Икки йилдан бери телевизион ва радио эфирга яқинлаштирилмаётган хонанда Феруза Жуманиёзова энди лицензиясидан ҳам мосуво бўлди. “Ўзбекнаво” бирлашмаси рухсатсиз Тожикистонда концерт берган Ферузага лицензия қайтарилмагунича, қўшиқларини хиргойи қилишдан нарига ўта олмайди, демоқда.
Ўзбекистонлик таниқли хонанда Феруза Жуманиёзова “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасини расман огоҳлантирмай, шу йил ёз ойларида Тожикистонда концертлар бергани учун лицензиядан маҳрум этилди.
Исми ошкор этилмаслиги шарти билан Озодлик билан гаплашган “Ўзбекнаво” вакилига кўра, Жуманиёзова Тожикистонда рухсатсиз концерт уюштириб, Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йилда қабул қилинган 498- сонли қарори ҳамда лицензия талабларини қўпол равишда бузган ва шу сабабли Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги комиссия хонанданинг лицензиясини вақтинчалик тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган.
- Ўрнатилган тартибга кўра, улар бизга расман мурожаат этишлари ва огоҳлантиришлари керак, шу жойга кетяпман, рухсат беришингизни сўрайман деб. Биз бунинг учун катта масштабда ҳужжатларни талаб қилмаймиз. Келиб бизни огоҳлантириши керак эди холос. Ҳарҳолда чет элга чиқаяпти, Ўзбекистоннинг номидан чиқади. Чиқиб¸ ҳар хил гапларни гапиради. Қайси ашулани айтади, нима ашула айтмоқчи, шуларни биз билишимиз керак, деди "Ўзбекнаво" вакили.
Хабарларга кўра, Феруза Жуманиёзова шу йил 13-16 июл кунлари Тожикистон Республикасининг қатор шаҳарларида концертлар берган. Концертларни уюштирган Тожикистондаги “InterTaronaMedia” ширкати продюссери Зарина Балтуеванинг айтишича, тожикистонлик мухлислар Феруза Жуманиёзовани севиб тинглашади. Унинг тақиқланиши икки давлат маданий алоқаларига салбий таъсир қилиши мумкин.
- Икки йил аввал Ферузанинг бу ердаги концертлари тожик томошабинларида катта қизиқиш уйғотган ва яхши қабул қилинган эди. Унинг бу ерга келиб концерт бергани учун лицензиядан маҳрум этилиши, менимча¸ ҳуқуқ нормаларига зид. Масалан, бирон жойга концерт бериш учун рухсат олиш деган қонун бизда йўқ. Фақат Ўзбекистонда бўлса керак бу, - дейди "InterTaronaMedia" ширкати продюссери Зарина Балтуева.
Аслида Ўзбекистонда Феруза Жуманиёзова учун эфир эшиклари икки йил аввал ёпилган эди. Буни Ферузанинг ҳам онаси¸ ҳам устози бўлган Зуҳра опа шу йилнинг феврал ойида Озодлик радиосига тасдиқлаган эди.
- Мана ўтирибмиз. Яна меҳнат қилиб турибмиз¸ яна ишлаб турибмиз. Клиплар¸ ашулаларни тўхтасин, дейишди¸ тўхтадик. "Кел", дейишса¸ борамиз. Шу тўхтатиб қўйишибдику. Телевидениега борсак ҳам “Қўйилиши мумкин эмас”, дейишади. “Бўпти”, деймиз. Тўхтатишди. Мумкин эмас Феруза дейишди.
Озодлик: Феруза Жуманиëзовани ким тақиқлади¸ нега тақиқлади?
- Биз билмаймиз буни. Бу саволни бошқаларга беринг. Бу саволларни Маданият вазирлигига¸ Ўзбекнавога беринг. Бизлар ҳеч нарсани билмаймиз. Бизлар фақат ижодимизни қилиб, ўтирибмиз¸ - деган эди Зуҳра опа.
"Ўзбекнаво" вакили эса, Феруза Жуманиёзова шу йилнинг июл ойига қадар расман лицензияси бўлгани, телевидениедаги тақиқ учун "Ўзбекнаво" жавоб бера олмасилигини айтди.
- Телевидениенинг ўзининг бадиий кенгаши бор. Қўшиғи ёқмагандир бадиий кенгашга. Унинг лицензияси бўлган, Ниҳол мукофотини олган. Президентимиз унга шунча шароит яратиб берган, - деди "Ўзбекнаво" вакили.
Лицензиядан маҳрум этилиши ҳақида Ферузанинг ўзи Озодлик радиосига гапиришни истамади.
Феруза Жуманиёзова ўзбек телерадиоларида тақиқланган ягона хонанда эмас. Ўзбек "примадоннаси" Юлдуз Усмонова президент Сапармурат Ниёзов тириклигида Туркманистонга бориб концерт бериб келганидан сўнг Ўзбекистонда тақиқларга дучор бўлган эди.
Лицензиясидан маҳрум этилган қўшиқчи учун фақат саҳна ва телеэфир эшиклари ёпиладими ёки тўй-ҳашамларга ҳам бора олмайдими, деб сўраймиз "Ўзбекнаво" вакилидан.
- Ашула ёзиши мумкин, қўшиқларини хиргойи қилиб юриши мумкин. Лекин расмий равишда тўй-ҳашам, концертлар ва бошқа оммавий тадбирларга чиқиш ваколати бўлмайди вақтинчалик. Энди қачондир вақт ўтгандан кейин қайта ариза топширади. Кенгаш кўриб чиқади. Яъни буни "Ўзбекнаво" ҳал қилмайди. Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузурида комиссия бор. Улар кўриб чиқади. Агар берилсин, деб хулоса чиқарилса¸ Ўзбекнаво лицензиясини расмийлаштириб беради. Агар берилмасин деса¸ яна қайсидир муддатга қолиши мумкин. Қарорда бу муддат кўрсатилмаган, - деди "Ўзбекнаво" вакили.