2009 йил - ўзбекларнинг ижтимоий ва шахсий ҳаётида

Озодлик билан суҳбатда бўлган ўзбекистонликларнинг аксарияти 2009 йилда ўз ҳаёти бир маромда кечганини айтмоқдалар.

Кечган йил ўзбекистонликларнинг ижтимоий ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлди, 2009 йил ўзбекларнинг шахсий ҳаётида қандай из қолдирди?
Озодликнинг бу саволларига Ўзбекистоннинг турли вилоятларида яшайдиган фуқаролардан жавоб олинди.

Ижтимоий ҳаёт

Биринчи суҳбатдош:

- Ўзбекистон учун қисман яхши томонга ўзгармоқда.

Озодлик: Бу яхши томонга ўзгаришларни нималарда кўраяпсиз?

- Фермерлар мисолида. Биз ўтган йил банкка бориб нақд пул муомаласи умуман қийин бўларди. Бу йил нақд пул муомалалари сал жойига келаяпти. Яна план тўлганларини айтишимиз мумкин.

Иккинчи суҳбатдош:

- Менимча¸ ўзгариш бўлмади. Ўзгариш бўлса ҳам ëмон томонга бўлаяпти барибир.

Озодлик: Нимага шунақа хулоса қилаяпсиз?

- Ҳамма ëқда кризис-ку.

Учинчи суҳбатдош:

- Ўзбекистон ҳаëтида олдинги йилларга нисбатан умуман ўзгариш йўқ-да. Давлат сиëсати таранглашиб бораяпти, деймизми… Унинг жабрини оддий халқ кўраяпти.

Тўртинчи суҳбатдош:

- Мамлакат ҳаëтида берилган ваъдалар ваъдалигича қолаяпти. Мана, 2009 йил “Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили” деб эълон қилинди. Шу йилда қатнайдиган йўллар ҳеч бўлмаса ремонт қилиб қўйилмади-да. Нима дейишни ҳам билмай ҳайрон қоласиз.

Бешинчи суҳбатдош:

- 2009 йилда ҳатто менинг пенсиямни тўлиқ бермай қўйибди. Мен бу тўғрида Сайëра Рашидовага ëзган эдим. Милиция¸ СНБ¸ армияда хизамт қилганларники олий категория. Иккинчисида бизга ўхшаб яхши ишлаган одамлар. Учинчиси ялқов¸ дангаса¸ техникасини яхши билмайдиган¸ техникадан фойдалана олмайдиганлар. Каримов қарор чиқариб учинчисини йўқ қилди ва иккинчиси билан бирлаштирди. Ҳозир ялқов одам ҳам¸ ишлаган одам ҳам бир хил.

Олтинчи суҳбатдош:

- Ўзбекистон учун¸ бизнинг Хоразм¸ бизнинг Гурлан учун баракали йил бўлди. Сув мўл бўлди¸ шолилар яхши бўлди¸ пахта яхши бўлди. Бу масала бўйича 2009 йил баракали бўлди.

Еттинчи суҳбатдош:

- Менимча¸ жуда ëмон йил бўлди. Инфляция чуқурлашди¸ борган сари чуқурлашиб бораяпти. Инсон ҳуқуқлари поймол бўлаяпти. Мана сизлардан эшитаяпман. Мамлакатимиз учун жуда ëмон йил бўлди.


Шахсий ҳаёт

Биринчи суҳбатдош:

- Бу йил муваффақиятли бўлди энди. Ўзим янги уйли бўлдим.

Озодлик: Ҳа¸ уй олиш яхши. Яна нима бўлди?

- Бошқа муҳим нарса бўлмади менда.

Иккинчи суҳбатдош:

- 2009 йил ҳар йил қандай ўтаëтган бўлса¸ шундай ўтаяпти-да. Айтарли катта ўзгаришлар йўқ. Сокинлик билан давом этаяпти.

Озодлик: Сизнинг шахсий ҳаëтингизда бирор ўзгариш бўлдими?

- Йўқ¸ бўлмади.

Учинчи суҳбатдош:

- Тўғрисини айтсам энг ëмони ҳам¸ энг яхшиси ҳам. Ëмонидан бошлайдиган бўлсак¸ бошимизга ëмон кунлар тушди. Шу гаплардан кейин қутулиб олдим. Туҳмат юзасидан тушиб қолдик. Тўрт-беш кунда чиқариб олишди. Адолат қарор топди. Ëмон куним шу бўлди¸ ундан чиққаним яхши кун бўлди.

Тўртинчи суҳбатдош:

- 2009 йил оиламиз учун яхши келмади. Жанжалли йил бўлди. Қўшнимиз билан ер масаласи бўйича уйимизда кеча-кундуз жанжал бўлди. Ҳар кун милиция чақирамиз¸ ҳар кун безовтачилик¸ ҳар кун ҳокимиятга боради. Оиламизда энди туғилган кун¸ тўй дегандай яхши кунлар бўлди. Фақат мана шу ҳамсоямиз билан 11 йилдан бери мана шу можаро устида келиша олмаяпмиз.

Бешинчи суҳбатдош:

- Ҳар йилгидай йил бўлди. На яхши¸ на ëмон. Энди ëмондан Худо сақласину¸ жуда мақтанадиган¸ эсда қоладиган йил бўлмади. Ўртача йил бўлди. Пенсияни олаяпмиз. Ижтимоий ëрдамларни олаяпмиз. Маҳалла комитетига раҳмат ëрдам бериб турибди. Буни тан олишим керак лекин. Ҳеч қанақа свет йўқ. Свет¸ газ йўқ¸ қийналиб юрибмиз.