"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган тингловчи ва муштарийларимиз Ўзбекистон жазони ижро этиш тизимидаги ноҳақликлардан тортиб, мактаб формасининг қимматилигига оид муаммо ечими ҳақида фикр юритишди.
Акамга яна "срок" қўшиб беришди
Қашқадарёнинг Китоб туманидан қўнғироқ қилган Музаффар исмли тингловчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича қамалган маҳкумларнинг қамоқ муддатлари тугамасдан уларга янги муддат қўшиб берилаётгани ҳақида гапириб берди.
- Менинг акам Ражабов Хайрулла Абдурасулович Навоийнинг 46-зонасида ўтирибди. 159-модда билан тушганлар. Охирги маротаба декабр ойининг бошида хабар олган эдик. Орада сабаблар бўлиб¸ шароит бўлмай хабар ололмадик. Кейин акамдан хат келди. Хатни март ойининг бошида ëзган эканлар. Апрел ойининг бошларида олдик хатни. Бир ойларда етиб келган бизга. Бир келиб кетинглар¸ деган эканлар. Биз 13 апрел куни зонага борганимизда¸ зонадаги свиданчиклар бизга “Акангизнинг карцерга тушганига уч ой бўлган” деб жавоб беришди. Биз Тошкентга ГУИН га (Жазони ижро этиш бош бошқармаси – таҳр.) борганимизда “Қамоқхонанинг ўзида тергов бўлаяпти” деб жавоб беришди. Срок тугамасдан қайта тергов ва суд бўлган. Биз нимага эканлигини тушунмадик. Акам 2006 йилда қамалганлар. Тўққиз йилга кесишган эди. Срок ҳали тугамасдан яна тергов ва суд бўлганини биз тушунмаяпмиз¸ дейди китоб туманидан қўнғироқ қилган Музаффар.
Мелислар йўқолган ҳужжатларимни бир миллионга баҳолади
Бухоро шаҳридан қўнғироқ қилган 29 ёшли Одил Исаев паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва уй китобини йўқотганини ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳужжатларни қайта тиклаш учун ундан пора талаб қилаётганини айтади.
- Паспортим билан правам йўқолган эди. Милицияга бордим. Иложи йўқ деди. Мендан доллар сўраяпти¸ доллар. 450 доллар сўраяпти. Қаердан топамиз шунча долларни? Сўмни топиш мумкин. Долларни қаердан топаман?
Озодлик: 450 долларни жарима сифатида сўрашдими?
- Пора сўрадида. Чўнтакка кирадиган. Биласизми у 900 минг¸ бир миллион бўладида.
Озодлик: Буни ким сўради сиздан?
- Паспорт столнинг ëрдамчисида¸ дейди Одил Исаев.
Бизга деҳқончиликни ўргатинг, чўлдан чамае яратамиз!
Сурхондарёнинг Денов туманидан қўнғироқ қилган Абдулла Азимов вилоятда қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича олий таълим даргоҳини очиш зарурати борлигидан гап очди.
- Сурхондарëданман. Таълим соҳаси ҳақида гапирмоқчи эдим. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эшитаëтган бўлса агар¸ айтмоқчи эдим. Сурхондарë вилоятида битта олий ўқув юрти бор. У ҳам Термизда. Термиз давлат университети у ҳам. У ерда асосан педагоглар тайëрланадида. Сурхондарëликларнинг кўпчилиги ўша ерга мажбурликдан топширади. Сабаби олий ўқув юртларининг кўпчилиги Тошкентда жойлашган. Ҳамманинг ҳам Тошкентга бориб ўқишга имконияти етмайди. Сурхондарë аҳолисининг кўпчилиги асосан чорвачилик¸ деҳқончилик билан шуғулланади. Яна битта олий ўқув юрти очилиши керак. Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича очилса¸ яхши бўларди. Чунки ҳозирги пайтда фермерлар вужудга келаяпти. Фермер хўжаликлари¸ деҳқон хўжаликлари ташкил қилингандан кейин ерни билмаса¸ қандай фермер бўлади? Деҳқон қаердан фойдаланади? Сурхондарëнинг ерлари шўрланиб кетаяпти. Чўл ҳудудга айланиб кетаяптида. Шунга қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича олий ўқув юрти очилса¸ яхши бўларди,- дейди сурхонлик Аюдулла ака.
Мактаб формасини ўзингиз тикиб олинг!
“Эркин микрофон”нинг аввалги сонларидан бирида, тошкентлик бир тингловчи мактаб формаларининг нархи қимматлигидан шикоят қилган эди. Фарғоналик ўқитувчи Эркин Холматов бу ҳолатнинг муаммога сабаб бўлмаслигини айтади.
- Кечаги кунги эшиттиришингларда Тошкентдан телефон қилишиб¸ мактаб формаларининг қимматлиги ҳақида қандайдир нолишиб¸ хафа бўлишиб гапиришаëтган эди ота-оналар. Мен бир нарсасига ҳайронманда. Ҳаëт қонуни шундайки¸ инсон ўзи учун ўзи ҳаракат қилиши керак. Мисол учун ҳар битта оилада қизлар бор¸ аëлларимиз бор. Ўшаларни тикувчиликка¸ бошқасига ҳаммасини ўргатиб¸ ҳар қайсиниси ўзига ҳар қандай формани тикиб олиши мумкин. Мен ҳайронманда. Наҳот шуни кимдир тайëрлаб тикиб берсаю¸ олишса. Мен бундай нарсаларга тушунмайман¸- дейди фарғоналик ўқитувчи Эркин Холматов.
***********************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!