14 июл куни Тошкент шаҳридаги ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида ёппасига бензин тақчиллиги кузатилди. 15 июлдан бошлаб Тошкентда яна бензин пайдо бўлди¸ 16 июл куни эса аксар шаҳобчаларда бензиннинг ярим кунлик сотувга етгани айтилмоқда. Айни пайтда вилоятларда вазиятнинг янада оғирлиги кузатилмоқда.
14 июл куни Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шаҳобчаларининг айримлари тушгача ишлади, аксарияти кун бўйи ёпиқ бўлди.
“Polimer savdo” АЁҚШ ходимасига кўра, бензин тақчиллиги шаҳардаги барча ёқилғи қўйиш шаҳобчаларида бирдек кузатилди.
- Йўқ¸ кеча бўлмади бензин. Бугун бор. Кеча шаҳар бўйича бўлмади, дейди АЁҚШ ходимаси.
“ZTE Petrol” АЁҚШ ходими эса кейинги икки кун давомида бензин бўлмаганини айтади.
- Йўқ¸ бензин йўқ эди икки кундан бери. Бугун эрталаб келди, дейди “ZTE Petrol” ходими.
“Keen oil business” АЁҚШ ходимига кўра, кеча Чинобод нефт базаси бензин тарқатмагани учун шаҳобчаларда бензин бўлмаган.
- Чунки базада бензин йўқ эди. Бизлар Чинобод нефт базаси билан ишлаймиз. Чинобод базаси маҳсулот чиқармади. Бизларга бермади. Берса¸ бизлар олиб келиб сотамиз. Заводдан базанинг ўзига ҳам келмабди. Сабаби заводдан маҳсулот кам келаяпти. Шаҳар талабига етмаяпти. База кеча олиб келмади бизларга. Остаткани сотдик. Тугади. Бугун базага келибди. Энди олиб келди сотаяпмиз, деди суҳбатдош.
Биз Тошкентдаги Arbus, Max petrol service, Nishona-Bisnes, Perfect petrol, Poytaxt-Oil, Al safina, Афзал автотаъминот, Вива фарм каби жами 15 та ёқилғи қуйиш шаҳобчаси билан телефон орқали боғландик. Ушбу шаҳобчалар ходимларидан аниқлаганимиз бўйича, уларнинг барчасида 14 июл куни бензин тақчиллиги кузатилган.
Маълум бўлишича, Тошкентдаги АЁҚШларнинг аксарияти шаҳардаги Чинобод нефт базасидан бензин олишади.
Шу кунларда об-ҳавонинг исиб кетгани туфайли Чинобод нефт базаси фақат кечаси бензин тарқатаяпти экан.
База кечаси ишлагани боис бўлса керак кундузи Чинобод нефт базаси телефонларига ҳеч ким жавоб бермади.
Пойтахтдаги АЁҚШ лардан бирининг раҳбарига кўра, кейинги икки ой ичида нефт базаларидан олинадиган бензин миқдори кескин камайган.
У Тошкентдаги бензин тақчиллигини изоҳлар экан, бу ҳолатни "UzGazOil" шаҳобчаларининг ёпилиши билан боғлайди.
- Биринчи сабаби¸ кам бензин бергани. Иккинчи сабаби¸ олаëтган одам жуда кўп. Олдин бемалол эди. Икки машина олардик. Бу икки машина беш тоннадан 10 тонна бўларди. Ҳозир бир машина қисқартирилган.
Озодлик: Қачондан қисқартирилди?
- Икки ойча бўлиб қолган. UzGazOil лар ëпилишни бошлагандан кейин қисқаришни бошлади. Лекин оладиган клиентлар кўпайди. UzGazOil нинг ҳам анча клиенти бор эди. Ҳаммаси энди бензин олиш учун бошқа шаҳобчаларга бораяпти.
Озодлик: Ҳозир UzGazOil ни очилди дейишаяптику.
- Ҳаммаси ҳам очилгани йўқку. Шаҳарда ярмидан кўпи ёпиқ турибди ҳали, деди суҳбатдош.
“Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси ходими мамлакатда бензин тақсимоти масаласи билан “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси шуғулланишини айтиб, бу борадаги саволларимизни уларга беришимиз лозимлигини билдирди.
“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси ходимларидан бири билан телефон орқали боғланганимизда, у бензин таъминотидаги узилишлар бўлаётганини тан олиб, бунга уч хил сабабни келтиради.
- Биринчиси¸ ҳозир ГАИлар машиналардан лицензияланмаган газ қурилиш ускуналарини олиб ташлашдию. Кўпчилик газ арзон деб газ оборудованиесини қўйиб олишган машинага. Ноқонуний қўйиб олганлар ҳам бор эканку. Ўшаларни олиб ташлагани ҳисобидан бу машиналар яна бензинга ўтди ва натижада бензинга талаб ортиб кетди.
Иккинчиси¸ озгина газнинг нархи кўтарилганлиги ҳисобидан ҳам одамлар бензинга ўтди.
Лекин тенденция темп рост бўлаяпти Тошкент бўйича. Фақат сунъий равишда талаб кўпайиб қолганига фойдаланадиган чиройли тадбиркорларимиз ҳам бор. Бизларда ҳамма нарса етарли. Фақат кимдир фойдаланаяпти. Сунъий равишда ажиотаж қилишлиги мумкин. Мен бир нарса дея олмайман. Ўтган йилгига олиб қарасангиз ҳам биз яхши етказиб бераяпмиз. Ошиғи билан етказиб бераяпмиз. Тошкентнинг ҳар кунлик потребности 900 тонна. Биз ҳозир ҳар куни 1200-1300 тонна чиқараяпмиз. Бунга қўшимча вилоятга ҳам 700 тонна чиқараяпмиз, деди “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси ходими.
Соҳа мутасаддиларидан бири Озодлик билан суҳбатда кейинги пайтда Ўзбекистонда транспорт воситаларининг кўпайишини бензин таъминотидаги узилишларга рўкач қилади.
- Ишлаб чиқариш камаймаган. Техника кўпаяяпти. Ишлаб чиқариш ўтган йилгидан кўп бўлган. Менинг ўзимнинг ҳам анализларим бор. Ўтган йил олти ойга нисбатан бу йил олти ойда деярли уч баробар кўп бензин реализация бўлаяпти, деди суҳбатдош.
Мустақил таҳлилчи Сайфулла Зикиров “Зеромакс” ширкатининг алғов-далғов қилинишининг мамлакатда бензин тақчиллигига бевосита алоқаси бўлиши мумкин деган фикрда.
- "Зеромакс"ни жуда қаттиқ текшириб юборишганининг ҳисобидан ҳам бензин камайган бўлиши мумкин деган эҳтимол бор. Кўп бўлгани йўқ ҳали текширишганига. Миродил ака деган раҳбарни ҳам бир қамаб¸ бир қўйиб юбориб шунақа ишлар бўлди. Шунинг ҳам таъсири бўлди деган фикрдаман. Чунки ўша пайтда "UzGazOil" ëпилганида ҳам Ўзбекистонда худди шу ҳолат кузатилганди. Ҳозир ҳам шунга ўхшаш нарсалар бўлаяпти, дейди Сайфулла Зикиров.
Айни пайтда, Тошкентда собиқ “Зеромакс” ширкатига қарашли ва давлат тасарруфига ўтказилган “UzGazOil” ёқилғи қуйиш шаҳобчалари давлат томонидан ижарага берилиши мумкинлигига оид хабарлар ҳам пайдо бўлди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг исми келтирилишини истамаган муҳандиси бензин тақчиллигини "Зеромакс" ширкати билан боғлаш каби иддоларини рад қилар экан, бензин таъминотидаги узилишларни хом-ашё етишмаслиги билан изоҳлайди.
- Қисқаси¸ республикамизда хом-ашë танқислигидан шунақа вазият юзага келаяпти. Шунинг учун четдан олиб туриш масалалари билан раҳбарият ҳозир шуғулланаяпти. Четдан олиб киришда ўзига яраша катта муаммолари бор. Ҳозир шу бўйича юқори ташкилотларнинг ўзи шуғулланаяпти. Энг асосий муаммоимиз хом-ашë камайганлиги.
Озодлик: Хориждан олиб келиш деганда қайси давлатни назарда тутаяпсиз?
- Қозоғистондан¸ Россиядан¸ Туркманистондан сотиб олиш. Бунинг учун катта валюта маблағи керак бўлади.
Озодлик: Ҳозир хориждан олиб келиш масаласи ҳал бўлдими?
- Шу масала бўйича ҳозир раҳбарият шуғулланаяпти. Контрактлар¸ бошқа нималарнинг проработкаси бўлган. Валюта ажратиш масаласида ҳозир иш олиб борилаяпти, дейди Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи муҳандиси.
Қозоғистонлик таҳлилчи Бахтиёр Аҳмедовга кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларининг иккаласи ҳам Қозоғистон нефтидан фойдаланиб келаяпти.
Лекин таҳлилчига кўра, Қозоғистон жорий йилнинг 15 майидан бошлаб нефт маҳсулотлари экспортини тақиқлагани Ўзбекистонда бензин қаҳатлашишига олиб келган.
- Бухоро нефт ишлаб чиқариш заводи борку, шу аниқ миқдорда билмадим нечадир миқдорда Қозоғистон нефтини олади. Шу нефтни ишлатиб шундан бензин чиқаради. Қозоғистон ГСМни четга чиқаришни тақиқлаб қўйган. Шу тақиқлангани яна чўзилди. Қачонгачалигини ҳеч ким билмайди. Шундан нефт Ўзбекистонга бормай қўйган. Шундан муаммолар пайдо бўлган. Бу муаммони ҳозир ечиб бўлмайди. Ўзбекистонда ўтган йили 5 миллион тонна нефт топилган. Лекин бу нефт Ўзбекистон эҳтиëжини қоплашга етмайди. Нимага десангиз Ўзбекистоннинг заводлари 11¸2 миллион тонна нефт ишлаб чиқариш қувватига эга. Топилгани ярмига ҳам етмайди. Шу пайтгача Қозоғистон нефти орқали улар ички эҳтиëжларини қондириб келган, дейди Бахтиёр Аҳмедов
Қозоғистон ҳукумати дастлаб нефт маҳсулотлари экспортини жорий йилнинг 1 июлига қадар тақиқлаган ва буни мамлакат ички бозорини ҳимоялаш мақсади билан изоҳлаганди. Эндиликда ушбу тақиқ жорий йилнинг 1 ноябрига қадар узайтирилди.
Ўзбекистонлик ва россиялик иқтисодчилар таҳлилларида келтириладиган маълумотларга таянадиган бўлсак, Ўзбекистонда йилига 6 миллион, баъзи манбаларга кўра эса 8 миллион тонна ҳажмида нефт олинади.
Ўзбекистонда қазиб олинаётган нефт ва газнинг асосий қисми мамлакат ички эҳтиёжи учун сарфланиши айтилади.
“Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компаниясиси расмий сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, мамлакатда қазиб олинган нефт Ўзбекистондаги 3 та завод – Олтиариқ, Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводларида қайта ишланади. Аммо бу заводларда йиллик қайта ишланадиган нефт ҳажмига доир маълумотларни расмий сайтдан топа олмадик.