Қозоғистон тожикистонлик қочқинни Ўзбекистонга топширди

Ўзбекистонлик қочқинларининг Олмаотадаги БМТ идорасига қилаëтган мурожаатлари самарасиз қолмоқда.

Қозоғистон ҳукумати тожикистонлик қочқин Умарали Абдураҳмоновни расмий Тошкент ихтиëрига берди. Яқинларига кўра, етти ойдан буён Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида ҳибсда сақланган Умарали 30 октябр куни Ўзбекистонга топширилган.
“Ўзбекистон Умаралига туҳмат қилган”

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Мастчоҳ туманидан бўлган 35 ёшли ўзбек йигити Умарали Абдураҳмонов Қозоғистондаги етти ойлик ҳибсдан сўнг ўтган шанба - 30 октябр куни Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

Бу ҳақда Умаралининг синглиси Мўътабар Сулаймонова Озодликка маълум қилди.

- Менинг акамни шанба куни обеддан кейин олиб чиқиб кетишган камерасидан. Шанба 30 октябр куни бўлган. Мен эшитиб кейин ҳамма ëққа телефон қилдим. УВКБ ООНга телефон қилдим, департаментга. Акамнинг адвокати Руслан Халидов бу нарсани “Тўппа-тўғри. Суд 30 октябр куни Абдураҳмонов Умаралини экстрадиция қилди Ўзбекистонга” деб жавоб берди. Икки кундан буëн УВКБ ООНнинг эшигида ўтирибман¸ қанақадир янгилик эшитиш мақсадида. Бугун ҳам менга “Сенга айтадиган ҳеч қанақа гапимиз йўқ. Бизда бу хабар расман тасдиқланмаган” деган жавобни беришди. Лекин акамнинг юристи буни тасдиқлаб турибди. Иккита ўтнинг ўртасида турибман. Ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмаяпман, деди Мўътабар Сулаймонова.

Умарали Абдураҳмонов иши бўйича яхши таниш бўлган Олмаотадаги Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси ходими Денис Живаго Умаралининг экстрадиция қилингани ҳақида аниқ ахборотга эга эканлигини айтади.

- Ҳа, бу ҳақиқат. Умарали шанба куни Ўзбекистонга экастрадиция қилинди. У Ўзбекистон талаби билан бериб юборилди. У Ўзбекистонда содир қилинган қандайдир жиноятда айбланаётган эди. Қозоғистон ҳукумати, миграция қўмитаси унга қочқинлик мақоми беришни рад қилди ва прокуратура уни экстрадицияси бўйича қарор қабул қилди. Биз ҳозир Умарали иши бўйича прокуратурага сўровнома жўнатдик. Шундан кейин расмий жавоб ҳам маълум бўлади, деди Денис Живаго.

Жамбил вилоят прокуратурасига қўнғироқ қилиб, Умарали Абдураҳмонов борасида сўраганимизда фақат ёзма мурожаатимиздан кейингина жавоб беришларини айтишди.

Умарали Абдураҳмонов жорий йилнинг 22 март куни Жамбил вилоятининг Тараз шаҳрида ҳибсга олинган эди.

Мўътабар Сулаймоновага кўра, акаси 2004 йилнинг мартида Тошкент шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракатига алоқадорликда айбланган.

Бироқ акасининг мутлақо айбсизлигини айтади Мўътабар Сулаймонова:

- Акамни 2004 йилда Ўзбекистон розискка берган. Жамоат тузиш ва бошқа нарсалар¸ яъни 244- модда эди. Бизнинг ота-онамиз, ака-укалар ҳаммаси Ўзбекистонда яшашади. Ўзбекистонга қариндошларникига бориб туҳматга қолган акам. Акам ўзи асли тожикистонлик. Тожикистонда уйланган, Тожикистонда яшаган. Акам намозхон. Ноҳақдан қўйилган қуруқ туҳматнинг қурбони бўлди акам. Қозоғистон ҳукумати, УВКБ ООНга мурожаат қилдим акам номидан. “Ëрдам беринглар. Бу ҳаммаси ëлғон. Қуруқ туҳмат” деб айтдим. 2004 йилда Ўзбекистон худди мана шу модда билан розиск жўнатганда Тожикистон ҳукумати икки ой текширган. Тожикистон ҳукумати текшириб “бу ëлғон” деб қўйиб юборган. Акам бу ишларни қилмаган. Ўзбекистон айтаëтган ҳамма нарса туҳмат, дейди Мўътабар Сулаймонова.

Хуршид Комилов қаерда?


Қозоғистон жорий йилнинг 8 сентябр куни бошқа бир қочқин, қирғизистонлик ўзбек Хуршид Комиловни ҳам Ўзбекистонга экстрадиция қилган эди.

Хуршиднинг опаси Умида Комиловага кўра, икки ойдирки акасинининг дараги Ўзбекистондан чиқмаяпти.

- Икки ойдирки ҳеч қанақа янгилик бўлмаяпти. Ўзбекистонга ҳам телефон қилиб, танишларимизнинг ҳаммасига айтиб, ҳар бир СНБ бўлимини текширтириб, допрос бериб чиқдик. Комилов Хуршид тўғрисида ҳеч қанақа маълумот бўлмаяпти. Қозоғистонда ҳам шу аҳвол. Қаердан қидиришимизни ҳам билмаяпмиз. Ҳеч ким айтмаяпти қаерда нима эканлигини. Ҳеч бўлмаса бир ердан чиқиши керакку. “Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 8 сентябр куни” деб Олмаота прокуратурасидан қоғоз бераяпти бизга. Акамни эса ҳеч қаерда на тириги на ўлиги бор, дейди Умида Комилова.

27 ёшли Хуршид Комилов жорий йилнинг 9 июн куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан Олмаота шаҳрида ҳибсга олинган эди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Олмаота шаҳар департаменти тергов изолятори раҳбари Тўқтаубаевнинг адвокат Бурумкулова сўровномаси бўйича юборган жавоб хатида айтилишича, Хуршид Комилов шу йилнинг 8 сентябр куни Бош прокуратура талабномасига мувофиқ Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Асли ўшлик бўлган Хуршид Комилов бундан бир йил аввал Ўш ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари таъқибидан қочиб, Олмаотага келган ва бу ерда БМТ қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Олмаота ваколатхонасига қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилганди.

Хуршид Комилов шу йилнинг июн ойида қўлга олинган ва ҳозирда Олмаота тергов ҳибсхонасида сақланаётган 30 ўзбек қочқини ичида эди.

Ҳибсхонасидаги қочқинлар тақдири мавҳумлигича қолмоқда

Хуршид Ўзбекистонга топширилгач¸ Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинларининг 29 нафар экани айтилаётган эди.

Бироқ ҳибсдаги қочқинлардан бирининг яқини Абдуллоҳга кўра, айни пайтда қочқинлар сони яна 30 га етган.

- 29 эмас ҳозирги кунда 30та бўлиб турибди ҳибсдагилар. Яна биттамизни олиб кириб кетишди. Ичкарида 29та қолган эди. Кейин кўчада юрган битта одамга кимдир ариза ëзганмиш. “Мошенничествода айбланиб, янги розиск келди” деб олиб бориб¸ яна 30та қилиб қўйишди. Кўчада қолган эркакларга ҳам шунга ўхшаш қоғозлар чиқиб, розисклар чиқиб, уларнинг ҳам ҳужжатларини олиб қўйиб, секин-секин олиб кетишаяпти. Менинг ўзимни ҳам мана шу кунларда олиб кириб қўйиб, мажбурлаб қоғоз ëздиришди. “Энди қайтиб кетаман” деб ëздиришди. Ҳар куни “фалон куни фалончани олиб кетди” деган гапни эшитаяпмиз. Шунинг учун кўчага чиқиш ҳам хавфли бўлиб қолди, дейди Абдуллоҳ.

Абдуллоҳга кўра, диний эътиқоди боис таъқибга учраб, Ўзбекистонни тарк этган йигитларнинг халқаро қонунлар нуқтаи-назаридан ҳимояга олинганини Қозоғистон Миграция хизматининг мутлақо инобатга олмаётгани бошқа қочқинларни жиддий хавотирга солиб қўйган.

Жорий йилнинг 9 июнидан 11 июнига қадар қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари ва махфий хизматлари махсус рейд чоғида Олмаота шаҳридаги 32 ўзбек қочқинини қўлга олинган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бу қочқинларни оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганликда айблаб, экстрадиция қилинишини сўраган.

Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинларининг экстрадиция бўйича ҳибсда ушлаш муддати шу йилнинг 9 сентябр куни ниҳоясига етган.