Эркин микрофон - Хоразмни сатира қилманг!

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Пароканд Мирзонинг Озодлик сайтида чоп этилаëтган "Юртменбоши хотира дафтаридан" деб номланган сиëсий сатирасининг "Хоразм томонларда" деб номланган ҳикояси хоразмлик ўқувчида ана шундай эътироз уйғотди.
Одамга алам қилар экан....

“Эркин микрофон” эшиттиришига сим қоққан қашқадарëлик мухлисимиз Озодлик тўлқинларида тилга олинган ва интернет сайтимизда қизғин баҳс бўлган икки мавзу юзасидан муносабат билдиришни истади.

- Миллионлаб меҳнат мигранти четларда юрибди. Кейинги беш-олти йил ичида қишлоқларда газ¸ свет йўқлигига ҳеч ким ҳайрон ҳам қолмай қўйдида. Чунки Қашқадарë вилояти¸ Қамаши туманидаги ўнлаб қишлоқларга ҳалигача газ қувури ҳам тортилгани йўқ. Чироқку кеча чироқчилик ўртоғимиз айтгандай¸ беш-олти тилдан бери йўқ ҳисоби. Булар энди янгилик бўлмаса керак.

Футбол мураббийсига берилаëтган маблағни эшитиб жуда ҳайрон қолдимда. Дунë футбол аҳлини қойил қолдираман¸ уларга клубимизнинг молиявий бақувват эканлигим билан мақтанаман дегандай¸ калта ўйлайдида. Дунë футбол аҳли бу хабарни эшитиб¸ ҳеч ҳам қойил қолмайди менимча. Ойни этак билан ëпиб бўлмагандай¸ мураббийнинг "Бунëдкор"га келиб ҳеч нарсага эришмаганини ҳамма биладику. Битта қўштирноқ ичида кўрсатган каромати "Бунëдкор"нинг Осиë чемпионлар лигасидаги Тошкентда иккита тўп билан қозонилган ғалабанинг сафарда уч тўп фарқи билан йўққа чиқариб келганини айтмаса¸ ҳеч нарса кўрсатган эмас. Буни кўрган хорижлик мутахассислар “Пулингиз кўп экану¸ лекин тош-тарози¸ нарх-наво¸ ақл-идрок деган тушунчалардан узоқ экансизлар” деган фикрга бориб¸ киноя қилиб куладида. Ҳеч қандай қойил қолмайди. 25 миллион доллар деган маблағ ўзимизда шу кунда 50 миллиард сўмни ташкил қилар экан. Юртимизда боламни ўқитайин деб тўрт-олти йил давомида ўзи юпун кийинса ҳам¸ оч-наҳор яшаса ҳам андиша¸ уят билиб¸ жимгина сиртига чиқармай кун кўраëтган оилалар бор. 100 сўм пул ишласам ҳам рўзғоримизга ëрдам бўлади¸ деб эртадан кечгача пахта даласида мурғак ўғил-қизчаларимиз бор. Гапнинг очиғи¸ шуларнинг устидан кулишда энди бу. Ўзимизнинг мураббийларга шунинг 100 дан бирини берганда ҳам футболимиз бошқача бўлар эди¸ дейди бу суҳбатдош.

Бу суҳбатдошимизни куйинтирган иккинчи хабар эса Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида кесилган дарахтлардир.

- Тошкентдаги чинорларнинг кесилганини эшитиб¸ аввалги хабар устига қўшимча хабар бўлдида бу. Ғафур образи эсимга келадида. Мактабда ўқиганмиз “Бой ила хизматчи” драмасида. Бир гуруҳ амалдорларга “Гўрдан ҳам қора юрагингизни очиб қарасак¸ муҳаббатдан қилча топилмайдию¸ лекин яна лоф урасизлар¸ фатво ясайсизлар” дегандай¸ Амир Темур ҳайкалига пана бўлаяпти¸ сарой кўринмаяпти деган баҳонада кесган одамларда гўзаллик¸ табиат кўркамлиги деган тушунча йўқ¸ деб ўйлайманда. Бундай иморатларни бир-икки йил ичида қуриш мумкин. Маблағ бўлса¸ иш кучи топиладику. Лекин бундай осмонўпар дарахтларни бундай даражага етказиш учун умр етмайди. Шуниси одамга алам қиладида¸ дейди қашқадарëлик меҳнат муҳожири.


Тожикистонда йилдан-йилга яхши бўлиб кетаяпти

Озодликка Тожикистоннинг Хатлон вилоятидан сим қоққан Чори Пирматов эса президент Имомали Раҳмоннинг Роғун ГЭСини халқ пулига қуриш ташаббусини қўллаб-қувватлаши ва шу муносабат билан бизнинг радио тингловчиларига ҳам мурожаат қилиш истагини билдирди.

Чори Пирматов: Тожикистонда олиб борилаëтган сиëсат тўғрисида мамнуният билан айтмоқчи эдимда. Ноябр ойининг бошларида Ўзбекистон светни узиб ташлади. Ҳамсоя¸ тожик¸ ўзбек бир миллат. Тожикистонда ток проблема бўлиб турибди қиш вақтида. Мана президент томонидан Роғун ГЭСи қурилаяпти. Иншооллоҳ¸ Тожикистонда ҳам ток бўлиб қолади. Биз барибир ҳам ишонамиз президентга.

Озодлик: Мана сиз Роғун ҳақида гапираяпсиз. Роғунни халқнинг пулига қуришмоқчи экан. Эшитдингизми шуни?

Чори Пирматов: Энди бирлашган ўзади дейди. Халқ шу тарафда. Энергия мустақиллигига нафақат президент¸ халқ эришмоқчи.

Озодлик: Сиз ўзингиз Роғун ГЭСи қурилиши учун маблағ ажрата оласизми? Тайëрмисиз?

Чори Пирматов: Мен тайëрман.

Озодлик: Қанча ажрата оласиз?

Чори Пирматов: Қўлимдан келганича ажрата оламан. Қишлоқдошларимизни ҳам шунга чақираман. Ватанни севиш ҳар кимнинг юрагида бўлса¸ қўлидан келганча ҳар ким нимага қодир. Тожикистонда йилдан-йилга яхши бўлиб кетаяпти.

Озодлик: Ҳамма имкон қилганча йиғиб берса¸ Роғун ГЭСи қурилармикан? Нима дейсиз?

- Битта эмас¸ 10 та Роғун қуришга ҳам халқнинг қудрати етади. Энергетика мустақиллиги келажак учун. Биз кўрмасак¸ келажакда фарзандларимиз учун деяпти. Баландпарвоз гаплардан ҳеч қандай фойда йўқ Тожикистон мустақиллиги учун¸ энергетика мустақиллиги учун. Аҳвол ўнгланади. Қарам бўлмайди бошқа давлатларга¸ дейди Чори Пирматов.


Кимни бугун қаҳрамон қилиб кўрсата оламиз?

Озодликнинг “Эркин микрофон” эшиттиришига телефон қилган яна бир суҳбатдошимиз эса Зафар исмли йигит, Россиядаги меҳнат муҳожирларидан бири.

У Ўзбекистондаги йирик шаҳарларда кўчирилаётган, олиб ташланаётган тарихий ёдгорликлар ҳақида ўз муносабатини билдирди.

Зафар: Биласизми¸ бизда бир нарса қурилаяпти¸ бир нарса йўқотилаяпти. Совет давридан қолган ëдгорликлар. Энди 100 йилдан ошгандан кейин ëдгорликлар ўрнига ўтказамиз. Тарихни унутишдан ҳам баттарроқ бўлаяптида. Совет давридаги нарсалар йўқотилаяпти. Лекин совет даврида Самарқанд Регистони ëки бошқа нималаримиз йўқотилмаганку.

Озодлик: Яъни қайсидир қисми сақланиб қолиши керак¸деб ҳисоблайсизми?

Зафар: Россияда ҳамма нарса барча жойда сақланиб турибди. Бу ерда ҳам демократия кетаяпти¸ ҳам совет даврининг нималари турибди.

Озодлик: Нимага сақланиб туриши керак деб ҳисоблайсиз?

Зафар: У ҳам бир тарих. Барибир тарих бўйича қолиши керакку. Бутунлай бузиб ташланишига қаршиман.

Озодлик: Жуда кўпчилик “Олиб ташласин. Босқинчиларга қўйилган ҳайкалнинг бизга кераги йўқ. Унинг ўрнига ўзимизнинг қаҳрамонларимизнинг ҳайкалларини қўйсак бўлмайдими?” деган мазмунда фикр бидиради.

- Тўғри¸ ўзимизнинг қаҳрамонлардан кимни бугунги кунда қаҳрамон қилиб кўрсата оламиз? Ҳозир Ўзбекистонда ҳар хил маънодаги кинофильмлар яратилаяпти. Лекин тарих бўйича бирорта кино яратилмаяпти. Кинода тарихга қизиқиш қолиб кетаяпти. Тарихимизни ўрганамиз дейилаяптию¸ аммо тарихимиз ўрганилмаяпти. Самарқанддаги Чўпонота тепалигидаги совет давридан қолган ëдгорлик олиб ташланди. 100 йилга бориб қолган эди. Ўша жойни кўрган пайтда одамлар бир эслаб ўтган. Бир қизиқиш пайдо қилган. Лекин ўша олиб ташланди. Ана тепалик турибди. Мен ўзимизнинг қаҳрамонларни қўймасин демайман. Қўйишсин. Лекин ўша ëдгорлик ҳам турса бўладику¸ дейди Россиядаги меҳнат муҳожирларидан бири Зафар.


Халқнинг устидан сатира қилиш мумкин эмас....??

Навбатдаги суҳбатдошимиз ҳам ҳозирда хориж давлатларидан бирида яшаётган хоразмлик муҳожирлардан бири экан.

Бу тингловчимиз Озодликнинг интернетдаги веб сайтидан ўрин олган “Сиёсий сатира” рукнида берилган берилган ҳикоялардан бирига ўзининг ажабтовур муносабатини билдирди.

- Ўша ерда ҳамма муаммолар Хоразм томонлардан келиб чиқади¸ деб ëзган. Майли бу ҳам бир сатира. Лекин ўшанга нима асос бор? Нима келиб чиққан бу ердан? Тарих бўйича ҳам хато нималар қилган. “Хоразмни ҳозир ҳайдаб ташлаш керак. Ҳайдаганда ҳам чуқур қилиб ҳайдаш керак” деган нарса менга жуда қаттиқ ботди. Бирор-бир одамни сатира қилиш мумкин¸ лекин халқнинг устидан сатира қилиш. Мен қабул қила олмадим шу нарсани.

Озодлик: Сиëсий сатираларимизни ўқиб бораяпсизми? Аввалгилари ҳақида фикрингиз қанақа?

- Мен ўқиб бораман. Ўзига яраша айрим тўғрилик томонлари бор. Лекин менинг эътирозим бирор-бир халқнинг устидан унақа қилиш сатирага кирмайди. Мен ўзим хоразмликман. Бу ерда ҳар хил ривоятлардан бор. Одамлар динга уч марта кириб¸ уч марта чиқаркан деган гаплари бор. Ҳозир кирган пайтимикан¸ чиққан пайтимикан¸ деб ëзибди. Бунга унинг исботи борми? Бу ерда уни ўқиган одам “Одамлари шунақа экан” деб ўйлаши мумкин¸ билмаган одамда¸ дейди хоразмлик суҳбатдош.

Пароканд Мирзо қаламига мансуб сиёсий сатиралардан бири — "Хоразм томонларда" ҳикоясига хоразмлик тингловчиларимиздан бири ўз муносабатини билдирди.

*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.