Бизнесга нафи тегса, болаларни ишлатса ҳам бўлаверади!

“AmCham Uzbekistan” Америка савдо палатаси раҳбари Николсон жаноблари ўзбек болалари каби бир неча ой давомида эртадан то кеч пахта далалрида тер тўкмаган кўринади.

Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси раҳбари Доналд Николсоннинг баёнотини шундай талқин қилса бўлади.Ўзбек пахтаси мажбурий болалар меҳнати эвазига етиштирилиши ва АҚШ Меҳнат вазирлиги ўзбек пахтасини сотиб олмасликни тавсия қилганига қарамай, уни сотиб олишда муаммо кўрмаслигини айтмоқда “AmCham Uzbekistan” раҳбари.

www.uznews.net нашрининг ёзишича, 19 август куни Тошкентдаги матбуот анжумани чоғида, журналистларнинг Америка Mеҳнат вазирлиги болалар меҳнати боис ўзбек пахтасидан фойдаланишни бизнесменларга тавсия этмагани ҳақидаги саволларига жавоб берар экан жаноб Николсон: “Мен сиёсатчи эмасман. Агар пахта толасидан кийим-кечак тайёрлаш мумкин бўлса ва бунинг бизнесга нафи тегса, мен буни қиламан”, - деб жавоб қайтарган.

АҚШ Меҳнат вазирлиги 2010 йилнинг бошида ўзбек пахтасини мажбурий болалар меҳнати эвазига етиштириладиган маҳсулотлар рўйхатига қўшган ва тадбиркорларга ўзбек пахтасидан фойдаланмасликни тавсия қилган.

Қолаверса, қатор ташкилотлар, хусусан Америка ўқитувчилар федерацияси, Калвет Инвестмент ва Халқаро Меҳнат ҳуқуқлари форуми ташкилотлари ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлаганлар.

2008 йилда АҚШ ва Европадаги йирик ширкатлар Ўзбекистон пахтасини бойкот қилганидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг болалар мажбурий меҳнатига қарши конвенциясини қабул қилган эди.

Аммо бу ҳужжат 2009 йилда ҳам ўзбек болаларининг пахта далаларида мажбурий меҳнатга жалб қилинишига тўсиқ бўла олмади.

Мажбурий болалар меҳнати воситасида териладиган ўзбек пахтасини сотиб олишдан бош тортган ширкатлар сирасига “Wal-Mart”, “Marks & Spencer”, “TESCO”, “Gap”, “Target” каби кийим-кечак савдоси билан шуғулланадиган йирик ширкатлар киради.

Бу ширкатлар ўзлари ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга ўзбек пахтаси аралашиб қолмаслигини таъминловчи тизимни ҳам йўлга қўйган.

Лекин, АҚШ ва Европа текстил ишлаб чиқарувчиларининг норозиликларига қарамай жаҳон бозорида ўзбек пахтасига бўлган талаб сусайгани йўқ.

Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари учун курашиб келаётган Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзованинг айтишича, бунга бир қанча сабаблар бор.

- Биринчидан, АҚШ Меҳнат вазирлигининг ҳужжати тадбиркорлар учун шунчаки тавсия тусига эга бўлган ҳужжатдир ва бу тадбиркорларга ҳеч қанақа мажбурият юкламайди. Иккинчидан, бирон маҳсулот болалар меҳнати эвазига етиштирилганини ҳам исботлаш қийин. Ўзбек пахтаси билан ишлайдиган ширкатлар ҳам "Биз билмаймиз. Балки мана шу пахта етиштирилаётган пайтда болалар меҳнатидан фойдаланилмагандир, исботлаб беринг", дейишади. Буни эса исботлаш жуда мушкул,- дейди Ниёзова.

Америка савдо палатаси раҳбари, шунингдек, ўзбек милиция ходимлари оёғидаги пойафзаллар ҳам Америка сармояси маҳсули эканига эътибор қаратган. Жаноб Николсонга кўра, Ўзбекистондаги "Пойафзалчи" Америка-Ўзбек қўшма корхонаси ўзбекистонлик милиционер ва хавфсизлик хизмати ходимлари учун оёқ кийими ишлаб чиқарган. www.uznews.net нашрининг ёзишича, мазкур қўшма корхонада Николсоннинг ҳам улуши бор.

Пахта ва ўзбек милиционерларга аталган пойафзалдан ташқари Американи ўзбек мева-сабзавотлари ҳам қизиқтирмоқда. Жаноб Николсонга кўра, Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар кунига 40 тонна мева-сабзавот ейиши керак ва АҚШ бу маҳсулотни Ўзбекистондан сотиб олишга тайёр.

Бу масалани тезроқ ҳал этиш учун америкалик тадбиркорлар ва ҳарбийлардан иборат катта делегация Ўзбекистонга ташриф буюрган ва ўзбек мева-сабзавотларини Афғонистондаги Америка қўшинига етказиб бериш масаласини Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниев билан муҳокама қилмоқда.

Ҳозирда Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар учун мева-сабзавотлар Бирлашган Араб Амирликларидан сотиб олинади.

Америка савдо палатаси "AmCham Uzbekistan" раҳбари Доналд Николсон ўз чиқишида Ўзбекистонда бизнес ва сармоялар оқимига тўсиқ бўлаётган айрим муаммоларни ҳам тилга олиб ўтди. Шулардан бири Ўзбекистонда эркин валюта конвертациясининг йўқлигидир.

- Ўзбекистонда ишлаш қизиқарли, чунки ҳар бир янги кун янги муммолар олиб келади, - деди Николсон жаноблари.