“Korean Air” Навоий аэропортида янги терминални ишга туширди

“Korean Air” бошқараётган Навоий аэропорти, АҚШнинг Афғонистондаги амалиётлари учун транзит бекатига айланиши мумкин.

Бу тадбир Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий келишув экани айтилаётган эсада, келажакда Тошкентнинг Вашингтон билан яқинлашуви доирасида Афғонистондаги халқаро кучлар учун юкларни етказиб берувчи муҳим иншоотга айланиши эҳтимоллари юқори, демоқда таҳлилчилар.

2009 йилнинг 1 январидан бошлаб Жанубий Кореянинг “Korean Air” ҳаво компанияси бошқарувига берилган Навоий халқаро аэропорти президент Каримов қарори билан халқаро стандартлар даражасидаги интермодал логистика марказига айлантирилмоқда.
Навоий халқаро аэропртининг юк ташувчи парвозларни мувофиқлаштириш бўлими ходими аэропорт қошида очилаётган янги терминалнинг халқаро талабларга жавоб берадиган, бир кунда 300 тоннага қадар юкни қабул қилиб олиш ва кузатиш имкониятига эга бўладиган замонавий терминал эканини бўлишини тасдиқлади.

- 12 август куни янги терминланинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Аммо, бу дегани терминал тўлиқ иш бошлади, дегани эмас. Ҳали тугалланмаган ишлар бор. Ҳозирча фақат очилиш маросими бўлди, - деди Навоий аэропорти ходими.
“Korean Air” ҳаво компаниясининг Навоий шаҳридаги ваколатхонасида юк ташувчи агент бўлиб ишлайдиган Асилбек Боқиевга кўра, Boeing-747, Airbus A300-600 русумидаги йирик юк ташувчи самолётларни қабул қилиб олишга мўлжалланган Навоий аэропортида узунлиги 4 километрлик учиш-қўниш йўли ва бир вақтнинг ўзида 5 та самолётга барча турдаги хизматни кўрсатиши мумкин бўлган тўхташ жойи бор.

- Агар бир кунда 5 тагача юк ташувчи самолёт қабул қилиб олинса, янги юк терминали орқали бир кунда қабул қилиб, кузатиб юбориш мумкин бўлган юк миқдори 200 тоннадан ошади ва янги терминал шунчалик иш қувватига эга бўлади. Тўлиқ ишга тушиши билан шунча миқдорда юк ташиладиган парвозлар амалга оширила бошлайди, тахминимча, - дейди Асилбек Боқиев.
Унинг тахминича, Марказий Осиёда ҳозрича ягона бўлиб турган ва ундан фойдаланаётган ҳар икки давлат – ҳам Корея ва ҳам Ўзбекистон учун жуда қулай бўлган Навойи аэропорти қошидаги янги юк терминалида турли кўринишдаги маҳсулотларни сақлаш мумкин бўлган оддий омборлар ва музхоналар, шунингдек, хавфли юкларни сақлаши мумкин бўлган омборлардан иборат 6 та станция ҳам бор.

Хавфли юклар, дейилганда ҳарбий юклар ҳам назарда тутилганми, деган саволимизга жавобан “Korean Air” ҳаво компанияси агенти “йўқ”, деб жавоб берди.

- Хавфли юклар дейилганда, айнан, ҳарбий қурол-яроғ техникаси эмас, масалан, ёнилғи, газ ёҳуд ёқилғи маҳсулотлари назарда тутилмоқда. Бу юклар саноатнинг турли соҳаларида ишлатилади. Яъни, бизнинг компания ҳозирда, асосан, тинч аҳоли истеъмолига мўлжалланган маҳсулотларни ташиш билан шуғулланмоқда, - деди Асилбек Боқиев.

Айни пайтда хорижлик таҳлилчилар ҳозирданоқ халқаро ҳаво компаниялари эътиборини тортган Навоий аэропорти истиқболда минтақадаги қулай логистика марказига айланиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Хусусан, аэропорт Қўшма Штатларнинг яқин иттифоқчиларидан бири бўлган Жанубий Корея бошқарувига берилгани келажакда ундан Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун ноҳарбий юкларни ташишда фойдаланиши мумкинлиги таҳлилчилар муҳокама қилаётган асосий мавзулардан биридир.

Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасида бу хусусда шартнома имзоланганидан буён аэропортдаги жараёнларни кузатиб келаётган ғарблик тадқиқотчи журналист Дейдре Тейнан ана шундайлардан бири.

- Бу билан бир тарафдан, Тошкент “Korean Air” ҳаво компаниясига солиқ соҳасида берилган имтиёзлар муддатини узайтириб, логистика марказини бунёд этишни давом этиришга даъват қилмоқда ва ундан тижорий мақсадларда фойдаланмоқда. Иккинчи томондан эса, “Korean Air” ҳаво компанияси АҚШ билан шартнома тузиб, Ўзбекистондаги логистика маркази орқали Афғонистонга ноҳарбий юкларни етказиш имконига эга бўлмоқда. Яъни, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида имзоланган бу шартнома барча томонлар учун ҳақиқатда ҳам фойда келтирувчи битимдир. Хусусан, Ўзбекистон томони кўраётган даромад миллиолаб АҚШ долларини ташкил қилмоқда,- дейди ғарблик тадқиқотчи журналист Дейдрэ Тейнан.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилнинг 1 январидан бошлаб, Навоий аэропорти 5 йиллик муддатга “Korean Air” ҳаво компанияси бошқарувига берилган. Кореяликлар шартнома муддатини яна 5 йилга узайтириши ҳам мумкин.

АҚШнинг Осиёдаги яқин иттифоқчиси бўлган Жанубий Корея ҳукумати Ўзбекистон билан Навоий хусусидаги шартномани имзолаётган 2008 йилда Тошкент билан Вашингтон ўртасидаги алоқаларни яхшилашда воситачилик қилиш истагини билдирган эди.

Бу шартнома ўз вақтида 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати Хонободдаги АҚШ ҳарбий базасини чиқариб юборган ва Ғарб билан муносабатлари совуқлашган кезда АҚШ иттифоқчиси бўлган давлат билан имзоланган энг йирик шартномалардан бири сифатида баҳоланган эди.

Ҳозирги кунда Навоий аэропортининг ўзида ҳануз реконструкция ишлари давом этмоқда. Аэропортни замонавийлаштириш жараёнининг илк босқичи якунига етган 2008 йилнинг август ойида дастлабки халқаро транзит парвозлари Сеулнинг Инчеон аэропортидан бошланиб, Навоий аэропорти орқали Миланга амалга оширилган эди.

Ҳозир аэропортни бошқараётган “Korean Air” ҳаво компанияси ва 2008 йилда бу компания билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бир ҳафтада умумий ҳисобда 20 дан ортиқ парвозни амалга оширмоқда.

“Korean Air” ҳаво компанияси улушига, асосан, қитъалараро транзит юк парвозлари тўғри келмоқда. Компания Boeing-747 самолётларида ҳафтасига 12 та рейс билан Инчеон-Милан-Навоий, Инчеон-Навоий-Брюссел ва Шанхай-Навоий-Милан йўналишларида юк ташиш парвозларини амалга оширмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси эса Airbus A300-600 русумли самолётларда ҳафтасига жами 11 та рейс билан Деҳли, Мумбай, Бангкок, Франкфурт, Дакка йўналишларидаги парвозларни амалга оширмоқда.
Миллий авиакомпания матбуот хизматининг билдиришича, яқин келажакда Истамбул, Олмаота, Дубай, Москва ва Тел-Авив йўналишлари бўйича ҳам парвозларни амалга оширишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Навоий аэропорти орқали амалга оширилаётган юк ташувчи парвозларининг 80 фоизи транзит парвозларидир, дейди Асилбек Боқиев Озодлик билан суҳбатда.

- Ҳозирча ўзимиздан кўпроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Корея ва Италияга жўнатилмоқда. Мисол учун, шу кунларда кунига ўртача 15 тоннадан қовунни Сеулга жўнатаяпмиз. Яъни, ўзимиздаги фермер хўжаликлари етиштираётган оддийгина полиз маҳсулотлари ҳам кетаяпти. Аммо, келажакда Навоийда қурилаётган Иқтисодий саноат зонаси ишга тушса, биздан хорижга кетадиган экспорт юклари ҳажми ошиши кўзланган, - дейди “Korean Air” ҳаво компаниясининг Навойи шаҳридаги ваколатхонаси агенти Асилбек Боқиев.

Эслатиб ўтамиз, Навоий аэропортини замонавийлаштириш ишлари 2008 йилда, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий компанияси ва “Korean Air” ҳаво компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик асосидаги шартнома имзоланганидан сўнг бошланди.