Берлин кўргазмаси ўзбек пахтазорларидаги қулликдан огоҳ қилади

Қатор Ғарб нашрлари¸ ўзбек пахтасини болалар қонига ботган¸ дея таърифлаган.

4 август куни Германия пойтахти Берлинда "Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий болалар меҳнати" мавзусида фотокўргазма очилди. Берлиннинг Фрай университети кўргазмалар залига қўйилган суратларни таниқли немис фотографи Томас Грабка Ўзбекистонга қилган сафари давомида олган.


Шунингдек кўргазмада Ўзбек-Немис форуми фотосуратчиларининг 2009 йилги пахта мавсумида туширган тасвирлари ҳам бор.

17 сентябргача давом этадиган кўргазмадан мақсад Ўзбекистондаги пахта мавсуми олдидан расмий Тошкентга “Болалар меҳнатидан фойдаланманг” деган муждани юборишдир¸ дейди кўргазма ташкилотчиси¸ Ўзбек-Немис форуми раҳбари Умида Ниëзова.

- Бизнинг ташкилотимиз Берлиндаги Фрай университети ҳамкорлигида кўргазма қилаяпмиз. Бу кўргазма 17 сентябргача давом этади. Кўргазмада берлинлик рассом Томас Грабканинг фотосуратлари кўрсатилади. 2005 йилда Томас Грабка Ўзбекистонга бориб¸ у ерда пахта далаларида юриб расмларга туширган. Ўша пайтда Илҳом театрида шу фотосуратлар кўргазма қилиб кўрсатилган. Ҳозир бунақа тадбирларга Ўзбекистонда жой йўқ. Биз шу фотосуратларни бу ердаги кўргазмада кўрсатмоқчимиз. Шу билан бирга ўтган йил ва ундан олдинги йил олинган болалар меҳнатига оид фотосуратлар ҳам кўрсатилади.

Озодлик: Айни кўргазмани ташкил қилишдан мақсад нима?

- Мақсад яна бир бор Ўзбекистондаги болалар меҳнатига оид муаммоларни кўтариш. Мана яна пахта сезони келаяпти. Бу сезонда ҳам болалар меҳнатида фойдаланишлари мумкин. Шунга биз биринчи ўринда бу муаммога немис бизнес компаниялари ва немис сиëсатчиларининг эътиборини қаратмоқчимиз¸ дейди Умида Ниëзова.

2008 йилда АҚШ ва Европадаги йирик ширкатлар Ўзбекистон пахтасини бойкот қилганидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг болалар мажбурий меҳнатига қарши конвенциясини эътироф қилган эди. Аммо бу ҳужжат 2009 йилда ҳам ўзбек болаларининг пахта далаларида мажбурий меҳнатга жалб қилинишини олдини ола олмади.

2010 йилда АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон пахтасини сотиб олишни тақиқлаб қўйди.

Айни пайтда¸ ўтган йиллар давомида “Wal-Mart”, “Marks & Spencer”, “TESCO” каби кийим-кечак савдоси билан шуғулланадиган йирик ширкатлар мажбурий болалар меҳнати воситасида териладиган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган. Бу ширкатлар ўзлари ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга ўзбек пахтаси аралашиб қолмаслигини таъминловчи тизимни ҳам йўлга қўйган.