Якшанба куни Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари ўтган ойда ҳибсга олинган икки давлатнинг чегарачилари ва божхона ходимларини алмашди. Қирғиз чегарачилари 21 август куни Ўзбекистоннинг уч божхоначиси ва бир МХХчисини ҳибсга олганидан 10 кун ўтиб ўзбек чегарачилари ҳам қирғиз ҳамкасбларини қўлга олган эди.
5 сентябр куни соат 22:00 да “Қадамжой- автойўл” чегара пунктида Ўзбекистон билан Қирғизистон ҳибсдаги чегарачиларни алмашдилар.
Қирғизистон томони 21 август куни ҳибсга олинган Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг бир ходими ва Божхона қўмитасининг уч нафар зобитини Ўзбекистонга топширди.
Ўзбекистон эса бунинг эвазига 31 август куни ушланган тўрт нафар қирғиз чегарачисини Қирғизистонга қайтарди.
2 сентябр куни иккала томон ҳам ушланган чегарачиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълум қилган эди.
Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳокимлиги мудофаа ва хавфсизлик бўлими бошлиғи Тоштемир Эшалиев Озодлик билан суҳбатда 21 август куни Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг бир ходими ва Божхона қўмитасининг уч нафар зобити жиноят устида ушланганини айтган эди.
- Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати вакили бизнинг ҳудуддан 150 минг қирғиз сўми миқдордаги товарни чегарадан ноқонуний олиб ўтаётган пайтда қўлга олинди. Унинг ёнида Ўзбекистон божхона қўмитасининг уч ходими бўлган. Улар Қирғизистон ҳудудига ноқонуний киргани етмагандай, қирғиз чегарачиларига қаршилик ҳам кўрсатганлар,- дея таъкидлаган эди Тоштемир Эшалиев.
Ўзбекистон расмийлари эса, бир чегарачи ва уч божхоначи ўз хизмат вазифасини ўтаётган пайтда ноқонуний равишда қўлга олинганини айтган.
Ўзбекистон МХХсига кўра, 31 август куни Қирғизистон махсус хизматларининг контрразведка бўлими бошлиғи полковник Зиёдилла Бегматов ва Айдаркон чегара пункти бошлиғи подполковник Исматилла Анарбоев Фарғона туманига қарашли Водил аҳоли яшаш пунктидаги "Яхши ният" чойхонасига тушлик қилгани кирган ва алкогол ичимликларини истъемол қилиб, маст ҳолатда маҳаллий фуқаролар билан муштлашгандан кейин қўлга олинган эди.
Сўнгги хабарларга кўра, 31 август куни яна бир қирғиз лейтенанти ва оддий аскар ҳам ушлангани айтилади.
Қирғизистон томони бу чегарачилар ўзбек чегарачилари томонидан Водил билан Пулгон қишлоқлари ўртасидаги нейтрал ҳудудга музокара қилгани телефон орқали алдаб чақириб, қасддан қўлга олишганини билдирган эди.