“Америка овози” радиосининг Ўзбекистондаги мухбири Абдумалик Бобоев ўзига қўйилган айбловларнинг барчасини рад қилиб, танқидий мақолалари учун таъқиб қилинаётганини айтмоқда. Иши судга оширилган журналист Ўзбекистон жиноят кодексининг бир нечта моддаси бўйича айбланмоқда.
Малик Мансур тахаллуси билан танилган журналист Абдумалик Бобоев Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўзига қўйилган айбловларни асоссиз дея атади.
- Тергов суриштирув жараëнида шу моддалар бўйича айблов қўйилди. 244-модда 1-банд 3-қисм, 140, 139, 223-моддалар. Тергов суриштирув жараëнида мен бу айбловларни асоссиз деб айтдим. Мақолаларимда ҳамма томонларнинг фикрларини берганимни айтдим. Бу ерда ҳозирча асосий нарса шу. Улар менга “фалон-фалон статялар бўйича айбдорсан”, деб айтишди. Тергов жараëнида мен бу айбловлар асоссиз деб айтдим. Судда бу нарсани исботлашга ҳаракат қиламан.
Озодлик: Сизга қўйилаëтган айбловларда журналистик фаолиятингиз назарда тутилаяпти. Шунақа бўлаяптими?
- Асосан шу журналистик фаолиятим давомида мен томондан ëзилган мақолалар. Ўйлайманки, суд ўтса, мақолаларим ҳозиргидай тақдим қилинаëтган даражада эмаслигини ва оддий танқидий мақолалар эканлигини кўрсатиб бермоқчиман.
Озодлик: Демак, судда оқланишингизга ишонасиз.
- Йўқ, оқланишим ҳақида айтиш қийину, лекин ҳар ҳолда мен ўзимнинг айбсизлигимга ва холис журналистик фаолият юритганимга ишонаман. Мақолаларим ҳар томонлама холис ëритилган, деб ҳисоблайман.
Озодлик: Сизни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда ҳам айблашаяпти...
- Чегара бўйича мен айнан белгиланган тартиб бўйича кириб чиққанимга ишончим комил, дейди Абдумалик Бобоев.
Малик Мансур “Америка овози” радиосининг ўзбек хизматида 2002 йилдан буён штатсиз-жамоатчи мухбир сифатида ишлаб келаяпти.
“Америка овози” радиоси ўзбек хизмати бошлиғи Жавдат Сайҳон Озодлик билан суҳбатда журналист Малик Мансур Ўзбекистондаги воқеаларни холисона ёритиб келгани, ўз вазифасини профессионал даражада, қолаверса, “Америка овози” журналистик қоидаларига содиқ ҳолда бажариб келаётганини айтди.
- Малик Мансур ҳозиргача ҳақиқатларни ëзиб келган. Ўзбекистонда таниқли бир журналист. Воқеаларни ва муаммоларни холис шаклда ëритиб келмоқда. Ўз вазифасини журналистик этикасига мувофиқ, профессионал равишда, айниқса “Америка овози” журналистик қоидаларини содиқ бажариб келган бир йигит. Унинг журналистик мақолаларига, журналистик касбига нисбатан айтилган гаплар нотўғри. Малик Мансурнинг ўзи айбловларни рад қилди. Шу ерда аниқ қилиб айтди. Энди кўрамиз. Бир-икки кун ичида терговчилар қайтадан чақириб маълумот беришади. Малик Мансур журналист сифатида ишонарли бир йигит. Ҳар ҳолда бир хато бўлгандир. Бу хатоларни Ўзбекистон ҳукумати, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон матбуоти билан шуғулланувчи доиралар, прокурорлар, терговчилар ҳар ҳолда бу ҳақиқатни кўриб, ўзига яраша бир қарор чиқаришар. Бундан кейин бўладиган воқеаларни кутиб турибмиз. Билмайман энди вазият нима бўлади. Худо хоҳласа Малик Мансурнинг ўз касбини қандай бажараëтганлиги тўғри шаклда аниқланиб оқланади, деб кутаяпмиз, деди Жавдат Сайҳон.
"Америка овози" радиоси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ўз мухбирларини аккредитациядан ўтказишни сўраб, бир неча бор расман мурожаат қилган, бироқ бу сўровлар рад этилган. Малик Бобоев аккредитация олмасдан фаолият юритиб келган.
Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов журналист Малик Бобоевнинг таъқибга учраётганини изоҳлар экан, ҳукумат ҳақиқатдан қўрққани учун ҳам мустақил журналистларга нисбатан реприссив сиёсат юргизиб келади, дейди.
- Журналистларнинг овозини бўғиш мақсад. Бошқа важ йўқ. Ўзи шундай давлатлар борки, ҳукумат ҳақиқатни гапирган одамни ëқтирмайди. Чунки ҳақиқат уларнинг кимлигини танитади дунëга. Улар бу нарсани хоҳламайди. Шунинг учун холис журналистлар, ҳақиқатни ëзадиган журналистларга шунақа зулм ўтказишади. Ўзбекистонда тўғри гапни гапириш албатта хавфли нарса. Бу азалдан кузатилиб юрган нарса. Чунки ҳақиқат бизларнинг ҳокимиятга ëқмайди, дейди Искандар Худойберганов.
Тошкент шаҳар прокуратураси Абдумалик Бобоев ишини судга оширган ва ундан "мамлакатни тарк этмаслик" тўғрисида тилхат олган. Ҳозирча суд қачон бошланиши номаълум.