Болалар пахтага чиқмаганини олқишлаш керак

Ҳукумат баëнотларига қарамай¸ бу йил ҳам қишлоқ болалари мактаб қолиб¸ пахтазорда меҳнат қилмоқда.

Сешанба куни "Эркин микрофон" орқали фикрларини ўртоқлашган ўзбекистонликлар орасида БМТ минбаридан чиқиш қилган президентни қўллаб-қувватлаганлар, бизда болалар пахтага чиқмаяпти, деб хурсанд бўлганлар, ҳомий топилса, Европага саёҳат қилиш истагини билдирганлар бўлди.

Президент Каримовни қўллайман


Шаҳрисабзлик Абдулла ака президент Ислом Каримовнинг БМТ минбаридан туриб Ўш қирғини бўйича халқаро текширув ўтказиш ва оммавий қирғин учун масъулларни жавобгарликка тортиш ҳақидаги талабини қўллаб-қувватлашини айтади.

- Кеча президентимизнинг бир фикрларига қўшилдим. Энди мустақил текшириш бўлиши керак. Мустақил текшириш бўлмаса, мана шундай ишлар қайтарилаверади яна. 1990 йилда бўлган воқеаларнинг давоми бу. Энди айтмоқчиманки, бундан кейин ўзбекларга Қирғизистонда кун бўлмайди. Сабаби давлат раҳбарлари, милиция, ҳарбийлар нима ишлар қилаëтганини эшитиб турибмиз. Давлат раҳбарларининг ўзи ҳам шулар тарафда демоқчиман. Ҳоким, вазирликкача уларнинг одами борда. Ҳеч ким қайтара олмайди. Халқаро ҳамжамият ҳам, бошқаси ҳам. Қирғизистон мамлакати раҳбарларининг жиниоятчиларни жазолашга хоҳиши йўқ.

Иккинчидан, президентимизнинг яна бир айтган фикрларига 100 фоиз қўшиламан. Роза Ўтунбаева ëрдам сўраяптику. Ўша пулни ишлатган тақдирда ҳам ўзбекларнинг ўзларига бериш керакда. Аввали Ўзбекистон қабул қилмайди буларни. Ўзбекистоннинг хлақи ўзига сиғмай ëтибди.

Озодлик: Абдулла ака, мана президентнинг нутқини эшитибсиз. Қанақа фикр қолдирди сизда? Президент уч-тўрт мавзу бўйича гапирди. Фикрларнинг қайси бир маъқул келди, қайси бири маъқул келмади?

- Маъқул келмаганларидан газ билан мана бунча таъминладик, свет мана бунча таъминладик, сув билан бунча таъминладик деганлари. Қирғизистон бўйича гапирган гаплари маъқул. Мана Қирғизистон 1 миллиард 100 миллионми сўрадию. Мана шу пулни назорат билан бериш керакда, дейди шаҳрисабзлик Абдулла ака.


Қувасойда болалар пахтага чиқарилмаяпти

Фарғона вилоятининг Қувасой туманидан қўнғироқ қилган Рўзимат ака қувасойлик ўқувчилар пахта теримига чиқарилмаëтганини хурсандлик билан маълум қилди Озодликка.

- Кеча телевизорда Қашқадарë ҳақиқатан пахтага олиб чиқаяпти, деган муаммолар кўтарилдию. Ўтган йиллар бизнинг Қувасой шаҳрига мактаб ўқувчилари, талабалар келиб кетган бўлса, бу йил бораëтганини кўрганим йўқ. Ана ўзимнинг жиянларим ҳам ўқийди коллежларда. Ҳаммаси ўқиб юрибди ҳозир. Ҳеч қанақа пахта-махтага олиб бормаяпти.

Озодлик: Ўзи пахта терими бошландими?

- Ҳа, бошланди. 10 сентябрларда бошланди. Ҳозир мактаб ўқувчилари, талабалар бизнинг Қувасой шаҳрида чиқмаяпти. Фақат ишчилар озгина ëрдамга чиқаяпти.

Озодлик: Агар мактаб ўқувчиларини чиқармаëтган бўлса, буни фақат олқишлаш керак.

- Мен ҳам ўшани олқишлаб, чиқараяпти деганига мана бизда чиқмаяптику деган мақсадда телефон қилаëтган эдим. Мана ўзимнинг жиянларимнинг ҳам уч-тўрттаси коллежда ўқийди Фарғона шаҳрида. Бирортаси чиқмади. Ўқишга бориб келишаяпти ҳар куни, дейди қувасойлик суҳбатдош Рўзимат ака.


Болаларимга пул беришмаяпти

Бухоро вилояти, Бухоро туманида яшовчи Равшан ака тўрт боланинг отаси эканини айтиб, болаларига давлат томонидан бериладиган нафақа пули берилмаëтганидан шикоят қилади.

- Менинг тўртта болам бор. Кичкинаси ҳозир бир яшар бўлди. Маҳаллага борсак, “Сизларга бола пули мумкин эмас”, деб одамни алдаб юборади.

Озодлик: Болаларингиз неча ëшда?

- Кичкинаси 9 ойлик, каттаси 12 ëшда.

Озодлик: Бирор жойда ишлайсизми?

- Ҳеч қаерда ишламаймиз эр-хотин. Яхши ишхонанинг ўзи йўқку.

Озодлик: Олдин олармидингиз болаларга пул?

- Йўқ, бирор марта олмаганман.

Озодлик: Унда ниманинг ҳисобига кун кечираяпсизлар? Тўртта бола бўлса, бу ëқда эр-хотин.

- Шу Россияга бориб келамиз. Озгина пул ишлаймизми йўқми ўшанга кун кўрамизда.

Озодлик: Мутасаддилар нима дейишди? Нимага сизга берилмаëтганини тушунтиришмадими?

- Тушунтирди. “Эр-хотин ҳеч қаерда ишламасанг, сизларга мумкин эмас”, дейди. Ҳеч бўлмаса кичкинасига бериши керак тўғрими? Қаердаги баҳоналарни айатди. Алдаб, қулоққа тепиб юборади. Ўзларига ëзиб олади. Кимдир пул бериб ëздиради.

Озодлик: Сиз ҳам пул таклиф қилиб кўрмадингизми?

- Мен таклиф қилганим йўқ.

Озодлик: Ўзлари сўрашмадими?

- Йўқ, сўрашмади. Мумкин эмас дейишади, дейди бухоролик Равшан ака.


Ҳомий топилса, Европага саëҳат қилардим

Самарқанднинг Қўшработ туманида яшовчи 35 ëшли Юсуф ака Европа давлатларига сайр қилишни орзу қилишини, аммо бунга пули йўқлигини айтади.

- Иқтисодий ëрдам кўрсатадиган бирор-бир ташкилот борми? Қўллаб-қувватлайдиган. Умуман чиқишнинг иложи йўқ Ўзбекистондан. Қандайдир ëрдам кўрсатадиган бир нималар борми? Иқтисодий қийинда ҳозир. Пул топиш ҳам қийин Ўзбекистонда. Қўллаб-қувватлайдиган ташкилотлар йўқми? Чет элларга чиқишлар армон бўлиб қоладими дейманда. Европаларни кўрамизми йўқми бу дунëга келганда. Ўзбекистон халқининг деярли 90 фоизи қийинчиликда кун кечиряптида.

Озодлик: Имкон бўлса, қаерларга боришни хоҳлардингиз?

- Агар имкони бўлганда, ҳеч бўлмаса Европани бир кўрганимизда армон бўлиб қолмас эди. Франциями, Полшами, Европа давлатларининг қайси бири бўлишидан қатъий назарда. Ўзбекистонга қанча ëрдам пуллари берилса, бу ўзбек халқига берилмайди. Шуларни биласизларми? Ўзбекистонга ажратилса, буларнинг ҳаммаси қўлма қўл бўлиниб кетади катталарга.

Озодлик: Халқаро ташкилотлар томонидан берилаëтган хайрия пулларини айтаяпсиз-а?

- Ҳа, ўшаларни ҳам айтаяпман. Ҳозир ишлаганимиз ўзимизга зўрға етади, дейди самарқандлик Юсуф ака.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!