Шу кунларда Ўзбекистондаги коллежларда кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинмоқда. Халқ таълими мутасаддилари уч йиллик ўрта-махсус таълим тизимининг жорий этилишини ҳукуматнинг узоқни кўзловчи сиёсати, дея баҳолаётган бўлса, жорий йилда ҳам ўрта мактабни тугатган 600 мингга яқин ўқувчиларнинг аксарияти ўзлари истаган коллежларга кира олмайдиган бўлди.
Жорий йилда Фарғонадаги ўрта мактаблардан бирини тугатган 28 нафар ўқувчига синф раҳбарилик қилган ўқитувчи Шукуржон ака ўз ўқувчиларини коллежларга жойлаштириш учун анча-мунча тер тўкишига тўғри келганини айтади.
- 28 та ўқувчи 9 синфни тамомлади. Ҳар бирига алоҳида дело қилиб¸ 28 та дело тайëрладик. Ўқишга қандай ҳужжат топширадиган бўлса¸ ўша ҳужжатларини биз қилдик. 21 тасини битта коллежга олиб бориб тиқдим, бир бало қилиб. Жойламасам бўлмасди. Қолган иккита-учтасини бошқа коллежга мажбур қилиб жойлаб келганман. Мажбурий таълим. 9 синфни битиргандан кейин бирорта бола бўш қолмаслиги керак. Агар бўш қоладиган бўлса¸ мактаб раҳбари жавоб беради. Бутун Ўзбекистон бўйича шунақа. Шаҳардами¸ қишлоқдами 9 синфни битирган ўқувчини коллежга жойлаб¸ Маориф вазирлигига ҳисоб беради мактаб раҳбари,- дейди фарғоналик ўқитувчи.
Айни ҳолатни Бухоро вилояти Олот туманидаги нефт-газ саноати коллежларидан бирининг ўқитувчиси ҳам тасдиқлайди. Исмини ошкор қилмасликни маъқул топганимиз ушбу ўқитувчи ўзи ишлаëтган билим даргоҳига қабул имтиҳонлари ғирт кўзбўямачилик бўлганини айтади.
- Коллежга ўқувчиларнинг документларини домлаларнинг ўзлари олиб келди. Мактаб директорлари олиб келиб ташлади тамом. Имтиҳон йўқ. Ўқувчидан қаëққа борасан¸ нима қиласан деб сўралмайди ҳам. Мана шунақа система. Тўлиқ кўзбўямачилик,- дейди бухоролик ўқитувчи.
Фарғоналик ўқитувчи Мирзо Ваҳобов ҳам мактаб ўқувчиларини коллежларга жойлаштиришда ўқувчиларининг хоҳиш-истаклари инобатга олинавермаслигидан гапиради.
- Умуман олганда, кўп ҳам эркинлик ўқувчиларнинг ўзидамасда. Ўқувчилар ўзининг территориясидаги коллеж планини тўлдириши керак олдин. Қанақа мутахассислик бўлса¸ ўша ерда жойлашиши керак. Ўзбошимчалик билан бошқа шаҳарнинг ëки районнинг коллежига бориб ўқиши мумкин. Кўпинча бу нарсага йўл қўйилмайди. Агар бошқа районга ўзининг йўналиши бўйича бориб ўқийман деса¸ таниш-билиш ëки пул бериш билан ўша жойга жойлашади,- дейди Мирзо Ваҳобов.
Фарғона нефт ва газ саноати касб-ҳунар коллежида 6 август куни кириш имтиҳонлари ўтказилиб, 7 август куни имтиҳон натижалари эълон қилинган. Мазкур коллеж ходимаси ушбу таълим даргоҳи вилоятдаги нуфузли ўқув юртларидан бири эканини айтиб, мактаб битирувчиларининг коллежга қизиқиши кучлилигини айтади.
- Шанба кундан бери кирганларнинг спискалари осилиб турибди. Имтиҳондан кейин эртасига чиққан. 450 та ҳужжат топширган¸ 150 та ўқувчи қабул қилдик. Аризада иккинчи коллежнинг номи бор. Имтихондан йиқилган ўқувчиларни ўшаларга жўнатамиз ҳужжатларини. Ўша балл билан кириб кетаверишади, дейди коллеж ходимаси.
Бухоролик ўқитувчи Шуҳрат Муродов уч йиллик мажбурий –ихтиёрий ўрта-махсус таълим жараёни ёшлар келажаги учун жуда фойдалидир, деган фикрда.
- Ўқувчиларни 9 йиллик мажбурий таълимдан кейин коллежларга жалб қилиш тўғрисидаги фармонларга биноан, ўқувчилар коллежларда ўқишни давом эттиради¸ бу жуда яхши фармон. Чунки ўқувчи коллежда ўқиш жараëнида ҳам таълим олади¸ ҳам касб-ҳунар эгаси бўлади. Ана шу жиҳатдан коллеж ҳозир маъқул кўрилаяпти. Коллежнинг аҳамияти ҳозир жуда юқори. Ўқувчиларнинг ўзларининг коллежга бориши¸ қизиқиши юқори бўлган. Буни ҳукуматимизнинг таълим борасида олиб бораëтган тўғри сиëсати деб биламан,- дейди Шуҳрат Муродов.
Қашқадарëнинг Ғузор туманида яшовчи Абдураҳмон ўтган йили коллежни битирган бўлиб, у ўзи ўқиган коллеждаги таълим жараёнидан қониқмаганини айтади.
- Коллежларда билим савиямизни кўтаришимиз керак. Ҳамма жой порахўрлик. Пул талаб қилади. Билимга ҳеч қачон эътибор йўқ. Мен шу нимани ўқиб тугатганим учун шу гапни гапираяпман, дейди Абдураҳмон.
Олот туманидаги коллеж ўқитувчиси ҳам коллежлардаги таълим жараёнининг муаммоли жиҳатларини тилга олди. Унга кўра, коллеж ўқувчиларининг аксари Россияга мардикорликка кетган пайтлари, синф журналларида улар тўлиқ қайд қилиб борилади.
- Тўлиқ кўзбўямачилик. Ўқувчи битириб чиққани билан ҳам калласида ҳеч нарса йўқ. Номига келиб, кетиб юради. Лекин ўқитилмайдиям. Ўқувчи дарсга киради ва ўқитувчи билан гуринглашиб ўтиради. Келдими келди тамом. Битта гуруҳда тўртта-бешта ўқувчи ўқийдида. Қолгани йўқ. Анча қисми Россияга кетган. Битта курсдан 15 та ўқувчи Россияда бўлади. Лекин Россияда юрганларга журнал ëзилди. Ëзасан деди¸ ëздик. Директор “тўлиқ ëзасан” дейди. Ўқувчи ҳам хурсанд¸ ўқитувчи ҳам хурсанд. Ҳужжат тўлиқ кетаверади. “Коллежда шунча бола ўқияпти” деб бир жойларга ҳужжат топшириш учунда бу гаплар,- дейди бухоролик ўқитувчи.
Хива шаҳридаги педагогика коллежини тугатган хоразмлик Нигина Ўзбекистон коллежлари фақат мардикорлар етказиб беради деган фикрни билдиради. Нигина коллежни тугатгач¸ бир йил иш излаган. Бироқ тавсия қилинган ишларнинг иш ҳақи пастлиги боис бир ой аввал акаларига қўшилиб Россияга кетганини айтади.
- Хива шаҳридаги педколлежни тамомладим. Икки йилу олти ой ўқидим. Тугатиб иш излаб бир-иккита жойга бордим. Иш бор¸ лекин иш ҳақи жуда ҳам кам. Ҳаддан зиëд кам тўлашади. Мана бир қоп унга етиб қолади. Кўнглимдагидай иш топа олмаганим учун Россияга кетишга мажбур бўлдим, дейди Нигина.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида келтирилишича, ўтган ўқув йилида 598 мингдан кўпроқ ўқувчи 9-синфни битирган.
Амалдаги қонунларга кўра, ушбу ёшларнинг барчаси коллеж ва лицейларда ўқишни давом эттиришлари шарт ҳисобланади.