46. Ўлик пахта

Ливерпулдаги жаҳон пахта бозорига бу йил ҳам бизни яқин йўлатишмаса керак.
Чунки об-ҳаво қийинчиликлари туфайли яна-тағин мактаб ўқувчиларини оммавий равишда йиғим-теримга жалб этишга тўғри келяпти. Боз устига, бир гуруҳ аълочи ўқувчилар барча тенгдошларига мурожаат этиб: “Халқимиз пешона тери билан етиштирган оппоқ пахтамизни сўнгги чаноғигача нес-нобуд қилмасдан териб олиб давлат хирмонларига топшириш ҳар бир виждонли фақиру фуқаронинг муқаддас бурчи ҳисобланади!” деган шиорни ўртага ташлади. Айниқса, “Назир отанинг ғазаби” шеъри ҳатто “Даракчи” газетасининг ҳам биринчи саҳифасида эълон қилингач, йиғим-теримга оммавий сафарбарлик авж олиб кетди.

Шу пайтгача ҳар хил қаланғи-қасағи халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бизнинг ички ишларимизга аралашиб асабимизни тез-тез бузиб турарди. Энди уларнинг ёнига пахта харидорлари ҳам қўшилди. Харидор бўлсанг, қисталоқ, толамизни текшириб кўрмайсанми? Сифати жаҳон стандартларига жавоб бермаса, майли, эътироз билдиргин; узумини егин-у, боғини сўрамагин. Йўқ, уларга боғни ҳам кўрсатиш керак. Боғни кўрсатиб қўйсак, кейин кўзимизни шамғалат қилиб девор ошиб ўғирлик қилишдан ҳам тойишмайди. Бизни лақиллатиб бўпсан! Ғаразли харидорларнинг оғзига уриб, пойтахтимизда халқаро пахта бозори ярмаркасини ташкил этдик. Ҳар томонлама бизга хайрихоҳ бўлган дўстлар пахтамизга харидор бўлиб “заявка” беришяпти.

Ман ҳам умумий сафарбарликдан ўзимни четга тормадим. Мирзачўлга бориб чаман бўлиб очилган пайкалда белига этак бойлаб, чаккасига лўппи очилган чаноқ қистириб олган – расмона теримчилар қиёфасига кирган махсус хизмат ходимларини атрофимга тўплаб олиб телекамера қаршисида шахсий билим ва тажрибаларим билан ўртоқлашдим. Эгатга энгашиб уч-тўртта лўппи очилган чаноқни узиб олиб камерага тўғрилаб салмоқли оҳангда гап бошладим:

Баъзан очилган кўсак чаноғининг остки бурчагига битта чигит маҳкам ўрнашиб қолади. Бундай ҳол айрим ғўза навларига хос хусусият бўлиб, амалий жиҳатдан фойдасиздир. Чунки ўша чигит чаноқ остида қолиб кетиб исрофгарчиликка сабаб бўлади.

Чаноқ остида қолган чигитни кўрсаткич бармоғим билан чиқариб олиб кафтимга қўйдим ва камерага яқинлаштириб кўрсатдим. Сўнг чаноқни чўнтагимга солиб, яна эгатга энгашдим; ғўза тупларини пайпасладим ва давом этдим:

– Маълумки, тола асосан гул очилган кундан бошлаб ривожланади. Шу вақтда уруғланган уруғкуртак ҳамда ундаги тола ривожланишга киришганда уруғланмаган уруғкуртак ва ундан ўса бошлаган тола ҳам қисман ривожланишни давом эттиради, аммо бу ривожланиш узоқ давом этмайди, тезда ривожланишдан тўхтайди ва нобуд бўлади. Бундай ўлик уруғкуртакли пахта қуриганда қисқа толали тугунча ҳосил бўлиб қолади. Буни агрономлар тилида “майда ўлик” деб атайдилар.

Ғўза тупи остидан чигитлари пуч бўлган чаноқни узиб олиб кўрсатдим.

– Уруғкуртакнинг уруғланмай қолиши натижасида ҳосил бўладиган “майда ўлик”дан ташқари пахтада “йирик ўлик” ҳам бўлиши мумкин. “Йирик ўлик” уруғланган ва муртаги озми-кўпми ривожланган уруғкуртакнинг тўсатдан ўлиб қолиши натижасида вужудга келади. Демак, “йирик ўлик” – ривожланишдан қолган ўлик толадир. Майда ва йирик ўлик пахталарнинг пайдо бўлишига, юқорида кўрсатиб ўтилган омиллардан ташқари, ўсимлик ва унинг айрим шохларининг нотўғри озиқланиши, ғўзага касаллик тушиши ҳам сабаб бўлади. Ўлик пахта миқдори ҳар бир ғўза навининг биологик ва бошқа хусусиятларига кўра ҳар хил бўлади. Ғўза навига қараб ўлик пахта миқдори бир фойиздан кам ёки бир фойиздан сал ошади. Ўлик пахтанинг пайдо бўлиши ҳосил чўғини камайтириб юборади. Шунинг учун “ўлик бола туғмайдиган” янги ғўза навларини яратиш керак. Агар уруғланиш жараёнига ёрдам бериб юборилса ҳам мақсадга мувофиқ бўлади. Ўлик пахта фақат ҳосилнинг миқдорига эмас, балки сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Кўсакларда айрим толалар ривожланмай қолса, пахта хом бўлади ва толалар етарли даражада буралмайди. Эшилиб-буралмаган толалар тўқимачилик саноатида “ўлик тола” дейилади. Бундан ташқари, тўқимачилик саноатида толанинг узунлиги, толанинг ингичкалиги, толанинг пишиқлиги, толанинг буралувчанлиги каби парамертлар ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади. Ман ўйлайманки, теримчилар терим пайтида тўқимачилик саноатининг стандарт талабларини ҳисобга олган ҳолда иш жараёнига онгли равишда ёндашиб, деҳқон-фермерларнинг оғирини енгил қиладилар. Шу фикримга қўшиласизларми?..

-Қўшиламиз! – дейди “теримчилар” жўр бўлиб.

-Раҳмат! – дейман қўлимни кўксимга қўйиб. – Энди ман сизлар билан, худо хоҳласа, Ҳосил байрамида учрашаман, – деб пахта пакалининг адоғи томонга эгат оралаб йўл оламан.

“Пахтакорлар билан учрашув”дан катта таассурот олиб Қароргоҳга қайтдим. Кечки пайт телестудияда қайта-қайта монтаж қилинган долзарб репортажнинг тўрт хил вариантини келтириб кўрсатишди. Тасвир орқасидаги матнни серҳаяжон артист Ёқуб Аҳмедов ўқиган экан. Учинчи варианти кўпроқ ўзимга маъқул бўлди.

“Ахборот”нинг ўзбекча кўрсатувидан сўнг давлат ва хусусий телевидениеларининг барча каналларида бир вақтда эфирга қўйиб юбориш тўғрисида махсус кўрсатма бердим. Агар долзарб репортаж бир вақтда эфирга узатилмаса, томошабинлар бошқа каналда бошланган сериални бемалол кўриб ўтириши мумкин. Жамоатчилик фикрини бир нуқтага йўналтириш учун битта кўрсатув барча каналларда бир вақтда эфирга узатилса, мақсадга мувофиқ бўлади.