СССР даврида Қора денгиз бўйи ва Европа курортларида дам олган ўзбекистонликлар учун бугунги кунда маҳаллий санаторийларда дам олиш ҳам орзуга айланди. Аксар ўзбекистонликлар санаторий ва курортларда дам олишга молиявий жиҳатдан ожиз эканликларини айтадилар.
Сирдарёлик Бобур Рашидов 18 йилдан бўён вилоятдаги олий ўқув юртларида бирида домла бўлиб ишлайди.
Ҳар ёзда 48 кунлик меҳнат таътилига чиқадиган Бобур домла умрида бирор марта саноторий ёки курортда дам олмаган.
Бобур Рашидов: Бугун отпускамнинг биринчи куни.
Озодлик: Режалар қанақа? Бирор жойда дам олмоқчимисиз?
Бобур Рашидов: Дам олиш...(кулади)¸ Ўзбекистон шароитида ўзингиз биласизку, унақа шароит йўқ. Уйда деҳқончилик қиламиз. Тирикчилик¸ бола-чақа боқамиз. Очиғини айтиш керак¸ дам олишга имконият йўқ. Бу иқтисодий томон билан боғлиқ. Сабаби¸ ҳозир биз олаëтган иш ҳақимиз талаб даражасида эмас. Масалан¸ мен 300 минг сўм ойлик оладиган бўлсам¸ унинг тенг ярмини пластик карточкада беради. Уни пулга айлантираман десангиз¸ маълум бир фоизини яна ташлаш керак. Шундай шароитда дам олишга бало борми?
Озодлик: Демак¸ санаторияда ҳеч қачон дам олмагансиз.
- Иш фаолиятимни бошлаганимга 18 йил бўлди. Университетда домламан. Ҳали мен бунга имконият топганим йўқ. Нафақат мен, мен билан бирга ишлайдиган қанча ҳамкасбим бор. Деярли бирортасининг отпуска пайтида дам олишга бордим¸ деганини эшитганим йўқ, дейди Бобур Рашидов.
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи ўқитувчи Содиқ Жўраев собиқ иттифоқ даврида курорт ва санаторийларда роса дам олган. Бироқ Содиқ Жўраев учун Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён курортда дам олиш фақат орзуга айланган.
- Санаторияга пул керак¸ пул, пул! Домлалар санаторияга боришга ожизлик қилади. Жуда қиммат у. Дам оладиган жой кўп¸ лекин қиммат. Бориб бўлмайди, унга пул керак. Пул йўқ¸ ойлик оз. СССР даврида Қора денгиз бўйларига бориб дам олганман. Ялтада¸ Сочида курортда бўлдим. Прагада¸ Полшада дам олганман. СССР билан кетди ҳаммаси. Мустақилликдан кейин¸ ёлғон бўлмасин¸ Тошкентга бир бордим¸ холос, дейди Содиқ Жўраев.
Ёз фасли кўпчилик учун дам олиш мавсуми ҳисобланади. Лекин қашқадарёлик боғча тарбиячиси Зулфия Ҳайдарова ҳар доим фақат қишда таътилга чиқади.
Зулфия Ҳайдарова: Отпускани қишга оламан. Ўзим қишда хоҳлайманда. Қишда совуқ бўладику. Боқчада газ бўлмайди. Ишхонада жуда совуқ бўлади. Шунинг учун бир ой бўлсада уйда ўтирсам¸ ҳарна фойда. Уйда иссиқда печканинг олдида ўтирамиз. Шунинг учун мен ҳар доим қишга оламан отпускани.
Озодлик: Қишдаги отпускангизда нима қиласиз?
- Ўтираман уйда. Кўрпа-ëстиқ қиламан. Хотин кишиларнинг иши кўп бўлади- ку уйда ҳам. Рўзғор ишлари¸ болаларга қараймиз, дейди Зулфия Ҳайдарова.
Айрим ҳолларда¸ жойлардаги Халқ таълими бўлимлари ўқитувчи ва тарбиячиларга санаторийда дам олиш учун бепул йўлланмалар тарқатади. Озодликка маълум бўлишича, бундай йўлланмаларни бошқаларга сотиб пулини рўзғорга ишлатишни маъқул кўрадиган ўқитувчилар ҳам кўплаб топилади.
Дам олишни хоҳламаган ўқитувчиларнинг йўлланмаларини кимдир сотиб олаётган бўлса¸ санаторийларга борувчилар ҳам бор. Ўрганишиимиз бўйича дам олишни хоҳловчилар ҳам анчагина - шу кунларда¸ масалан¸ Тошкент шаҳри¸ шунингдек водийдаги санаторийларнинг барчаси дам олувчилар билан гавжум.
Андижонлик шифокор Абдуқодир Сатторов ҳам ҳар йили санаторийда дам олишни маъқул кўради.
- Мен бир йили Чортоқ санаториясининг учинчи бўлимида дам олсам¸ бир йили Чимëн санаториясида дам оламан. Чортоқ санаториясида сув ванналари бор¸ овқат берилади уч маҳал. Чимëн санаториясида ҳам худди шунақа. Чимëн санаторияси Фарғонада жойлашган. Адирнинг бағридада. Ҳар йили 10 кун ë Чортоқ ë Чимëн санаториясига бораман. Биттаси Наманганда¸ биттаси Фарғона водийсида жойлашган. Уч-тўрт йилда бир Оқтош санаториясига бораман. Ҳозирги пайтда Беруний шаҳрида дам олаяпман, дейди Абдуқодир Сотторов.
Қорақалпоғистонлик банкир Ғулом Ўскинов энг яхши санаторийларда дам олишни хуш кўрувчилардан бири. Банкир жаноблари гоҳида йилига бир эмас¸ икки мартадан дам олишини айтади.
Ғулом Ўскинов: Отпускани санаторияда ўтказамиз тўрт-бешта ўртоқлар билан. Дам олиш масканларига борамиз. Кўпинча Чинободда дам оламан. Бир йилда бир ëки икки марта.
Озодлик: Бир йилда икки марта ҳам дам оласизми?
- Гоҳида шундай бўлиб қолади. Бу йил дам оламиз деб Фарғонанинг Чимëнига режалаштириб қўйганмиз, дейди банкир Ўскинов.
Берунийлик фермер Янгибой Ситмурадов ҳам далада иш кўп бўлишига қарамай¸ йилда икки марта дам олувчилар сирасига киради.
- Дам олиш шу август ойларида бўлади. Ғўзаларни йўлга қўйиб бўлгандан кейин териш олдидан бўладида. Бошқа вақтда иш кўп бўлади. Яна декабр¸ январ ойларида бўлади. Бошқа пайтда иш кўп бўлади, дейди фермер Ситмурадов.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Товоқсой санаторийси 500 ўринга мўлжалланган бўлиб, ёз мавсумларида оромгоҳда дам олувчилар сони ҳатто 700 га ҳам етишини айтади, санаторий ходимаси:
- Товоқсой тоғ ëн бағрида жойлашган. Ëнимизда каналлар оқади. Сувли жойлар. Табиати гўзал. Дам олиш жойларига¸ саëҳатларга олиб чиқади. Пирамида¸ Чимëн¸ Белдирсой¸ Оқтош дам олиш масканларига бизларда машиналар ташкиллаштирилган. Дам олувчиларни галма-гал қилиб олиб боради. Барча шароит яратилган. Санатория путëвкалари бизларда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан соцбезлар орқали берилади. Агар пулли дам олувчилар келса¸ суткаси 15 минг. 10 куни 150 минг бўлади, дейди Товоқсой санаторийси ходимаси.
“Avesta Research” маркази маълумотига кўра, сўнгги йилларда хорижда дам олувчи ўзбекистонликлар сони ҳам ошган бўлиб, хорижга саёҳат қилаётганлар аввалгига нисбатан 40 фоизга кўпайган ва кейинги йилларда ўзбекистонлик сайëҳлар сони 1¸5 миллионга етиб қолган.