Ўзбекистонда пахта теримига қаттиқ тайёргарлик кўриляпти. Ҳукумат ҳашарчиларни жойлаштириш учун дала шийпонларини тайёрлаш чора-тадбирларидан бу йил ҳам пахта теримининг асосий оғирлиги яна мактаб ўқувчилари ва коллеж-лицейлар талабалари зиммасига тушадиган кўринади.
Ўзбекистонда пахта терими мавсуми бошланиш арафасида. Вилоят ва туман ҳокимлари фермерлар, таълим муассасалари раҳбарлари, ички ишлар идоралари вакиллари иштирокида ўтказилаётган йиғилишларда бу мавсумга қаттаиқ тайёргарлик кўриш кераклигини уқтирмоқдалар. Бу ҳақда жиззахлик ўқитувчи Зиёдилло Раззоқов Озодликка буларни гапириб берди:
- Мана яқинда бизга мактабимиз директори “бу йил пахта мавсуми жуда қаттиқ бўлади. Бизга дала шийпони биркитилган. Шароитни тўғирлашимиз керак. Шунга барча ўқитувчилар тайëр бўлишинглар шарт” деган гапни айтди,- дейди Зиёдилло Раззоқов.
Унга кўра, Жиззах вилоятининг қишлоқ ҳудудларидаги ҳар бир мактабга биттадан дала шийпони биркитилган. Ўша шийпонга ётоққа бориб пахта терадиган мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари ўзлари учун ўзлари шароитни яратиб олишлари керак:
- Масалан ҳали пахта бошланмасданоқ мактаб директорларининг ҳар биттасига биттадан дала шийпонини юклашган. Бу йил ҳар йилгидек автобусда қатнаб пахта термас экан. Бу йил ëтоқ бўлар экан. Ўқувчилар ўша ëтоқда ëтиб пахта теришади. Чунки ҳозир ëнилғи жуда танқис. Техникалар етишмайди. Шу боис бу йил ëтоқ ташкиллаштирилибди. Бизда ҳам икки кундан бери салқин туша бошлади. Ëғингарчиликка қолдирмай¸ нест-нобуд қилмасдан эртароқ териб олиш мақсадида “Шийпонларга бориб ëтоқ жойларни ва шарт-шароитларни тўғирлайсизлар”, деб айтган. Ҳаттоки бизга ҳам шу нарсаларни айтди. “Ўқувчими ўқитувчими ким бўлишидан қатъи назар, бу йил ëтоқ бўлади. Ëтоқда ëтиб пахтани териб олишларинг керак экан”, деган гапни айтди.
Бу вазифа директорларга юклатилган. Директор нима қилади? Ўқитувчиларнинг кўмаги билан шийпонда ўқувчиларга ва ўқитувчиларга шароит яратади. Аввалги ҳолатдаги шийпонлар ҳозир йўқ. Номига тўртта бетонни тикка қилиб қўйган. Собиқ СССР пайтида шийпонларга эътибор жуда кучли бўларди. Ҳозир унақа эмас. Шунинг учун ҳозир таъмирлайди. Ëтадиганлар учун имконияти етса пол¸ бўлмаса хас тўшаб ëтишга шароит яратади. Ювиниш учун мосламалар тайëрлайди. Ўқувчининг тақдири ўша раҳбарнинг зиммасида бўлгандан кейин ўша жойда ҳеч қанақа ҳодиса рўй бермаслиги учун олдиндан шароит яратиб тайëрлаш раҳбарнинг зиммасига юклатган,- дейди Зиёдилло Раззоқов.
Жиззах вилояти ҳоким ўринбосарининг ёрдамчиси Ортиқали Нуруллоев Озодлик билан суҳбатда, дала шийпонларини мавсумга тайёрлаш учун махсус гуруҳлар тузилганини тасдиқлади:
- Шийпонлар билан шуғулланаëтган гуруҳларимиз бор. Тўртта гуруҳ чиқиб¸ шийпонларни терим мавсумига тайëрлаш бўйича ўзлари шуғулланиб, маълумотни қишлоқ хўжалик котибиятига топшириб кетаяпти. Жойларда тайëргарлик ишлари билан шуғулланаяпти,- дейди Жиззах вилояти ҳокимлиги вакили Ортиқали Нуруллоев
Бу йилги пахта мавсумига тайёргарликка катта эътибор қаратилётгани, хусусан, теримчилар учун дала шийпонларини тайёрлаб қўйиш ишлари авж палласига чиққани ҳақида Сурхондарё вилоятининг Музробод туманида ўқитувчилик қиладишан Ҳасанжон акадан ҳам эшитдик:
- Тайëргарлик бўлаяпти ëтар жой учун. Ëтиш учун жой тайëрланаяптида. Бизда Собир Сатторов жамоа хўжалигида лагер қурилган. Ўша жойда ва ҳар бир хўжаликда тайëргарлик кўрилаяпти. Олдинлар бундай бўлмас эди. Масалан бизларда ичимлик сувимиз йўқ. Ичимлик сувини биз сотиб олиб ичамиз. Газ эрталаб соат 4 дан 6 гача берилади¸ кечки пайт берилади. Бошқа пайт газ йўқ. Ўтган йил ëрдамчилар келган пайтда ҳам газ бўлмас эди. Энди қандай бўлади бу, билмадим,-дейди Ҳасанжон ака.
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи Абдуллажоннинг айтишича, бу йил мактаб болаларини пахта теримига чиқармаслик ҳақида туман ҳокимлигининг қарори чиққан. Лекин бу қарорнинг ҳар йилгидек қоғозда қолиб кетмаслигини тўла ишонч билан айтиш қийин:
- Фермерлар “ўқувчилар фақат ўқиши керак”, деяпти. Бу йил чиқмас экан умуман. Туман ҳокимининг қарори ҳам чиққан яқинда. Шу қарорда “Ким чиқарса¸ жазо берилади”, дебди. Фермерларга ҳам айтибди. “Агар ўқувчи бўлса¸ ўзингдан кўр”, дебди, - дейди деновлик Абдуллажон.
Бироқ, музрободлик Ҳасанжон ака, бу хил ваъдаларга ишонмайди. Ўтган йили ота-оналардан “болаларимни пахтага чиқармайман”, мазмунида тилхат ҳам ёздириб олинган эди, бироқ, пахта терими бошланишидан бир ҳафта ўтиб, ҳамма ўқувчилар далага ҳайдалди, дея эслайди Ҳасанжон ака:
- Ҳамма иш маҳаллага ва мактабга қолади. Фермерга пахта керак эмас. Бир-икки ойдан кейин пахтанинг эгаси ўқитувчи бўлиб қолади. Фермер ҳам қочиб юради. Уни ўз еридан топиб бўлмайди. Фақат эгаси мактаб директори¸ ўқитувчилар. Ҳеч кимга пахта керак бўлмай қолади. Фақат мактаб директорию маҳалла раисини прокурор ва ҳоким бориб уришади, сўкади, бошқа қилади. Балога қолган мактаб директорию оқсоқоллар,- дейди музрободлик Ҳасанжон ака.
Ўзбекистон болалар меҳнатидан фойдаланмаслик ҳақидаги БМТ конвенциясини қабул қилган. Лекин ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар ҳар йили Ўзбекистон ҳукумати болаларни пахта теримига оммавий жалб қилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тўплаб, эълон қилади.
Жаҳон ҳалол савдо ташкилоти ва Wal-Mart”, “H&M”, “Marks & Spencer”, “TESCO”, Levi Strauss, каби дунёнинг йирик чакана савдо ширкатлари болалар меҳнати эвазига етиштирилган ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилган.