Ўш ва Жалолободдаги қирғин ҳовури босилар-босилмас¸ бу қирғинда жони ва молидан айрилганларнинг аксарияти шуурига ўрнашган "Ал қасасул минал Ҳақ!" калимаси уларда тинчлик бермай келаëтир. Озодликка кейинги 40 кун ичида келаëтган аксар мактуб ва шарҳлар айни шу мазмунда. Хўш¸ улкан бир зулм остида қолганлар Ўш ва Жалолободдаги каби вазиятларда¸ Ислом арконларига кўра¸ ўзларини қандоқ тутмоқлари лозим?
Ўш ва Жалолобод фожиалари содир бўлганидан буён мусулмонлардан олаëтганимиз саволлар, мурожаатлар, мақолаларимиз остида қолдирилаётган шарҳлар мазмунини ҳозирга келиб бир неча сўзлардан иборат бўлган тадрижий бир занжирда ифодалаш мумкиндек:
АЛАМ, СУЛҲ, ХУН ва ФАТВО.
Алам
Ўш ва Жалолобод фожиалари, шубҳасиз, ўзбекларнинг дилини доғлади. Ҳам мусулмон¸ ҳам ўзбек сифатида ушбу фожиани турли минтақалардан туриб кузатган ва уни бошдан кечирган инсонларнинг қалбида алам қолди.
Қирғизистон жанубидаги Ўш, шу жумладан, Жалолобод, Қорасув, Ўзган шаҳарлари Марказий Осиё минтақасида исломийлашув энг кучли ва эркин бўлган ҳудуд ҳисобланаётган ва эҳтимол, айни шу жиҳати билан минтақа давлатлари ҳукуматларида хавотир уйғотган эди.
Бу исломийлашув ҳудуднинг ҳам ўзбек, ҳам қирғиз миллатига мансуб аҳолиси ҳисобига кучайиб бораётган бўлса-да, бу жараёнда кўпроқ ўзбеклар тош босаётгани кўзга яққол ташланар эди.
Ҳозирга келиб, мамлакат жануби, хусусан, дин ва илм кучайган Ўш, деярли ҳувиллаб қолди, дейди Озодлик билан суҳбатда исломшунос олим Ҳабибулло Ҳакимов.
11-15 июн кунлари Ўшда содир бўлган воқеаларни кўп қатори бошдан ўтказган асли ўшлик Ҳабибулла Ҳакимов бу қирғиндан 40 кундан кўпроқ вақт ўтиб бундан кейин Ўшда аввалги каби ҳаёт бўлишига ишончи қолмаганидан гапиради.
- Мана 1990 йилда шу иш бўлиб ўтди. Бирорта одамни “Сен уюштирдинг. Сен ўлдиришда қатнашдинг. Ўт ëқишда қатнашдинг” деб давлат жазолагани йўқ. Лекин ўзбек халқининг ўзи тинчликсеварлиги учун¸ қалби¸ бағри кенглиги учун “Бир бўлдида. Қайтиб бўлмаса керак. Ўзлари ҳам афсусда” деган тушунчада юрилган эди. Афсуски бўлмади. Акаевни ҳайдаганда Бишкек шаҳрида катта талон-тарож¸ мародëрстволар бўлди. Унда ҳам бирорта одам жазолангани йўқ. Ҳатто зарар кўрганларга давлат компенсация ҳам берган эмас. Бу иккинчиси бўлди.
Мана учинчисида Бакиев ҳайдалганда ундан баттар мародëрство бўлди. Ҳатто туркларнинг ерларини эгаллаб олиш¸ ернинг эгаларини ўлдириш бўлди. Унда ҳам ҳеч қанақа жазо кўрилмади ва жазо кўрилиши ҳақида гап ҳам бўлмади. Мана бунинг натижаси ўлароқ Ўшдаги воқеалар бўлди.
Бу воқеаларнинг яна қайтарилмаслигига ва шу ишни уюштирганлар¸ энг ëмон ҳолатларни содир қилганлар жазоланишига қанчалик бағрикенглик қилмайлик¸ мен ва бирорта онгли ўзбекларнинг ичидан ҳеч ким ишонмайди. Бунга яна ҳозирги кундаги бўлаëтган ишлар ҳам далилки¸ ўзлари қилиб қўйиб ўзбекларга тўнкаш учун қаттиқ ҳаракат қилишаяпти. Албатта¸ буни чет элликлар кўриб турибди. Ишонмаяпти¸ ҳаммасининг ëлғонлигини ҳам ëзаяпти. Ичкарида тартибли равишда шу айбни маҳалласидан чиқмай ҳовлисини қўриган ўзбекни ана шу ишларнинг сабабчиси қилиб кўрсатишга ҳаракат бўлаяпти. Бу дегани¸ келажакда яна жазоланса ўзбек жазоланади¸ қирғиз жазоланмайди деган хулосага олиб келаяпти¸ дейди ўшлик исломшунос олимлардан бири Ҳабибулло Ҳакимов.
Ўш воқеаларига қадар Ўшдан туриб, ислом ва демократия йўналишида тадқиқотлар олиб борган бу кишининг ҳаёти ҳозир ўн минглаб шаҳардошлари қатори остин-устун бўлиб кетди ва у бундай кезларда исломда буюрилган икки йўлдан бирини танлаганини айтади.
- Ўзинг учун ўл етим. Менимча¸ шундан бошқа чора йўқ шекилли¸ деб қолдим. Ўз ерини¸ ўз жойини ҳимоя қилиш деган қоида ҳам бор. Фитна бўлган ердан кетиш керак¸ деган қоида ҳам бор. Кимга қайсиниси тўғри. Албатта¸ ҳамма ўзининг имкониятидан¸ тушунчасидан келиб чиқади. Масалан¸ Афғонистонга ўхшаб 30 йил чўзилса¸ ҳамма бола-чақам қўлида қурол билан рўпара келганини отиб юрадиган бўлишини¸ масалан¸ мен хоҳламасдим¸ дейди ўшлик исломшунос олимлардан бири Ҳабибулло Ҳакимов.
Бу танлов, шубҳасиз, ислом қоидалари асосида қабул қилинган танлов бўлди. Аммо у қонун, адолат ва давлатга ишонч қолмаган бир кезда қабул қилинди.
Ҳабибулло Ҳакимов ислом қоидалари асосида ўз уйини ўзи мудофаа қилиш билан бу минтақада яна шунақа низо кўтарилиши олдини олиш мумкинлигига ишонмайди. Шу боис биринчи йўлни — фитна бўлган жойдан кетиш йўлини танлади.
Бунақа йўлни танлаган ўзбеклар жуда кўп ва бугунги тало-тум кунларда Қирғизистон жанубини тарк этаётган мусулмонлар кўлами сезилмаётган бўлса-да, аммо, бироз фурсат ўтиб, бу яққол сезилади, дейди Ҳакимов.
Шу кунларда Жалолободда яшаётган яна бир суҳбатдошимиз Дилмурод ҳожи Ўрозов эса мамлакат жанубини ташлаб кетаётганлар орасида қирғизлар ҳам кўпчилик, дейди.
Дилмурод ҳожи Ўрозов Жалолобод вилоятининг собиқ қозиси — имом-хатиби. Ҳозирги кунда вилоятдаги “Ислом-таълим” маркази директори.
- Мен Бишкекка борганимда¸ Қўрдай деган жойда Қозоғистон билан Қирғизистоннинг чегараси бор¸ шу ерда чегара постида одамларнинг навбати шундай узунки¸ навбатда турган одам чегара ходимининг олдига тўрт соатда етиб бораяпти. Шу чегарада турганларнинг 100 да 90 фоизи қирғизлар эди.
Озодлик: Демак¸ улар Қозоғистон билан чегарага боришган.
- Ҳа¸ Қозоғистонга қараб ўтиб кетишаяпти.
Озодлик: Тахминан¸ қанча одамлигини айта оласизми?
- Кўп эди. Айтаяпманку¸ тўрт соат навбат турадиган бўлса¸ қанча одам бўлиши мумкин? Навбатга турган одам чегара ходимини кўриб турибди. Печатини босса¸ ўтиб кетади. Аммо шунга етгунча тўрт соат вақт ўтаяпти. Одамлар шунча кўп. Ваҳима жуда ҳам кўпайиб кетган эди шу вақтда. Ҳозир бироз босилгандир¸ лекин бундан бир ҳафта олдин мен кўрганимда шундай эди. Улар ўзбеклардан қўрқиб қочаëтгани йўқ. “Қирғизистонда тинчлик бўлмаяпти” деб фарзандларининг келажагидан қўрқиб қочаяпти¸ дейди Дилмурод ҳожи Ўрозов.
Дилмурод ҳожининг ўзи шу кунларда жуда оғир вазиятда қолган. Боиси, у низолашаётган ҳар икки томонга қондош.
- Қирғиз-ўзбек миллатларнинг ўртасида бир-бирига ҳеч қанақа нафрат бўлган эмас эди шу вақтгача. Менинг онам ўзбек¸ отам қирғиз. Бизнинг оиламизда шундай анъана бор. Катта бобомизнинг аëллари катта энамиз ўзбек бўлган. Бугун менинг оилам ҳам ўзбек. Бу ерларда бундай оилалар юзлаб¸ минглаб. Қирғизлардан ўзбекларга турмушга чиққанлар бор. Бу халқнинг ўртасида бир-бирларига нисбатан бунақанги кучли нафрат йўқ эди. Бу нарсани уюштирмагунча¸ каттагина кучлар келиб¸ одамларнинг онгини бузиб¸ пул бериб¸ қўлига қурол-яроғ бериб¸ бирининг иккинчисига нисбатан нафратини уйғотмаганда¸ бу ишлар бўлмас эди бу кунгача¸ дейди Жалолобод вилоятидаги “Ислом-таълим” маркази директори Дилмурод ҳожи Ўрозов.
Аммо, бу ишлар бўлди. Қон тўкилди ва аксар мустақил инсон ҳуқуқлари гуруҳлари таъкидлаëтган каби¸ кўпроқ ўзбекларнинг қони тўкилди. Ҳануз айнан ўзбеклар ҳуқуқ-тартибот идоралари зуғуми остида қолмоқда. Бугун бу ҳам баҳсталаб баëнот эмас - буни БМТ даражасидаги нуфузли ташкилотлар таъкидламоқда.
Эндиликда Муваққат ҳукумат шу икки миллат ўртасида сулҳга эришмоқчи ва бунда айнан диндорларнинг хизматига таянмоқчи.
Сулҳ
Ўш вилояти Ўзган туманида истиқомат қиладиган имомлардан бири Ҳикматулло Ҳакимов яқинда туман ҳокимлиги биносидаги йиғилишда иштирок этди.
Маҳаллий қирғиз ва ўзбек дин арбобларини йиғган ҳокимият уларга миллатлараро тинчлик-тотувликни ўрнатиш ишларидан гапирган.
- Яқинда “мажлис бўлади¸ семинар бўлади” деб чақиришган эди. Кейин билсам¸ семинар экан. Ўзимизнинг Ўзган район ҳокимиятида бўлди. Имомлар¸ шаҳарларда тузилган диний қўмиталардан вакиллар чақирилди. У ерда энди эски сийқаси чиққан гаплар. Диннинг роли ҳақидада. Биласизми¸ дин хизматчилари¸ айниқса¸ диндорлар ўт ўчирувчи вазифасида ишлатиб келинган Совет иттифоқидан кейинги даврларда. Шунчалик муҳимлиги аввалдан билинганда эди¸ дейди Ҳикматулло Ҳакимов.
Муваққат ҳукумат икки миллатни сулҳга келтиришга уриниб, тўғри йўлни танлади, аммо, бунга имкон бераётгани йўқ, дейди ўзганлик имом Ҳикматулло Ҳакимов.
- Мисол учун¸ мана ҳозир бизда биласиз¸ динимиз ичидаги ҳамма партияларнинг ҳаммасидан жамоат вакиллари бор. Ўзбекистон исломий ҳаракати ичимизда бўлмаса ҳам¸ мумкин шунга ҳамфикри бордир. Шу билан “Бу ишларни ЎИҲ қилди. Мана бу қилди¸ у қилди” деб дин вакилларига тўнкаб туриб дин вакиллари бўлган ана шу намозхонларни яна ўзининг домлалари билан тинчитиш усулида қилишлигининг ўзи нотўғри. Домлалар ëрдам беради¸ лекин ҳокимият битта нарсани ҳам айблаб¸ ҳам унинг устида ишлашлиги бу ҳокимиятга яна ишончсизлик¸ чуқурдан чуқур ишончсизлик пайдо қилаверади¸ дейди ўзганлик имом Ҳикматулло Ҳакимов.
Ҳикматулло Ҳакимов ўз сўзларига далил қилиб, шу кунларда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан июн воқеаларига алоқадорликда айбланаётган ўзбек диний жамоалари етакчиларидан бир нечасининг номини тилга олди.
Булар орасида энг таниқлилари қорасувлик икки диний уламо – Алоуддин Мансур ва Рашод қори Камоловлардир.
Рашод қори Камолов 12 июл ҳибсга олинди, сўроқ қилинди ва қўйиб юборилди.
Сўроқ чоғида Рашод қори, шунингдек, нафақат Қорасув, балки Фарғона водийсида танилган яна бир ислом олими Алоуддин Мансурга шаҳардаги тартибсизликларга етакчилик, қурол тарқатганлик, Ўзбекистон исломий ҳаракати каби радикал диний гуруҳларга алоқадорлик айби қўйилди.
Ҳозирга кунга қадар ҳам Қирғизистон муваққат ҳукумати бу воқеани изоҳлагани йўқ.
Аммо, Рашод қори Камолов, унинг ўз сўзларига кўра, имом ҳибсга олинганини эшитиб, шаҳар марказига йиғилган 20 мингга яқин оломондан ҳадик боис қўйиб юборилган.
Бугунга кунга келиб, на давлат ва на унинг куч ишлатар тузилмаларига ишончи қолган аҳоли энди шу йўл билан ўзини ўзи ҳимоя қилишга ўтди, деди Озодлик суҳбатда Рашод қори Камолов.
Хусусан , Қорасув шаҳрида қисқа муддатда 5 мингдан – 20 мингга қадар оломон, бизга маълум бўлишича, сўнгги ҳафталар ичида беш бора йиғилди.
Бир тарафдан, ҳукумат миллий ярашувни даъват қилар экан, ҳар икки жамоанинг диний раҳнамолари хизматига таянмоқда. Иккинчи томондан, ўзбек диний жамоалари етакчиларини қонли низони қўзғаганликда айбламоқда.
Бу жараёнларни кузатиб бораётган қирғиз имоми Дилмурод ҳожи Ўрозов ўзининг якуний хулосаси ўлароқ мана бу фикрни тилга олди.
- Қирғизистонда Россиядаги сочларини қирдириб олган ўрис фашистлари дейиладиган гуруҳга ўхшаган қирғиз фашистлари бормикан¸ деб ўйлаяпман. Давлат шуларнинг таъсирига тушиб қолганга ўхшаяпти фаразимда. Ë давлат айнан шулардан тузилиб қолди бугун ëки агар яхшироқ бўлганда¸ давлат шуларнинг таъсири остига тушиб қолди. Шундан қўрқаяпмиз. Мана ЕХҲТ нинг полиция кучларини киргизмасликка ҳаракат қилаяпти. Чунки “Жиноятлар ҳаммаси очилиб кетади. Гуноҳкорлар исботланиб кетади” деб қўрқишаяпти ва бутун миллатнинг юзига доғ бўлади¸ дейишаяпти. Буни ташқаридан бировлар келиб исбот қилмаса¸ бўлмайди. Мен айнан бугунги кунда Бишкекда митинг ўтказаëтганлар ҳа¸ полиция кирмасин деб ҳаракат қилаëтганлар ҳам шу миллатчиларми деб ўйлаяпман¸ дейди Дилмурод ҳожи Ўрозов.
Қирғизистон муваққат ҳукуматининг бу тахлит тушунарсиз ҳаракатлари билан жуда оғир изтироб, ҳадик ичида яна янги хавф-хатарни бўйнига олиб, юртида қолган ўшлик, жалолободлик, ўзганлик, бозорқўрғонлик, қорасувлик ўзбекларни мутлақо умидсиз, тушкун бир аҳволга солмоқда.
Буни эътироф этаётган маҳаллий диний жамоалар етакчилари шу оғир аҳволдан келиб чиқадиган бошқа бир жиддий муаммони тилга олмоқда.
Бу эса¸ бор ишончини йўқотиб, ҳимоясиз ва ночор қолган баъзи диндорларни ўйлантириб турган хун масаласи.
Хун ва Фатво
Суҳбатда бўлганимиз имомларнинг ҳар учаласи ҳам намозхонлардан “Қандай қилиб хун олсам бўлади?” деган саволлар тинимсиз бўлаëтганини айтади.
Имомлар ўз маърузаларида бу саволни берган намозхонга жавоб беришга мажбур қолар экан, фатво беришда жуда қийналаётганларини эътироф этадилар. Зотан уларни вақтли ҳукумат ўз назоратига олгандек кўринаётган вазиятнинг диний етакчиларнинг бир оғиз сўзи билан мутлақо назоратдан чиқиб кетиш эҳтимоли ўйлантирмоқда.
Аммо бунда ҳам агар хун талаб қилаётган инсон мусулмон бўлса-ю, у фақат фатвога қараб иш қилса.
Аммо, хуннинг пайига тушган одам фатвога ҳам қаноат қилмаса-чи?! Ёки у инсоннинг хун ва фатво билан иши йўқ, содда айтганда, исломга эътиқод қилмайдиган одам бўлса-чи?!
Ана шу саволни хавотир билан ўртага ташлаётган диний жамоалар етакчилари Озодлик билан суҳбат чоғида ҳам бу борадаги жавобларини муштарийларга тўлиқ етказишимизни қайта-қайта илтимос қилдилар.
Шу боис, биз бу борада икки суҳбатдошимиз - Дилмурод ҳожи Ўрозов ҳамда Рашод қори Камоловларнинг бу оғир савол турткисида билдирган мулоҳазаларига кенгроқ ўрин бердик.
Жалолобод вилоятининг собиқ имом-хатиби Дилмурод ҳожи Ўрозов:
- Дин ходими қаторида¸ динни тушунган одам қаторида Қуръонда айтилган Худонинг буйруғини айтдим. Яъни одам ўлдирганлар бир миллат иккинчи миллатни ўлдирди, десак нотўғри бўлади. Ëмон миллат бўлмайди, ëмон одам бўлади. Жиноятчи конкрет бир инсон¸ конкрет бир одам. Шариат жиноятчини тутиб шундан қасос олишликни дуруст дейди. Қандай қасос олади? Тишини синдирган бўлса¸ тишини синдиради¸ озод одамни ўлдирган бўлса¸ озод одамни ўлдиради¸ қулни ўлдирган бўлса¸ қулни ўлдиради¸ бурни учун бурнини¸ кўзи учун кўзини – мана шундай қилади. Бу қачон қилинади? Қачонки¸ ўша одамнинг жинояти исбот қилиниб¸ бўйнига қўйилиб у ана шу ўлдирганлигини бўйнига олгандан кейин қилинади.
Бу воқеаларда¸ бу аҳволларда иккита аскар ëки бўлмаса давлатнинг иккита қуролли кучлари урушгани йўқ. Бир-бирларига нисбатан нафратларни очиққа чиқариб юбориши билан бўлиб кетди бу нарса. Шунинг учун ҳозир “қирғизлар ўзбекларни ўлдирди” деган нарсани ушлаб олса ëки аксинча “ўзбек қирғизни ўлдирди” деган нарсани ушлаб олса ва ҳеч бир гуноҳи йўқ¸ намозини ўқиб¸ ибодатини қилиб¸ дўконига бориб савдосини қилиб келиб-кетиб турган битта қирғиз ëки ўзбекни ўлдириб қўйса¸ унинг ҳам ҳалиги жиноятчидан фарқи қолмайди. Биз Оллоҳ таолонинг борлигига¸ бирлигига иймон келтирганмиз. Қиëмат куни ҳар бир қилган ишимиз учун жавоб беришликни бўйнимизга олганмиз. Тўғри¸ сабр қилиш¸ чидаш ўта қийин¸ яна айтаяпман. Лекин ҳар қалай сабр қилишлигимиз керак.
Қорасув масжиди имоми Рашод қори Камолов:
- Шу қасосини оламан, деган одамларга¸ фарзандини йўқотган қирғиз ëки ўзбек бўлсин¸ менинг саволим бор. Қандай ҳолатда кимдан қасосингни оласан? Миллатдан деса¸ динимиз умуман рухсат бермайди. Мисол учун¸ мен қирғиз бўлсам¸ менинг фарзандим ëки укам вафот топган бўлса¸ ўзбекларнинг қўлида ўлган бўлса¸ мен “ўзбек миллатидан қасос оламан” дейишга динимиз¸ шариат рухсат бермайди. Айнан фитна дегани¸ ислом тили билан фитна дегани¸ шу нарса ҳисобланади. Жуда ҳам катта фитна¸ имтиҳонда қолдик. Инсонда табиат бор. Шуни қондиришлик керак. “Отаси ўлди¸ акаси ўлди. Шунинг қасосини кимдан олади?” деса¸ динимизга¸ Қуръон ва ҳадисга мурожаат қилинса¸ Оллоҳ субҳоноҳу ва таоло мана шундай имтиҳон берган одамга. Чиройлик сабр. Мана шу имтиҳоннинг эвазига Жаннатнинг мукофотини пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ваъда қилдилар. “Дунëда кимнинг яхши кўрганини Оллоҳ субҳоноҳу ва таоло олса¸ шунга чиройлик сабр билан эвазига Оллоҳ таолодан Жаннатни истаса¸ Оллоҳ таоло унга Жаннатни беради” дедилар пайғамбаримиз. Қасос оладиган одами тайин бўлса хўп. Лекин бугунги кунда “Мен сенинг акангни ўлдирдим” деган инсон йўқ ва бунга аниқ далил¸ ҳужжат ҳам йўқ. Бугунги кунда уммат фақатгина сабр қилиб қасосни эмас¸ мана шу касалнинг давосини ислоҳ қилишликни ўйлашлик керак¸ холос.
Озодлик: Унда бу ҳақсизликка кўниб¸ бу ҳақсизликнинг жавобсиз қолиши ҳақсизликни рағбатлантириш бўлмайдими? Бу ҳам ислом қоидаларига зид эмасми? дея эътироз билдираëтган мусулмонлар ҳам анчагина¸ хусусан Озодликка шарҳ ëзаëтганлар орасида.
- Бу ерда ҳақсизлик тўғри. Ҳақсизликдан кейинги келган ҳақсизликни аждодлардан қолаëтган меросни авлодларга дин ва миллатни дин ва инсонларнинг ҳаëти учун заҳар бўлган мана бу нарсанинг олдида адолатсизликдан кўз юмиб¸ ундан кейинги адолат учун қадам қўйишлик ҳисобланади.