Мухолифбашара Қаламкашни норасмий учрашувга таклиф этдим.
У ўз оёғи билан Қароргоҳимга кириб келди. У кўп ичади, баъзан сўл тарафга қатнайди деб таърифлашган эди. Афт-ангоридан ичкиликбоз ёки хотинбоз эканини билиб бўлмасди. Сипо кийинган, бўйинбоғ тақмаган бўлса-да, лекин замонавий зиёлиларга ўхшарди. Қалин мўйлови ҳурпайиб турарди.
Салом-аликдан сўнг:
-Чой ичасизми, қаҳва? – деб сўрадим. – Балки кучлироғидан ичармиз? – деб кўз қисиб қўйдим.
-Йўқ, раҳмат, жигарим оғрияпти, – деб биқинини ушлаб диванга чўкди. – Мумкин бўлса, кўк чой дамлашсин.
Ҳасаналига бош бармоғимни кўрсатдим. У бирпасда икки чойнак келтириб биттасини менга яқинроқ, иккинчисини Қаламкаш олдига қўйиб тавозе билан орқасига тисарилиб бориб остонага етганда бошини кўтарди.
-Агар керак бўлиб қолсам, шу яқин атрофда бўламан, – деди.
Қаламкаш Ҳасаналига зимдан назар ташлаб мийиғида кулиб қўйди.
-Хоразмча анъана жорий этилган экан-да! – деб Қаламкаш чойни қайтариб, шамаси тингач ўзига бир пиёла қуйиб олди.
Кулган бўлдим. Нимага шаъма қилаётганини дарҳол англадим. Индамасдан ман ҳам ўзимга чой қуйиб бир-икки ҳўплаб пиёлани столга қўйдим.
-Ҳар қандай уруш, оғайни, охир-оқибат бари бир сулҳ билан якунланади, – дедим. – Ё нотўғрими?
-Тўғри, ҳатто энг узоқ давом этган Шимолий уруш ҳам сулҳ билан ниҳоясига етган.
-Хўш, адабиёт оламида қандай янгиликлар бор? – деб сўрадим.
У пастки лабини тишлаб, қошларини чимирди. Хийла ўйлаб огач:
-Мустақилликнинг биринчи йилларида Шукур Холмирзаев деган катта ёзувчимиз “Адабиёт ўладими?” деган мақола ёзган эди. Адабиёт ўлмади-ю, лекин ёзувчининг ўзи ўлиб кетди.
-Ҳм-м... – Заҳарханда аралаш унга тикилдим. – Нима, ёзувчиларнинг шароити шу қадар ёмонми?
Қаламкаш қўлларини икки томонга ёзиб юборди, елкасини қисди.
-Китоблар пешма-пеш нашр этиляпти; унвонлар, мукофотлар навбат бўйича тақсимланяпти. – Учта бармоғини букиб шифтга тикилди.
Афтидан пичинг қилаётганини сездирмади.
Ман ҳам ҳолатимни ўзгартирмадим.
-Нима учун жиддий асарлар яратилмаяпти? – деб сўрадим.
-Чексам майлими? – деб ён чўнтагидан сигарет чиқарди. Рухсат кутиб ўтирмасдан зажигалкаси билан сигарет тутатди. Кулини чойнак остида турган ликопчага кўрсаткич бармоғи билан чертиб туширди.
Ҳасанали кулдон келтириб қўйди.
-Ўзингиз бирор нарса ёздингизми?
-Ёзиляпти, – деди сигарет тортиб, тутунини бурнидан буруқситиб чиқаргач. – Қийин ёзиляпти, – деб қўшиб қўйди.
-Сир бўлмаса, айтинг-чи, замонавий мавзудами ёки “Шайтанат” йўлида?
-Нима, “Шайтанат”нинг алоҳида йўли борми?.. Билмас эканман.
Кулдим.
-Ёзаётган асарингизни қачон тугатасиз?
-Ҳар ҳолда Мустақиллик байрамига туҳфа этолмасам керак.
Сигарет кулини чертиб кулдонга туширди.
Пичинглари жаҳлимни чиқара бошлади. Атайлаб тегажоқлик қиляптиим, сабр-тоқатимни синаб кўрмоқчими?
-Сарбадор қанақа ёзувчи? – деб сўрадим ўсмоқчилаб.
-У ёзувчи эмас, шунчаки хушомадгўй, холос.
Беихтиёр хохолаб юбордим.
-Маладес, билар экансиз!
У расмона ажабланиб юзимга тикилди.
-Менда нима ишингиз бор? – деб сўради.
Энди ман унинг юзига ажабланиб тикилиб қолдим.
-Қандай ёрдам керак? – деб сўрадим жиддий оҳангда.
-Қанақа ёрдам?
-Моддийми, молиявийми... Сизга қанақа ёрдам кераклигини ман билмайман-ку! – деб гапни ҳазилга бурдим.
-Қандай ёрдам беришингиз мумкинлигини мен ҳам билмайман.
-Майли, ўйлаб кўринг, – дедим.
-Бўпти, ўйлаб кўраман, – деб Қаламкаш ўрнидан турди.
Суҳбатимиз кутилмаганда якунланади¸ деб ўйламаган эдим. Бирпас ўтирдим. Қарасам, у энгашиб сигарет қолдиғини кулдонга эзғилаяпти. Саросимага тушиб қолганимни сездирмасдан ноилож ўрнимдан турдим.
-Биз яна учрашамиз. Батафсил гаплашамиз, – дедим.
Қўл бериб хайрлашдик.
-Ихтиёр ўзингизда, – деди.
-Сизнинг ихтиёрингиз ҳам ўзингизда.
Қаламкаш, назаримда, илк бора самимий жилмайди ва тез-тез юриб хонани тарк этди.
У манда ғалати таассурот қолдирди.