Қашқадарёда ўзбекистонликлардан бири қўшни Туркманистондан бензин олиб ўтаётиб туркман чегарачисининг ўқига нишон бўлган бўлса, Қамчиқ довонида бензин тақчиллиги боис 3 километрлик навбатларда турган машиналар эгалари ўртасида чиқаётган муштлашувлар бугуннинг манзарасига айланмоқда.
Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридаги ёнилғи қуйиш шаҳобчаларидан бирида ҳайдовчилар ўртасида муштлашув рўй берди, деб хабар қилди “Uzmetronom” сайти.
Сайт хабарига кўра, тахминан, 12 киши ўртасида рўй берган муштлашув ички ишлар ходимлари аралашуви билан тўхтатилган. Муштлашганларнинг аксарияти Қамчиқ довони орқали Фарғона водийси ва пойтахт Тошкент ўртасида қатнайдиган ҳайдовчилар бўлган.
Кун иссиқ, тирикчилик оғир, бунинг устига эса бензин дефицит. Олис йўл босиб келиб, яна соатлаб навбат турсанг-у, битта учар ҳайдовчи келиб навбатсиз бензин олишга уринса асабинг қайнаб кетадида, дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда ана шундай муштлашувлар, тортишувларга тез-тез гувоҳ бўлиб турган такси ҳайдовчиси Камолиддин ака.
У биз билан суҳбатда бензин тақчиллиги боис аҳвол таранглашган Қамчиқ довонидаги вазиятни сўзлаб берди.
- Энди без очеред кириб олганларга шунақа қилаяпти. Муштлашиш ҳам бўлаяпти ҳатто.
Озодлик: Муштлашишгача етиб бораяптими?
- Энди бир хиллари без очеред кириб олаяптида. Ўшаларга ҳар қандай шофëрнинг аччиғи келиб муштлашадида. Қанча очередда турсангизда¸ биттаси келиб кириб олса¸ бунақа нарсалар бўладида. Ҳамма ерда ҳам бор нарсаю.
Озодлик: Бензин қачондан бери шунақа танқис бўлиб кетди?
- Буғдой пишгандан бери. Буғдой пишай деганда шунақа бошланди. Шу бўйича мана бўлаяпти. Бензин йўқ. Тошкентга борсангиз ҳам ҳар заправка очеред. Йўллардаги очередлардаку икки соатда 20 литр бензинни зўрға оласиз. Бензин ҳамма ëқда очеред. Тошкентдан тўлдириб¸ яна қайтиб борадиган қилиб олиб олиш керакда бензинни.
Озодлик: Андижоннинг ўзида йўқми вилоятларда?
- Вилоятларда бор. Ҳар кун очеред. Эрталаб бўлади¸ обеддан кейин йўқ. Бир машина бераяпти заправкаларга.
Озодлик: Тошкентда очередда қанча турасиз?
- Тошкентда шаҳарнинг ичида анча турмайсиз. Шаҳар четроғида туришингиз мумкин. Беш-олтита колонка қуйиб тургандан кейин ошиғи билан олтита машинадан кейин навбатингиз келиб қолади. Водийларда унчаликмас. Эрта билан ерга ëруғ тушмасидан очередга туриб олишаяпти одамлар.
Озодлик: Бензин қўлга ўтиб кетмадими?
- Қўлларда йўлларда турибдию.
Озодлик: Қўлда қанчадан?
- 2000 лиги ҳам бор. Жуда зарур жойларга келиб қолсангиз¸ ундан ҳам қиммат. Етиб олиш керак бўлиб қолган жойлар бўлса¸ ҳатто 3000 га чиқаяпти деб айтаяпти.
Озодлик: Газни қанчага қуйиш мумкин?
- Газни олдин 7000 дерди битта заправкаси. Газ ҳам икки хилда. Метани бор¸ пропани бор. Пропанни 1000 сўм ëзиб қўйибди килосини. Установкасини олдин бир ярим миллионга қўйиб бераëтган эди. Ҳозир икки миллион деяптию. Мен суриштириб кўрмадиму¸ шунақа деяпти.