Бишкек ўзбек газига муқобил таъминотчи қидирмоқда

Қирғизистон, яқин икки йил ичида Туркманистондан Хитойга газ қувурлари ётқизилгач, туркман гази ўзбек газига рақобатчи бўлишига умид қилмоқда. Бу ҳақда “Қирғизгаз” раҳбари 29 январ куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги 2010 йилга газ шартномаси 2009 йилнинг 29 декабрида Қирғизистон бош вазири Данияр Усеновнинг Тошкентга қилган ташрифи чоғида имзоланган. Ўшанда Ўзбекистон томони газ нархини 2009 йилга нисбатан арзонлатишини маълум қилган, бироқ аниқ нархини белгиламаган.

Орадан бир ой вақт ўтгач, Ўзбекистон Қирғизистонга 2010 йилда табиий газни 220 доллардан сотиши маълум бўлди. 2009 йилда Қирғизистон Ўзбекистондан газнинг минг куб метри учун 240 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлаганди.

“Қирғизгаз” очиқ ҳиссадорлик жамияти раҳбари Саламат Айтикеевнинг 29 январ куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, ўзбек гази нархи 20 долларга арзонлатилган бўлса-да, инфляция сабабли ўртадаги фарқ сезилмагандай кўринади:

- 2009 йилда газ 9600 қирғиз сўмига тўғри келган ва шу баҳо асосида тарифлар ишлаб чиқилган. Ҳозирда табиий газ нархи 220 доллар, долларнинг курси эса 44 сўм. Энди 220 ни 44 га кўпайтиринг, 9680 сом бўлади. Яъни бу йилда газ 2009 йилга нисбатан 80 сўмга қимматлади, деди Саламат Айтикеев.

“Қирғизгаз” раҳбарининг айтишича, шу сабабли қирғизистонликлар газ учун тўлайдиган ҳақ ўзгармайди.

Саламат Айтикеев, шунингдек, яқин икки-уч йил ичида Қирғизистонда ўзбек газига муқобил вариант пайдо бўлишига умид қилинаётганини айтди:

- Афсуски, ҳозир бизда Ўзбекистондан бошқа алтернатива йўқ. Туркманистондан газ сотиб олайлик десак, у ернинг гази транзит харажатлари билан қимматга тушади. У ҳам Ўзбекистон орқали ўтади. Бироқ яқин икки-уч йил ичида танлаш имкони пайдо бўлиши кутилмоқда, деди Саламат Айтикеев.

“Қирғизгаз” раҳбари ҳозирда Қозоғистон Каспий денгиз конларидан Марказий Осиёгача узанган газ магистрали қураётганини ҳам эслатди.

Қирғизистонлик айрим мустақил кузатувчиларга кўра, мамлакат расмийлари ҳар йили сотиб олинажак газ нархи ва миқдорини белгилаш учун ўтказилган музокаралар чоғида Ўзбекистон томонига чегара, ГЭСлар қурилиши каби масалаларда ён беришга мажбур бўлмоқда. Уларга кўра, ўзбек газига алтернатива топилиши расмий Бишкек учун Тошкент билан газ бўйича бўлажак “қийин” музокараларга чек қўйиши мумкин.

Эслатиб ўтсак, Қирғизистон бош вазири Данияр Усеновнинг 2010 йилга газ нархи ва миқдорини келишиб олиш учун 2009 йил сўнгида Тошкентга қилган сафари чоғида ўзбек расмийлари икки давлат ўртасидаги чегара, собиқ Совет Иттифоқи даврида Иссиқкўлда Ўзбекистон томонидан қурилган пансионатлар масаласини кўтарган. Бундан ташқари, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Азимов Қирғизистонда қурилаётган Қамбарота-1 ГЭСини халқаро экспертизадан ўтказиш талабини қўйган:

- Биз ўзининг энергетик хавфсизлигини таъминламоқчи бўлаётган Қирғизистон манфаатларини ҳурмат қиламиз. Бироқ Норин-Сирдарё сув объектларининг нормал ишлаши миллионлаб одамларнинг ҳаёти билан боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда, минтақанинг трансчегаравий дарёларида гидроэнергетика объектлари қурилишида мазкур дарёлар қуйида жойлашган барча давлатлар манфаатини ҳам ҳисобга олиш керак, деган эди Рустам Азимов.

Ўзбек расмийлари ўз талабига қирғиз расмийларидан ижобий жавоб олгач, 2010 йилга газ бўйича шартнома имзоланган.

Қирғиз расмийларига кўра, айнан ушбу ГЭСларнинг қурилиши Қирғизистоннинг минтақада электр энергияси бўйича мустақиллигини таъминлайди ва мамлакат иқтисодиётини ўсишига олиб келади.

Қирғизистонлик айрим мустақил кузатувчиларга кўра, ушбу ГЭСларнинг қурилиши Қирғизистоннинг газ масаласидагина эмас, энергетика тизимида ҳам Ўзбекистондан мустақил бўла олишига сабаб бўлиши мумкин.

Аммо, ўшлик сиёсий таҳлилчи Ғанижон Холматов фикрича, бу жараён қирғиз расмийлари учун осон кечмайди. Таҳлилчи сўнгги пайтларда Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини мустаҳкамлашга уринаётган Хитой ҳам, Қирғизистонда қурилаётган ГЭСларнинг асосий молиялаштирувчи бўлган Россия ҳам Ўзбекистон минтақа маркази эканини яхши билишини ва ҳар қандай масалада Ўзбекистон билан муносабатни эътиборга олган ҳолда иш тутишини айтади:

- Масалан, жанубий Қирғизистон ўз-ўзидан Ўзбекистон билан бевосита боғлиқ. Унинг иқтисодий имкониятлари, иқтисодий йўлаклари, қолаверса Хитойдан кириб келаётган иқтисодий экспанциянинг асосий йўналиши, йўли Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтади ва бу жараён ўз-ўзидан Марказий Осиёнинг бир бирига яна ҳам боғловчи ришталарини вужудга келтиради, деди Ғанижон Холматов.