Қирғизистон жанубида маҳаллий милициянинг асосан ўзбеклар ҳақларини топтаётганига оид хавотирлар БМТ даражасида янграётган бир кезда ҳукумат расмийлари ва айрим ноҳукумат гуруҳлари бу ҳудудга ЕХҲТ полиция кучларининг киритилишига норозилик билдирмоқда.
21 июл куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги маркази биноси олдига йиғилган “7 апрел” ҳаракатининг 10 чоғли фаоллари Қирғизистон жанубида мамлакат қуролли кучлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аҳоли ҳуқуқлари бузилаётгани, асосан, маҳаллий ўзбеклар куч ишлатар тузилмалар ходимлари зўравонлиги қурбони бўлаётганига оид нуфузли халқаро ташкилотлар бераётган баёнотларга норозилик билдирди.
Ҳаракат лидерларидан бири Ундуруш Тўқтанасиров, жумладан, Ҳюман Райтс Уотч ташкилотини бирёқламаликда айблади.
- Ҳюман Райтс Уотч деган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Америка ташкилоти бор экан. Ўша ташкилотнинг бир томонлама маълумот берганидан норозимиз. Бу ташкилот Ўшда яқинда бўлган воқеаларда фақат ўзбек миллатига мансублар хўрлик кўраяпти, қирғизлар уларга босим ўтказаяпти, камига қамоқхоналарга оборволиб, танасини тамаки билан куйдираяпти, ураяпти, дўппослаяпти, деган мазмундаги маълумотларни интернетдан тарқатаяпти. Аммо бу воқеаларда қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ҳам жабр кўргани, фарзандлари, қариндошларидан айрилиб, бошига қайғу тушган қирғиз фуқаролари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, деди норозлик тадбири ташкилотчиларидан бири Озодлик мухбирига Ундуруш Тўқтанасиров.
Тўқтанасиров каби қирғиз фаоллари етовида ЕХҲТ нинг Бишкекдаги маркази биноси ёнига йиғилган намойишчилар Ҳюман Райтс Уотч ва бошқа халқаро ташкилотларнинг Ўш ва Жалолободдаги вазият ҳақида берган баёнотларига таянаëтган халқаро полиция кучларининг Қирғизистонга киритмасликни талаб қилмоқда.
Шу мазмундаги талаб ва баёнотлар ҳозирги кунда нафақат қирғиз фуқаролик жамияти вакиллари¸ балки Қирғизистон вақтли ҳукуматининг юқори лавозимли аъзолари оғзидан ҳам янграмоқда.
Бироз муқаддам Қирғизистоннинг эндиликда собиқ Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи генерал Исмоил Исаков ва Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун ҳам ЕХҲТ халқаро полициячилари миссиясининг Қирғизистон жанубига киритилишига қаршилик билдирган эди.
Парламент сайловида иштирок этиш ниятини билдириб, 20 июл куни истеъфо берган генерал Исмоил Исаков фикрича, Қирғизистон ҳукуматининг эндиликда халқаро тинчликпарвар кучларга эҳтиёжи йўқ ва мамлакат жанубидаги вазиятни ўз кучи билан барқарорлаштириши мумкин.
Икки кун муқаддам ҳам Қирғизистон муваққат ҳукуматининг жанубдаги махсус вакили бўлган генерал Исоқов Озодлик радиосига берган интервьюсида, ҳаттоки, ташқи аралашув Ўш ва Жалолободда энди изига туша бошлаган вазиятни хавфли тарзда издан чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
Хорижлик полициячиларнинг мамлакат жанубига киритилиши келтириб чиқариши мумкин салбий оқибатлардан огоҳлантираётган Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун фикрича¸ шу кунга қадар муваққат ҳукуматга ишониб турган халқ кейинчалик халқаро кучларгагина ишониб қолиши мумкин ва бу эндигина ўрнатила бошлаган тинчликка раҳна солиши мумкин.
Бундан бироз аввал айнан Турсунбек Акун мамлакат жанубидаги қонли воқеаларда айбланиб, асосан, маҳаллий ўзбеклар ҳибсга олинаётгани, уларга нисбатан ноқонуний муносабат бўлгани, қийноқлар қўллангани аниқлангани ҳақида баёнот берган эди.
Омбудсмен жанобларига ана шу баёнотни эслатиб, ЕХҲТ полициячиларининг киритилишига қаршилиги сабабларини сўраганимизда, шундай жавоб олдик:
- Албатта, асосан, ўзбекларни ҳибсга олган. Улар Миллий хавсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ертўлаларида ётибди. Бу яхши эмас. Мен танбеҳ ҳам бердим: Нега “зачистка”ларни фақат ўзбек маҳаллада ўтказаяпсизлар, нега қурол-яроғ топилган Қорағўлжа (Ўш шаҳри яқинидаги тоғли туманлардан бири)да ўтказмаяпсизлар? Ҳозир Қирғизистон қуролли кучлари генерал Исмоил Исаков ва унинг ўрнига тайинланган янги раҳбар етакчилигида шу муаммоларни ҳал қилаяпти ва буни ҳал қилишга қирғиз ҳукуматининг кучиям, интеллектуал салоҳатиям етарли. Бунда ЕХҲТ каби ташкилотларнинг аралашувига ҳожат йўқ. Бу ҳаттоки, биз учун ҳақорат, деди Қирғизистон Омбусмени Турсунбек Акун.
Айни пайтда жаноб Акун¸ агар халқаро полициячилар мамлакат жанубига киритилгудек бўлса, жанубликларнинг ҳаммаси — ўзбегию қирғизи Қирғизистон муваққат ҳукуматини ҳатлаб ўтиб, уларга мурожаат қила бошлаши мумкинлигидан хавотир билдирди.
- Кейин улар ЕХҲТ га, Брюсселга, Прагага, Америка телефон қилишни бошлайди. Кимдир бир хатога йўл қўйса, у ёққа хабар қилишни бошлайди. Улар бизга мурожаат қилмай қўйишади, дея изоҳлади ўз ташвишини Турсунбек Акун.
Лекин Омбудсмен жаноблари, ўзи каби халқаро полиция кучларининг Қирғизистонга киритилишини истамаётган амалдорлар бу борада президент Роза Ўтунбаева қабул қилган қарорни ўзгартиришга қодир эмаслигига кўзи етиб турганини алоҳида таъкидлади.
- Бу ҳақда қарор қабул қилинди. Тамом энди, ҳадемай у кучлар мамлакатга кириб келади. Фақатгина мен профессионал ҳуқуқ ҳимоячиси ва сиёсатчи сифатида бундан ҳеч бир фойда бўлмаслигидан огоҳлантириб қўймоқчиман, деди Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун.
Айни пайтда хориж полициясининг мамлакатга киритилишига жиддий қаршилик билдирган Қирғизистон Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи генерал Исмоил Исаков 20 июл куни истеъфо берар экан, у ўз ўрнига тавсия қилган номзодни Роза Ўтунбаева қабул қилмади.
21 июл куни президент хоним бу лавозимга ўз номзоди - генерал-майор Абибулла Кудайбердиевни тайинлади. Бу ҳарбий мулозим халқаро полициячиларнинг Қирғизистонга киритилиши борасида ҳозирча бирор баёнот бермаган бўлса-да, таҳлилчилар унинг бунга қарши бўлмаслигини тахмин қилмоқдалар.
21 июл куни Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзаакматов ҳам ЕХҲТ кучларини шаҳарга олиб киришга ҳожат йўқлиги, шаҳарда тинчлик ўрнатиб бўлинганини, ўшликларнинг деярли ҳаммаси хорижлик полициячиларнинг шаҳарга киритилишига қарши экани ҳақида баёнот берди.
Мамлакат жанубини ўз назоратига олган ва шу кунга қадар турли манбаларда Ўш-Жалолобод қонли низоларига алоқадорлик, уларни уюштирганлик ва бу воқеалардан кейинги зўравонликларга раҳбарликда айбланаётган Мирзаакматовнинг қаршилиги ЕХҲТ кучларининг мамлакатга киритилишига жиддий таъсир қилиши, муҳими, хорижий кучларнинг мамлакатга кечроқ киритилишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида билдирилаётган тахминлар ҳам бор.
Бу тахминлар баробарида ЕХҲТ халқаро полиция кучлари миссиясининг Қирғизистонга қачон киритилиши ҳануз мавҳумлигича қолмоқда.
Ташкилот матбуот котиби Виржиния Коллудон бу масалага 22 июл тушдан кейингина бирор ойдинлик кириши мумкин, деди.
- Ташкилотга аъзо 56 давлат вакиллари 21 июл куни пешиндан кейин ва 22 июл куни эрталаб кузатувчи полициячилар гуруҳини мамлакатга жойлаштириш режасини муҳокама қиладилар. Биз 56 давлат розилигини олишимиз керак. Фақат 22 июл тушдан кейингина сизга бу борада бирор янгилик айтишимиз мумкин. Ҳозирча таъкидлашим мумкинки, аъзо давлатлар вакиллари шу кунларда интенсив равишда шу масалани муҳокама қилмоқдалар, деди ЕХҲТ нинг матбуот котиби Виржиния Коллудон.
ЕХҲТ ва Қирғизистон ҳукумати Ўш-Жалолобод вилоятларига 52 қуролсиз полициячидан иборат кузатув гуруҳининг киритилиши тўғрисидаги келишувни 17 июл куни Олмаотада бўлиб ўтган аъзо давлат Ташқи ишлар вазирлари учрашувида имзолади.
Дастлабки режада¸ хорижлик полициячилар гуруҳини ҳозирча 4 ойга киритиш ва зарурат бўлган кезда улар сонини 102 тага қадар ошириш эҳтимоли кўзда тутилган.
ЕХҲТ полиция кучларининг Қирғизистон жанубига қачон киритилиши мавҳум бўлиб қолаëтган бир кезда¸ қирғиз милицияси бедодлигидан кимга арз қилишини билмай турган Ўшнинг ўзбек маҳаллалари аҳли минтақага нейтрал кучлар киритилишига вазиятни яхшилаш йўли сифатида қарамоқдалар.