Бакиевнинг китоби ўзбекча чоп қилинди

Қурмонбек Бакиевнинг "Келажак сари йўл" китобида унинг 2005 йилда президент бўлиб сайланганидан кейинги фаолияти ва келажакда амалга оширмоқчи бўлган ишлари хусусида сўз боради.

Ўшда Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевнинг ўзбек тилидаги китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Айни пайтда маҳаллий зиёлиларнинг айримлари бу китоб қирғизистонлик ўзбеклар орасида оммалашиб кетишига шубҳа билан қарамоқдалар.
Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев қаламига мансуб “Келажак сари йўл” китобининг тақдимоти 20 феврал куни Ўш Давлат университетида бўлиб ўтди. Мазкур китобнинг чоп этилишига парламент депутати Алишер Собиров ҳомийлик қилган.

- Маросимда депутатлардан Алишер Собиров, Муҳаммаджон Мамасаидов, Жалолиддин Салоҳиддинов, Алмаз Арапбоев, кейин “Оқ йўл” партияси Ўш шаҳар бўлими котиби ва бизнинг ректоримиз қатнашди. “Келажак сари йўл” китобини таржима ва нашр қилдириш ҳомийси парламент депутати, юридик фанлари доктори Алишер Собиров бўлиб ҳисобланади. Китобни бизнинг кафедра катта ўқитувчилари Мамлакатхон Юлдашева ҳамда Муяссархон Холматова таржима қилди, мен китобга муҳаррирлик қилдим, деди Ўш давлат университети Ўзбек гуманитар-педагогика факультетининг Ўзбек ва жаҳон адабиёти кафедраси мудири, филология фанлари номзоди Саидакбар Махсумхонов.

“Келажак сари йўл” китоби муҳаррири мазкур нашр ўзбек китобхонлари ўртасида катта қизиқиш уйғотишига умид қилаётганини ҳам қўшимча қилди.

Мазкур китобда Қурмонбек Бакиевнинг 2005 йилда президент бўлиб сайланганидан кейинги фаолияти, келажакда амалга оширмоқчи бўлган юмушлари, шунингдек, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш йўлидаги ишлари хусусида сўз боради.

Айни пайтда мамлакат президенти китобининг ўзбек тилига таржима қилиниши ўшлик зиёлилар турлича муносабат билдирмоқдалар. Масалан, исми ошкор қилинмаслигини истаган ўшлик ўзбек зиёлиларидан бири бу китобга оддий ўзбеклар орасида эҳтиёж йўқ эди, деб ҳисоблайди:

- Бошқа китобларни ўқишмаётган бир пайтда бу китобни ҳам ўқишмаса керак, деб ўйлайман. Яқинда бўлиб ўтган тақдимот маросимида ҳам бир нарса аён бўлди - жуда кўпчилик, ҳатто тақдимотда сўзга чиққанлар ҳам ҳали бу китоб билан танишмаган. Энди кўрамиз, вақтлар ўтиши билан балки бу китоб бир мўъжиза бўлиб, одамлар эҳтиёжини қондирадиган китобга айланса ажабмас, деди аноним суҳбатдошимиз.

Ўшлик сиёсий таҳлилчи Ғанижон Холматов фикрича эса Қурмонбек Бакиевнинг китоби Қирғизистонда иккинчи миллат бўлиб ҳисобланган ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади:

- Қирғизистондаги ўзбек фуқароларининг қалбига кириб боришга ҳаракат қилиш керак. Имкон бўлса, ўзбеклар тўғрисида алоҳида китоблар, докладлар чиқарилса, бу бизнинг фойдамизга. Бу ўзбек ва қирғиз халқларининг ўртасидаги муносабатларни, адабиёт соҳасида бўлса ҳам, президент докладлари шаклида бўлса ҳам, бир-биримизга яқинлашишга ёрдам беради, деди Ғанижон Холматов.

Қирғизистонда президент китобларининг ўзбек тилига таржима қилиниши аввал ҳам кузатилган. Мамлакат собиқ президенти Асқар Ақаев ҳамда унинг рафиқаси Майрам Ақаеванинг бир неча китоблари ҳам ўзбек тилига таржима қилинган.

Ўшлик айрим ўзбек зиёлилари ўша китобларнинг ҳам қирғизистонлик ўзбеклар орасида қизиқиш пайдо қилмаганини, бу китоблар фақат китоб жовонларида қолиб кетганини айтишади.