Кореяда асли тошкентлик фирибгар қўлга олинди

Корея оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, асли тошкентлик бўлган Владимир Цой Кореяга келганидан сўнг қисқа муддат ичида ҳашаматли уйлар, қимматбаҳо машиналар сотиб олган.

Жанубий Кореяда 46 ёшли Владимир Цой товламачилик йўли билан 9400 нафар ўзбекистонликнинг беш миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулини ўзлаштирганликда айбланиб, ҳибсга олинди.
Корея матбуоти ёйинлаган маълумотларга кўра, жаноб Цой 2003 йилнинг май ойидан бошлаб Кореяга шартнома асосида ишлашга келган ўзбек ишчиларининг ҳар биридан бир йил давомида ҳар ойда 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулни алдов йўли билан ўз ҳисобига олиб келган.

Кореяда ишлаётган қашқадарёлик Алишернинг айтишича, улар бир йилда 3600 АҚШ доллари миқдоридаги пулларидан айрилиб қолишган.

- Ҳар ой 300 минг вон. Бу 2006 йилнинг пули билан 300 доллар тўлаганмиз. Кимгалигини лекин билмаймиз. Бу қаерга кетди - номаълум. Бир йилда 3600 доллар бўлади бу. Бир йил мобайнида ҳар ой 300 доллардан ўтказганмиз. 2006 йилнинг бошидан бошлаб 2008 йилгача неча киши келган бўлса¸ ҳаммаси бир йилда 3600 доллардан пул тўлаган. Қайтиб берамиз дейишган¸ лекин қайтаришмади, дейди Кореяда ишлаётган Алишер.

Сеул марказий туман прокуратураси Владимир Цойнинг фирибгарлик йўли билан 9400 нафар ўзбек ишчисидан ўзлаштирган пули миқдори беш миллион АҚШ долларни ташкил қилиши ҳақида маълум қилган.

Кореяда ишлаётган яна бир ўзбек ишчиси алданган ўзбеклар сони бундан-да кўпроқни ташкил қилиши мумкинлигини айтар экан, уларнинг ойлик маошларидан бу пул мажбурий тарзда ушлаб қолингани ҳақида гапиради.

- Бир-икки болалар беш-олти ой пул бергандан кейин “Э қўй¸ мен бермайман” деса¸ “Сени Ўзбекистонга қайтариб юборамиз, пулни тушир” деб, қандайдир номердан телефон қилган. “Сизлар шу пулни туширмасангизлар бўлмайди, бу мажбурий” деб бизга сиëсат қилган-да, дейди суҳбатдош.

Кореяда ишлаб қайтган тошкентлик Жасур исмли йигитнинг айтишича, улар Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Кореяга жўнатилган пайтида уларга бу пуллар кейинчалик қайтарилиши ваъда қилинган.

- Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг ташқи меҳнат миграция агентлигига документ топширганмиз. Бошида шартнома қўлимизда бўлмаган. “300 минг вон ўтказасизлар, бу пулинглар қайтариб берилади” дейилган. Бу бир йил давомида 3600 доллар пул бўлади-да. Кейин эса пул қайтарилмади, дейди тошкентлик Жасурбек.

Қашқадарёлик Алишерга кўра, улар ўтказган пуллар қайсидир бир жисмоний шахснинг ҳисоб рақамига ўтказиб борилган. Лекин шартномани муваффақиятли якунлаб, Ўзбекистонга қайтиб борган бирорта ишчи бу пулини қайтариб ололмаган ва ҳануз ололмаяпти, ҳатто шунча пул қаёққа кетганини ҳам билолмай лол. Бу суҳбатдошларимиз сўзларига кўра, Корея томони бу пулни "Ўзбекистонда" деяпти. Ўзбекистон эса "Кореяда" деяпти.

- "Беради¸ беради" деди. Лекин ким қаердан беради - ҳеч ким билмайди. Кейин бу ерда бизлар бир-иккита болалар билан адвокат ëлладик, мана шу пулни излаштиришга. Адвокат охирги точкага келиб, икки ой иш олиб борди-да¸ охири: “У пул Ўзбекистон счëтига ўтиб кетган”, деди. Кейин Ўзбекистондан битта-иккитасини суриштирдик. У ерда “Кореядан пул кирмаган” деб айтишди. “Ўзбекистон счëтига келгани йўқ”, деяпти. Лекин Кореядан адвокатнинг айтишича, пул Кореядан чиқиб кетган. Қаерга чиқиб кетган¸ қаерга тушган - ҳеч ким билмайди, дейди қашқадарёлик Алишер.

Корея матбуотига кўра, Владимир Цой АФЛМА номли фирма орқали ўзбек ишчиларини пулини ўзлаштириб келган.

Тошкентлик Жасурбекка кўра, шахсан Цой жаноблари Ўзбекистондан Кореяга ишчи жўнатишни қонуний йўлга қўйган биринчи шахс ҳисобланади.

- Бу ердаги меҳнат миграциясининг номи АФЛМА дейилади. Буларнинг беш-олтита ходими бор. Ўзбекистон билан Кореянинг алоқаларини боғлаб туришади булар. Уларнинг катта бошлиғининг фамилияси Цой деган. Биринчи бўлиб ўзбекистонликларни Кореяга олиб келиш бўйича фирма очган Цой бўлади, дейди тошкентлик Жасурбек.

Корея матбуотига кўра, асли тошкентлик бўлган корейс миллатига мансуб Владимир Цой 2008 йил Корея фуқаролигини олади. Орадан икки йил ўтиб, у бир қанча ҳашаматли турар-жойлар, қимматбаҳо машиналар соҳибига айлангани ҳақида ёзади Chosun.com интернет сайти.

Цойнинг яшаш тарзидан хабардор Кореяда ишлаётган ўзбек ишчиларидан бири бу ҳақда қуйидагиларни Озодликка маълум қилди:

- Цой деган тошкентлик корейс мана шу ерда ҳозир гражданствони сотиб олиб жойлашди. Маҳаллий корейс халқи ер олиб, уй қура олмайди. Арендага яшайди ҳаммаси. Лекин бу Цой миллионер бўлиб олган бу ерда. Тошкентлик корейс экан, дейди суҳбатдош.

Paxnet интенет сайти маълумотига кўра, жорий йилнинг апрел ойида Владимир Цойнинг Корея фуқаролиги бекор қилинган бўлиб, унинг экстрадиция қилиниши ҳақидаги тахминлар мавжуд.

Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Владимир Цой билан боғлиқ ҳолатни изоҳлашни хоҳламади.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эса “бу борада фақат расман мурожаат қилиш”имиз лозимлигини таъкидлашди.