Бир саволга 5 жавоб: Камбағаллар художўйроқми?

  • Замира Шукур

Бу саволга оид мулоҳазаларингизни +420 602 61 27 13 ëки +420 773 26 72 30 рақамларига қўнғироқ қилиш ëки SMS ëзиш орқали бизга йўлланг!

Маркази АҚШ да жойлашган Gallup тадқиқот маркази дунë бўйлаб ўтказган сўров натижалари асосида¸ одамларнинг даромади ва уларнинг динга муносабати ўртасида кучли алоқадорлик бор¸ деган хулосага келди. Бундай хулоса¸ Ўзбекистон мисолида¸ қанчалик ҳақиқатга яқин?

75 йилдан бери инсон табиати ва хулқини ўрганиш мақсадида минглаб тадқиқот ва ижтимоий сўровлар ўтказиб келаëтган Gallup ташкилоти 31 август куни ана шундай сўровларидан бирининг хулосасини эълон қилди. Гуруҳ тадқиқотчилари дунëнинг 114 давлатининг ҳар бирида 1000 нафардан вояга етган шахсга мурожаат қилиб¸ улардан ўз ҳаëтларида диннинг қанчалар муҳим рол ўйнашини сўрашган. Гарчи глобал кўламда ҳам сўралганларнинг аксарияти¸ аниқроғи уларнинг 84 фоизи дин ҳаëтимнинг муҳим қисмидир¸ дея жавоб берган эса-да¸ тадқиқот натижалари дин ролининг камбағал давлатларида кучлироқ эканини кўрсатган. Дунëдаги энг камбағал давлатлар сирасига кирувчи Бангладеш¸ Нигер¸ Яман¸ Малави¸ Шри Ланка ва Бурунди каби юртларда респондентларнинг 99-98 фоизи "дин менинг кундалик ҳаëтимнинг муҳим қисмидир"¸ деб жавоб берган. Аксинча¸ тараққий қилган ва бой Ғарб давлатларидаги респондентларнинг аксари¸ АҚШни мустасно қилганда¸ ўз кундалик турмушида дин ролининг муҳим эмаслигини билдирган. Шундан келиб чиқиб Gallup тадқиқотчилари¸ жамиятнинг диндорлик даражаси билан мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият ўртасида кучли алоқадорлик¸ бор¸ деган хулосага келган.

Gallup тадқиқотчиларининг бундай хулосаси¸ асрлардан бери мавжуд эски қарашнинг янги тасдиғи бўлди. "Дин бу камбағаллар минтақасидир" деган қараш атрофидаги мубоҳаса ҳам асрлардан бери давом этиб келаëтган тортишувдир. Gallup хулосаси турткисида бу баҳсга қайтадиган бўлсак¸ жамият ва шахсларнинг диндорлик даражаси билан уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўртасида бевосита алоқадорлик борми? Содда қилиб айтганда¸ камбағаллар диндорроқ ва художўйроқми?

Бу саволга имкон қадар Ўзбекистон ва Марказий Осиë минтақасида воқелиги асосида савол топиш илинжида¸ Ўзбекистон ва минтақадаги таҳлилчи ва кузатувчиларга мурожаат қилдик.

Камолиддин Раббимов, мустақил сиёсатшунос:

Камолиддин Раббимов
Мен Gallup томонидан ўтказилган социологик тадқиқот натижалари билан танишиб чиқдим. Унга кўра¸ давлат қанчалик камбағал бўлса, жамиятда диндорлик даражаси шунча юқори бўлади¸ деган хулоса берилган. Тадқиқот репрезентатив ўтказилмаган, жамоатчилик фикри аралаш методлар орқали олинган. Шундай бўлса-да, натижаларни Ўзбекистон мисолида таққослаб кўриш, ўзбек жамиятида диндорлик даражаси ва унинг сабаблари, табиати, хусусиятлари ҳақида фикрлаш жуда актуал. Тадқиқотда санаб ўтилган камбағал, ва айни пайтда диндорлик даражаси юқори бўлган давлатларнинг аксарияти мусулмон давлатлардир. Шу сабаб, Gallup “камбағаллик диндорликнинг ошишига сабаб бўлмокда” деган хулосани беради. Бу хулоса тўғри, лекин қисман тўғри¸ холос.

Ўзбекистон шароитида қуйидаги ўзига хосликлар мавжуд. Биринчидан, Ўзбекистон ғарбидан шарққа борган сари аҳоли зичлиги барқарор ўсиб боради. Яъни, Қорақалпоғистон энг сийрак, Андижон эса энг аҳолиси зич ҳудудлардир. Иккинчидан, ғарбдан шарққа қараб аҳоли зичлиги ўсгани сайин “ижтимоий муносабатлар” (социальные коммуникации) ҳам барқарор ўсиб боради. Учинчидан, айнан аҳоли зичлашуви ва ижтимоий муносабатлар кучайиши билан боғлиқ ҳолда аҳолининг диндорлик даражаси ўсиб боради.

Ўзбекистоннинг энг диндор минтақалари бу Фарғона водийси вилоятлари, Тошкент шаҳри, ҳамда пойтахт вилоятидир. Лекин бу ҳудудлар иқтисодий жиҳатдан камбағал эмас, аксинча, бошқа вилоятларга нисбатан иқтисодий ривожланган. Ўзбекистонда шу пайтгача ўтказилган социологик тадқиқотлар натижалари қуйидагиларни кўрсатади: 99% аҳоли ўзини эътиқод қилувчи, яъни “Худога ишонувчи” деб ҳисоблайди. Лекин, “диний турмуш тарзи кечирувчи” ёки ўзини “диндор” деб баҳоловчи аҳоли ҳозирги пайтда 15-16% атрофида (рақамлар 2007-2008 йиллар кўрсаткичлари). Бу ҳолат кўпгина жамиятларга хос бўлган юқори диний ўзлик ва нисбатан паст диний амалиётни ифодалайди. Умуман, диндорлик даражасини белгилаб берувчи, диний фаоллашувнинг замирида ижтимоий муаммоларнинг ўзигина эмас, балки, ушбу муаммоларни англай олиш қобилияти ётади.

Ўзбекистондаги тадқиқотлар шу нарсани тасдиқлайдики, “фаол диний турмуш тарзи кечирадиган аҳоли қатлами” синфий характерга эга эмас. Яъни, “мен диндорман” деган аҳолини бирор-бир ижтимоий синф билан тасвирлаб бўлмайди. Ўрта синфда ҳам, камбағаллар орасида ҳам, бойлар орасида ҳам диндорлик фоизлари бир-бирига анча яқин. Лекин “шаҳар - қишлоқ” кўрсаткичи бўйича шаҳарликларнинг диндорлик даражаси ҳар доим юқори бўлиб келганлиги кузатилади. Ўзини диндорлигини таъкидлаган аҳолининг социал-демографик кўрсаткичларига келсак, этник нуқтаи назардан ўзбекларда (ҳар хил йилларда одатда 90-95% атрофида); ёши улуғ респондентларда (ўртача 16-23% атрофида), 29-ёшгача бўлган ёшларда - 11-16% атрофида, (лекин бу аҳоли қатлами Ўзбекистон шароитидан келиб чиқиб, ўзининг диндорлигини яширишга мойиллиги билан ажралиб туради); ўрта маълумотлиларда – 30-34%, ўрта махсус - 30%, олий маълумотлилар орасида эса 20-25%ни ташкил қилади.

Gallup тадқиқотида диннинг асосан икки функциясига урғу берилган, булар “ижтимоий муносабатларни тартиблаштирувчи” (социальная регламентация) ва “компенсаторлик”дир. Яъни, “одамлар ижтимоий норозиликлар сабаб динга берилади”, “камбағаллар дин орқали ўзларига таскин бериб, охират умидлари орқали ўзларини юпатади” (компенсация) деган тушунтириш кучайтирилган. Бу фикрлар тўғри, лекин ҳақиқий вазият жуда хам кенг ва мураккаб.

Мусулмон дунёсида диндорлик даражаси энг пастга тушган давр бу 20-асрнинг ўрталаридир, ва ўтган асрнинг охирги чорагидан бошлаб тескари жараён сезиларли кучайди. Мусулмон дунёсида аҳолининг диндорлик даражаси кучайишининг асосий сабабларидан бири бу ислом динининг “дунёқарашни белгилаб берувчи” функциясидир. Ислом дини бошқа динларга нисбатан жуда кучли ақидалар корпусига эга, шу сабаб, ижтимоий ўта зиддиятли шароитларда хам мусулмон дунёси ўзининг нисбатан юқорироқ диндорлик даражаси билан ажралиб қолаверади. Глобаллашув жараёнида бу жараён фақат кучаяди. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам юқоридаги вазият кутилади.

Ислом дини камбағалликни парваришлайди, уни қадрият сифатида талқин этади деган фикр ёки хулоса мутлақ нотўғри ва провокациондир.

Баҳодир Мусаев¸ мустақил жамиятшунос:

Баҳодир Мусаев.
Камбағаллик бор жойда дин эмас¸ балки унинг ақидапараст секталари¸ унинг радикал оқимлари гуллаб-яшнайди ва камбағал давлатларда шунга гувоҳ бўлиш мумкин. Чунки қашшоқ¸ ердан умид ва таскин топа олмаган одамнинг қандайдир мўъжизаларга ишонгиси келади ва бу эҳтиëжни ана шундай диний секта ва оқимлар қондиради.

Камбағаллик ва диндорлик ўртасида алоқа бор¸ дер экан¸ жамиятни бошқарувчи қонун-қоидалар¸ уни тартибга солувчи ўзаро муносабатлардан умидини узиб¸ илоҳий бир мўъжизагагина кўз тикишга мажбур қолган қатламларнинг ана шу мўъжизани дин ва диндорликдан излашини назарда тутиш мумкин ва бундай алоқадорлик ҳамиша бўлиб келган. Аммо мен бундай фанатизм ва догматизмни диндорлик деб атамаган бўлардим.

Саволни бевосита¸ Ўзбекистонда аҳоли аксар қисми ижтимоий-иқтисодий шароитининг ëмонлашуви уларнинг диндорлашувига сабаб бўлдими¸ деган тарзда қўйсак¸ мен ўзимни бу масалада билимдон¸ деб билмасамда¸ 90-йилларда жамиятнинг ўта тезлик билан диндорлаша бошлагани кузатилганини айтиб ўтмоқчиман. Гарчи ўшанда ҳар қадамда очилган мачитлар¸ кўп ўтмай¸ ҳукумат тазйиқи билан ëпилиб¸ мусулмонлар экстремист ва террорчига чиқарилгандан кейин бу жараëн сустлашган бўлса-да¸ бугун у ëпиқ бир шаклга ўтган бўлиши мумкин¸ холос. Аммо Ўзбекистонда¸ жамият ҳаëтининг барча соҳасида бўлган каби¸ дин ва диндорликка ҳам мунофиқлик¸ ëлғон¸ кўзбўямачилик шу қадар омухта бўлиб кетганки¸ бугун айнан қайси қатламнинг ҳақиқатда диндор¸ қайсинисининг эса¸ акси эканини аниқлаш ўта мушкул ишга айланган.

Ҳабибулло Ҳакимов¸ исломшунос:

Ҳабибулло Ҳакимов ўзининг нафақат исломшунос¸ балки тақводор мусулмон эканини ҳам таъкидлайди.
Ҳозирги кундаги ҳолатни кўриб ислом дини камбағаллар динига ўхшаб қолди. Бунинг сабаби¸ Пайғамбаримиздан кейин балки яхши ниятда динга кўп қўшимчалар қўшавериш натижасида бизнинг динимиз ўта фалсафий¸ ҳаëтдан узоқроқ¸ воқеликдан ташқарироқ динга айланиб қолди. Кейин-кейин яна ўша тенденция давом этиб¸ ислом дини “тараққиëтни¸ бойликни жуда ҳам мувофиқ эмас¸ улар билан бирга кета олмайди” деган даражада тасаввур ҳосил бўлди бугунги кунга келиб. Натижада бугунги кунга келиб ҳамма ривожланиш Ғарб давлатларига ўтиб кетди. Шарқ давлатларининг аксарида баъзи нефт сотиб бойиган давлатлардан ташқари жуда кўпи қолоқлик исканжасида қолиб кетди.

Бевосита ўз минтақамизга келсак¸ совет империяси қулагандан кейин диннинг ўзининг нималигини тушунмаган халқ динга кўп берилди. Ҳозир диннинг таъсири кучли. Афсуски¸ бу илғорликка чорлайдиган¸ бирликка чорлайдиган¸ тараққиëтга чорлайдиган дин эмас ҳозирги туришида. Художўйликка бойлик камбағалликнинг унча алоқаси йўқ. Совет даврида ҳамманинг бошини машғул қилган идеология бор эди. Ҳозирги кунда доллар деган идеология бор ва яна дин деган идеология бор. Албатта¸ бунда дин идеологияси ғолиб келади. Чунки жуда гўзал сўзлари билан¸ гўзал даъватлар бор¸ аслида амалида бўлмаса ҳам. Диндорликда ҳамма бахт деган нарсани исбот қилиб беришади.

Иккинчи яна бир сабаби борки¸ динда юпатувчилик¸ Оллоҳга шукур айтиш¸ бошга келган кундан рози бўлиш деган тушунчалар ҳам бор. Бу ўз ўрнида керакли нарса. Масалан¸ қандайдир бир табиий офат ëки мусибат келганда ўта жазавага тушмаслик¸ Оллоҳнинг тақдирига рози бўлишлик юзасидан юпатиш томонлари бор диннинг. Бунинг ҳам таъсири бўлса керак камбағал одамларнинг динда туришлигига¸ динда маҳкам бўлишлигига. Чунки уларнинг ҳаëтида қанчалик оғир ҳолат бўлмасин Оллоҳга шукур айтиб қониқишлик¸ шукур айтиб яшашнинг тарғиботи бор диннинг.


Акбар Тўражонзода¸ таниқли тожик уламоси:

Ҳожи Акбар Тўражонзода
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Менинг бу тадқиқотдан хабарим бор. У ерда даъво қилишадики¸ гўë камбағал мамлакатларда одамлар кўпроқ динга берилади¸ кўпроқ Худодан қўрқишади¸ худоталаб бўлади ва тараққиëти яхши мамлакатларда диндорлар жуда оз бўлади ëки кам бўлади. Яна ўзлари айтишадики¸ Америка бундан мустасно. Гарчанд Америка анча бой давлат бўлса ҳам¸ у ерда диндорлар кўп эмиш.

Мен камбағаллар художўйроқ бўлади¸ деган фикрни нодуруст деб биламан. Чунки мусулмон мамлакатларида¸ мана Туркия¸ Малайзия¸ Саудия¸ халиф мамлакатлари¸ ҳатто Эронда ҳам анча иқтисодий шароитлари яхши. Одамларнинг турмушлари ҳам анча яхши. Диндорлар жуда ҳам кўп. Шунинг учун бу даъволари нотўғри.

Мен ўйлайманки билъакс. Қайси миллатнинг дониши¸ ақл-фаросати кўпроқ бўлса¸ шунча кўпроқ динга берилади. Ўрта Осиë мамлакатларига келсак¸ бу ерда 1988 йиллардан кейин ислом уйғониши пайдо бўлди. Диний уйғониш ҳаракати жуда кучли кетаяпти. Ҳукуматлар ҳамма ҳаракатларини қилишаяпти бунинг олдини олишга. Лекин ҳеч қандай муваффақ бўлишмаяпти¸ бўлишмайди ҳам. Зеро бу одамларнинг табиий бир эҳтиëжи.

Диндорлик¸ камбағаллик ëки бойликка боғлиқ эмас. Мен масалан¸ битта мисол келтираман. Москвада кўп ўзбек ва тожик бадавлат йигитларини биламан. Ҳаммалари миллионерлар. Яхши уйлари бор¸ квартиралари бор¸ машиналари бор¸ тижоратлари биор¸ ишхоналари бор. Қўлларида неча юзлаб одам ишлайди. Ëшлари ҳам 28-30-35 гача. Ўша самарқандлик¸ бухоролик¸ хўжандлик¸ исфаралик¸ ҳисорлик¸ ўратепалик йигитлар Рамазондан ташқари ҳар душанба ва пайшанба куни рўза тутишади. Ҳар жума куни масжидда намоз ўқишади. Ифтор кечалари¸ мана яқинда Рамазонда Москвада эдим¸ ҳайратда қолдим. Ҳаммалари ҳар кеча хатмларга бориб қатнашаяпти. Хусусан¸ бундан аввал ҳам мен неча марта кўрдимки¸ бизларни кутиб олиб қиммат ресторанларга олиб бориб зиëфат беришди. Душанба куни эди. Ўзлари овқат ейишмади. “Нимага ўзларинг еб-ичмаяпсизлар?” десак¸ “Бугун душанба. Биз Пайғамбаримиз суннатига мувофиқ рўза тутганмиз” дейди. Бу йигитларни ким мажбур қилди Москвада? Айтаяпманку миллионлари бор. Лексус (Lexus) машиналари бор¸ Порше (Porsche) машиналари бор. Ким уларни ислом динига шунақа ихлос билан берилиб кетишга мажбур қилди? Буни иймон дейишади¸ буни ақида дейишади¸ буни Оллоҳ таолонинг ҳидояти дейишади. Кўп камбағаллар борки¸ нааъувзубиллоҳ энг ëмон қип-қизил кофиру атеист. Кўп бойлар борки¸ алҳамдулиллоҳ жуда ҳам тақволи¸ хуш тавозели¸ хуш ахлоқли. Қўлидан келганча камбағалларга ëрдам беради. Масжидлар қуришади¸ бошқа хайрли ишларни қилишади. Бу инсоннинг фитратига боғлиқ¸ инсоннинг тарбиясига боғлиқ¸ яна энг муҳими Оллоҳнинг ҳидоятига боғлиқ.


Ражаббой Бобожонов¸ хоразмлик кекса журналист:

Ражаббой Бобожонов
Бизнинг Хоразмда динга унчалик эътибор катта¸ деб бўлмайди. Мисол учун мана ўзларимизнинг маҳалламизни оладиган бўлсак¸ 40 оила яшайдиган бўлса¸ шундан бор-йўғи тўртгина одам рўза тутади. Энди бундай қараганда ҳозирги вақтда қариялар рўза тутишни бас қилгандайку¸ шу ëшлар кўпроқ рўза билан машғулроқдай. Намоз ўқийдиганлар ҳам¸ мисол учун беш йил аввал қанча одам ўқиб турган бўлса¸ ҳозир ҳам шунча. Ўқиган ўқийди¸ ўқимаган ўқимайди.

Энди ўзига тўқроқлар¸ тўғрисини айтсам¸ масжидга камроқ боришади. Камбағаллар кўпроқ боришади. Бунинг сабаби бугунги кунда “фақат Оллоҳга ишониш мумкин” деган ишонч¸ умид бўлса керак. Одамлар Оллоҳга¸ Худога илтижо қилиб Оллоҳдан умидворлиги учун кўпроқ камбағаллар рўза тутиб намоз ўқисалар керак деб ўйлайман. Чунки ердагиларга ишонч қолмади. Дейлик¸ ҳоким билан ҳеч кимнинг иши йўқ¸ ҳокимнинг одамлар билан иши йўқ. Ҳар ким ўзи билан ўзи овора. Ўзи билан ўзи югуриб “Қандай қилиб пул топсам экан. Қандай қилиб бола-чақа боқсам экан” деган мақсад ҳозир. Иши юришганники юришиб турибди¸ юришмаганники турибди. “Ўзингнинг аравангни ўзинг торт” дегандай гап бўлиб турибди.


Азиз муштарий¸

Сиз нима дейсиз?

Жамият ва шахсларнинг диндорлик даражаси билан уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўртасида бевосита алоқадорлик борми? Содда қилиб айтганда¸ камбағаллар диндорроқ ва художўйроқми? Бевосита ўзингиз¸ агар тақводор бўлсангиз¸ динга қайси сабаб¸ қайси шароитда юзлангансиз? Мулоҳазаларингиз учун олдиндан ташаккур.