Қирғизистонда яна конституция ўзгартирилди

Қирғизистон парламенти депутатлари орасида мамлакат асосий қонунининг 52-моддасига киритилиши керак бўлган ўзгартишлар айниқса катта баҳсларга сабаб бўлди.

Қирғизистонда олиб борилаётган сиёсий ислоҳотлар доирасида президент Қурмонбек Бакиев ташаббуси билан мамлакат Конституциясининг саккиз моддасига ўзгартиш киритилаяпти.
Бу ўзгартишлар (46, 52, 58, 68, 72, 73, 74-моддалар – таҳр.) ичида президент ўз вазифасини бажара олмай қолган тақдирда унинг вазифасини вақтинча бажарувчи шахсни Давлат кенгаши аниқлаши тўғрисидаги 52-модда сиёсий доирада катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Амалдаги Қомуснинг мазкур моддасига биноан президент вазифасини бажара олмай қолганда бу вазифани парламент раиси, у ҳам бажара олмаганида бош вазир бажаради.

12 феврал куни бўлиб ўтган парламент сессиясидаги чиқишида президент номидан ахборот берган Қирғизистон Адлия вазири Қурмантай Абдиев янги ўзгаришнинг қатор ижобий тарафлари борлиги ҳақида гапирди:

- “Парламент раиси ўз вазифаларига президент ҳуқуқлари қўшилганида ваколатлар мувозанати бузилади” деган фикр бўлганди - бу масаланинг бир томони. Иккинчи томондан, Давлат кенгаши томонидан президент вазифасини вақтинча бажарувчи одамни тайинланиши ҳозирда анча демократик шаклда бўлаяпти, бунда танлаш имкони кенг бўлади, деди Қурмантай Абдиев.

Президент Қурмонбек Бакиев таклиф қилган ушбу қонун лойиҳасининг дастлабки нусхасида президент вазифасини вақтинча бажарувчи одамни Президент институти белгилаши кўрсатилган. Унинг таркибига, парламент раиси, бош вазир, президент аппарати бошлиғи, президент котибият бошлиғи, президентнинг хавфсизлик, мудофаа, ҳуқуқ-тартибот ишлари бўйича давлат маслаҳатчиси, ташқи ишлар бўйича давлат вазири киритилган.

Бироқ Қирғизистон Конституцион суди “Президент институти конституцион орган эмас, тавсия берувчи орган бўлгани сабабли президент вазифасини вақтинча бажарувчи одамни тайинлай олмайди” дея лойиҳани орқага қайтарган. Натижада лойиҳанинг 52-моддаси “президент вазифасини вақтинча бажарувчи одамни тайинлашни Президент институтининг саккиз аъзосидан иборат тузилувчи Давлат Кенгаши бажаради”, деб ўзгартирилган.

Мазкур ўзгартиш парламент депутатлари орасида турли фикрларни пайдо қилмоқда. Депутат Иса Ўмурқулов ушбу саккиз одамнинг барчаси керакли пайтда бир ерга тўплана олишига ҳеч ким кафолат бера олмаслигини айтиб, Давлат кенгаши таркибига кирувчи одамлар ким бўла олиши тўғрисида Конституцияда аниқ кўрсатилиши кераклигини қайд этди.

Бироқ парламентдаги Социал-демократлар фракцияси раҳбари Рўза Ўтунбаева бунга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблайди:

- Бундай махсус конструкция мамлакатдаги қандай вазиятга мувофиқлаштирилаётгани тушунарсиз. Сизлар “Саккизтаси тенг қочиб кетса, нима бўлади?” деяпсизлар. Агарда тўрттадан бўлиниб, президентни лавозимидан бўшатиш учун курашишса-чи? Нима учун биз Давлат кенгаши ичидаги кланлар манфаати асирига айланишимиз керак? дейди Рўза Ўтунбаева.

Айни пайтда бу фикрни Бирлашган халқ ҳаракати таркибидаги мухолифат вакиллари ҳам қўллаяпти. Мухолифат президент вазифасини бажарувчи одамни, барча ривожланган давлатлар каби, халқ сайлаган одам, яъни парламент раиси бажариши тарафдори.

Парламент қонун ишлаб чиқувчи йиғинининг собиқ раиси, мухолифатдаги Бирлашган халқ ҳаракати аъзоси Муқар Чўлпўнбаев, ўзгартишлар амалдаги расмийлар шахсий манфаатидан келиб чиққан ҳолда киритилаяпти, деб ҳисоблайди.

Бироқ президентга тарафдор сиёсий кучлар Конституцион ўзгаришлар замон талаби эканини айтишмоқда.

- Мухолифат конструктив бўлиши керак. “Мен бу ерини тушунмаяпман, бу қандай эди?” деган саволларнинг барчаси “Тухумнинг қирраси бор эди, шуни тополмаяпман” дегандек гап. “Мухолифат бўлгандан кейин албатта танқид қилишимиз, қарши бўлишимиз керак” деган фикрдан йироқ бўлиб, мамлакатимизнинг ривожланиши, халқнинг бирлиги учун ҳамжиҳат бўлсак яхши бўлар эди, деди парламентдаги “Ақ жўл” фракцияси раҳбари Улуғбек Ўрмўнов.

Шундай қилиб, парламентнинг 12 феврал куни бўлиб ўтган сессиясида депутатлар Конституцияга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонунни биринчи ўқишда қабул қилди. Амалдаги Конституцияга мувофиқ, мамлакат асосий қонунига ўзгартиш парламент депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми овози билан киритилади. Айни пайтда Қирғизистон парламентида президент Қурмонбек Бакиев бошчилигидаги “Ақ жўл” фракцияси депутатлари кўпчиликни ташкил этади.

Қирғизистон мустақиллик эълон қилганидан буён мамлакат Конституцияси сўнгги ўзгартишларни қўшиб ҳисоблаганда етти маротаба ўзгартирилди.