Кейинги олти ой ичида Тошкентга ташриф буюрган олтинчи АҚШ делегация¸ нафақат унга кирган расмийлар нуфузининг баландлиги¸ балки Тошкентда муҳокама этган масалалар кўламининг кенглиги жиҳатдан ҳам аввалгиларидан бироз фарқланди.
АҚШ Давлат котиби ўринбосари Жеймс Стайнберг, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё давлатлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк ҳамда АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича махсус маслаҳатчиси¸ Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Марказий Осиë бўйича директори Майкл МакФолни ўз ичига олган нуфузли делегация 17-18 июл кунлари Тошкентда бўлди.
Тошкентдаги АҚШ элчихонасидан олинган маълумотга кўра, АҚШнинг уч нафар юқори мартабали мулозимини ўз ичига олган бу нуфузли делегация Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Ташқи ишлар вазири Владимир Норов, Молия вазири Рустам Азимовлар билан учрашувлар чоғида ўзаро алоқаларга дахлдор бир қатор масалаларни муҳокама қилган.
Муҳокамалар диққат-марказида бўлган энг муҳим масалалардан бири, Тошкентдаги АҚШ элчихонаси расмий сайтида хабар қилинишича, Қирғизистонда июн ойида содир бўлган қонли низо оқибатларини бартараф этишда Ўзбекистоннинг иштироки бўлган ва Ўзбекистоннинг қирғизистонлик қочқинларга берган ёрдами юқори баҳолаган.
Бундан ташқари, томонлар инсон ҳуқуқлари, минтақавий хавфсизлик масалалари¸ Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш уринишлари ва иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама этган ва ўзаро алоқалардаги изчилликни юқори баҳолаган.
“Ўзбекистон ва хориж кузатувчилари кўз ўнгида кундан-кунга изчиллашиб бораётган бу алоқалардаги илиқлашувни биз ҳам яққол сеза бошладик”, дейди Озодлик билан суҳбатда АҚШ мулозимларидан бири Майкл МакФол билан ўз идорасида юзма-юз учрашган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.
АҚШ юқори мартабали расмийларини ўз ичига олган делегация аъзолари бу гал инсон ҳуқуқлари фаоллари билан ҳам учрашиб, улар фаолияти билан яқиндан танишган.
Суръат Икромов билан қарийб бир соат давом этган учрашув чоғида АҚШ президенти маслаҳатчиси Майкл МакФол асосий эътиборни Ўзбекистонда диний эътиқоди учун таъқибга олинаётган ва қамоққа солинаётган фуқаролар ҳуқуқлари масаласига қаратган.
- 18 июл куни Майкл МакФол бошчилик қилган делегатлар¸ бу делегациянинг ичида Ўзбекистондаги АҚШ элчиси Ричард Норланд¸ унинг муовини ва сиëсий ишлар бўйича маслаҳатчиси билан биргаликда бизларнинг офисга ташриф буюришди. Биз билан бир соатга яқин гаплашиб инсон ҳуқуқларига оид саволларни сўрашиб¸ гаплашиб ўтирдик.
Озодлик: Суҳбат чоғида АҚШ расмийси¸ асосан¸ қайси масалаларга эътибор қаратди?
- Инсон ҳуқуқлари ва Ўзбекистонда бўлаëтган диний эътиқод бўйича қамоқ жазолари берилиши¸ қийноқлар масалалари қизиқтирди. Бундан ташқари охирги пайтда бизлар берган ахборотлар юзасидан саволлар берилди.
Озодлик: Конкрет ҳолатлар ва воқеаларга асосланган саволлар бўлдими ëки фақат умумий вазият бўйича саволлар бўлдими?
- Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳозирги аҳвол олдингига қараганда ëмонлашиб бораяптими ëки озгина бўлса ҳам яхши томонга силжиш борми¸ деган саволлар берилди. Биз тўла-тўкис жавоб бердик. Ҳозир аҳволнинг яхши томонга силжиши кўринмаяпти. Муаммоли ишлар борган сари кўпайиб бораяпти.
Майкл МакФол 1992 йилларда Ўзбекистонда АҚШ фондларидан бирида ишлаган. Ўзбекистондаги аҳволни жуда яхши биларкан. “Санжар Умаровни нимага чиқариб юборишди” деган нимада нима қилди. Мен аниқ биламан Санжар Умаровнинг чиқишига АҚШ ҳеч қандай ҳисса қўшмади. Мен ўзимнинг фикрларимни айтдим. У одамни қамоқхонада шу даражага олиб боришганки¸ аҳволи жуда оғирлашиб қолган.
Бундан ташқари Рустам Усмонов тўғрисида. У бир бизнесмен¸ фан доктори бўлган. Бу давлатга жуда керакли одам¸ деганда шу фамилияни ëзиб олди.
“Ҳуқуқ ҳимоячиларга босимлар бўлаяпти. Бугуннинг ўзида Қашқадарëда¸ Жиззахда тазйиқлар қилишипти” деб гапириб бердим. Бу одамни асосан диний эътиқод масаласи қизиқтирди. Уларнинг сони¸ қанақа қамоқхоналарга қамалган¸ уларга нисбатан муносабат ва ҳоказо. Шунақаларни сўраганда жавоб бердим. Бизларнинг архивларни кўрсатдим.
Озодлик: Кейинги пайтларда АҚШ-Ўзбекистон муносабатларида изчиллик кузатилаяпти. Сўнгги олти ой давомида олтита юқори даражали АҚШ мулозими Ўзбекистонга келиб кетгани кузатилди. Бир қатор ҳужжатларнинг имзолангани хабар қилинди. Мана шу нарса сиз билан мулоқот чоғида сезилдими¸ сезилмадими?
- Очиғини айтганда¸ АҚШ президенти ëрдамчиларидан бирининг бизга ташриф буюриши бу биринчи марта бўлиши. 10 йил фаолият қилаëтган бўлсак¸ бу биринчи марта. Ўзи элчихонага кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячилари йиғилишарди. Шунда ҳар бирига 5 минут вақт беришарди. Мен шахсан миннатдорчилик билдирдим. Иложи борича инсон ҳуқуқлари борасидаги аҳволни президент Обама ҳам билса¸ бизларда ҳамма фактлар бор бу масалада. Буни анчадан бери бизлар гапирамиз¸ журналистлар гапиради. Шахсан менга сиëсий тарафдан ëққани шуки¸ энди буларнинг жуда эътибор бериш нияти бор Ўзбекистонга. Бундан кейин булар иложи борича чуқурроқ ўрганиб қандайдир ҳатти-ҳаракатлар беришини гапириб ўтди. Мен тушундимки¸ ҳозирги Америка сиëсати Ўзбекистондаги аҳвол билан жуда ҳам қизиқаяпти. “Бизлар доимий равишда кузатиб борамиз ва қўлимиздан келган ëрдамни берамиз” деб ваъда қилди¸ дейди ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли¸ Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.
Аввал хабар қилганимиздек, АҚШ Давлат котиби ўринбосари Жеймс Стайнберг, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё давлатлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк ҳамда АҚШ президентининг Россия ва Евросиё бўйича бош маслаҳатчиси Майкл МакФолни ўз ичига олган бу делегация сўнгги олти ой ичида Вашингтондан Тошкентга келган олтинчи делегациядир.
Бунга қадар 2010 йилнинг 19 февралида Тошкентга АҚШ президентининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук¸ 5-6 апрел кунлари АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари¸ генерал Дэвид Петреус¸ Қирғизистон жанубида 10 июн куни бошланган қирғиндан сўнг эса АҚШ Давлат котибининг қочқинлар ва миграция масалалари бўйича ëрдамчиси Эрик Шварц¸ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиë бўйича ëрдамчиси Роберт Блейк ва Давлат котибининг демократия¸ инсон ҳақлари ва меҳнат масалалари бўйича ëрдамчиси Майкл Познер келиб кетган.