ўзбекистон ҳукумати жавобсиз қолдириб келаётган кўплаб саволлардан навбатдагиларидир. Биз эса, албатта, бу саволларга жавоб олишга уринишда яна давом этамиз.