Сариосиёлик электрчиларнинг қалтис ҳазили

Кўзи ожиз Зиёдулла ака Сариосиё электр тармоғига электр йўқлигидан шикоят қилиб, "Сизга чироқ нима керак?", деган жавобни олганини айтади.

Қиш бошланиб, "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилаётган мухлисларимиз, яна электр ва газ тақчиллиги муаммолардан шикоят қилишмоқда. Бу муаммоларни ҳал қилиши лозим бўлган мутасадди ташкилот ходимлари эса, қийин аҳволда қолган аҳолини калака қилишга ўтиб олган кўринади.

“Кўзи ожизга чироқ нимага керак?”

Сурхондарёнинг Сариосиё тумани Охунбобоев ширкат хўжалигида яшовчи Зиёдулла ака чироқ муаммоси ҳақида гапирди. Кўзи ожиз бўлган Зиёдулла "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилишдан аввал, бу муаммо юзасида Сариосиё тумани электр таъминоти бўлимига мурожаат қилган. Лекин элект йўқлигидан "зерикиб ўтирган" Сариосиё электрчилари мени масҳара қилишди, дейди Зиёдулла ака.

- Свет ҳақида гаплашмоқчи эдимда. Охирги пайтларда свет ҳам муаммо бўлиб қолди. Свет худди бир ўйиндай бўлаяптида. Мана ҳозирку ëниқ, лекин бешинчи-олтинчи марта ўчиб ëнаяпти. Ҳар куни кечқурун соат 17.30дан 20.30гача йўқ. На овқат еб бўлади, на телевизордан бирор ахборот эшитиб бўлади. Президентимизнинг нутқларини ҳам эшитиб бўлмайди, бошқа жаҳондаги янгиликларни ҳам эшитиб бўлмайди. Нима учун шундайлигини билмоқчи эдим.

Озодлик: Свет билан боғлиқ ҳолат олдин яхши эдию, ҳозир шунақа бўлиб қолдими?

- Ëз пайтида пахта экиладида энди, насослар ишлаб турган ҳолатда яхши эди. Қиш киргандан кейин шундай бўлаяпти. Айтаяпманку худди ўйин қилаëтгандайда. Одамлар сувга кўп очередда туради. Мактаблар бор. Улар компютер билан жиҳозланган. Энг ëмон жойи овқат ейиш пайтида ўчиради. Мана қариялар бор. Соғ одамлар ҳам, катта одамлар ҳам овқат пайти свет ўчирилса, қандай қилиб овқатни ейди? Эрталаб соат 5дан 7гача ëнади, 7дан 9гача ўчади. Менинг кўзим ожиз бўлса ҳам янгилик эшитишим керакку. Бир марта мурожаат қилсам, “Сизга свет нимага керак?” деб таҳқирлашди.

Озодлик: Кўзингиз яхши кўрмайдими?

- Менинг кўзим умуман кўрмайди. Биринчи гуруҳ ногирониман. У энди кўзимга қараб гапираяпти. Менга ҳам свет керак. Телевизор эшита олмайман. Радиолар бор хитойники. Олдин иккита батарея 1000 сўм бўларди, ҳозир биттаси 1000 сўм, дейди Сурхондарёнинг Сариосиё тумани Охунбобоев ширкат хўжалигидан қўнғироқ қилган Зиёдулла ака.


Чойдарида газ йўқ!

Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани Абдураззоқ Холиқов ширкат хўжалиги, Чойдари қишлоғида яшовчи Рўзимурод Мелиев эса, қишлоқ аҳли газ тақчиллигидан қийналиб яшаётганини айтади.

- Бизлар 2000 йилда газ ўтказган эдик. 2008 йилда счëтчикларимизни лабораторияга ўтказиб келдик. Шундан бу ëғига бизнинг счëтчикларимизни қўйгани йўқ. Бизга газ юборади, напор йўқ. Бош томон ëқади, охир томон ëқмайди. Шунга бир ҳафта-саккиз кун газ бўлади, бошқа пайти йўқ. Биздан счëтчиксиз ойига 17-18 минг сўмдан газ учун ҳақ олаяпти. Газ ўтказилганда ҳамма харажатлар бизнинг чўнтагимиздан бўлган. Бола-чақамизга едирмай-ичирмай ўтказганмиз. Район ҳам, райгаз ҳам бизга ëрдам бергани йўқ. Ҳозир ҳам биздан сўрамасдан нима қилса қилиб ëтибди. Бизга газ ҳам йўқ, бошқа ҳам йўқ. 920 хўжаликка газ ўтган. Ўзи 1600та хўжалигимиз бор. Бунга биров қулоқ ҳам солмайди. На қишлоқ советимиз, на ҳоким, на район. Ҳамма ерга борганмиз. Юқорига чиққанимиз йўқ, лекин чиққанимиз билан фойдаси йўқ. Отангга бор, онангга бор бўлаяптида, дейди яккабоғлик суҳбатдошимиз.


Чойдарида газ бўлади!

Рўзимурод ака кўтарган муаммо юзасидан Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани газ таъминоти ташкилоти раҳбари Жўра Оқмирзаев билан боғландик.

Озодлик: Менинг исмим Меҳрибон. Жўра ака, мен Озодлик радиосидан қўнғироқ қилаëтган эдим.

- Яхшимисиз?

Озодлик: Раҳмат. Қўнғироқ қилаëтганимнинг сабаби Яккабоғ тумани, Абдураззоқ Холиқов жамоа хўжалиги, Чойдари қишлоғидан фуқаролар бизга мурожаат қилиб, табиий газ муаммосидан қийналишаëтгани ҳақида гапиришди. Нимага бу қишлоқда табиий газдан бунақа муаммо бўлаяпти?

- Пул тўламаганларнинг муаммоси.

Озодлик: Нима деганингиз бу?

- Битта нарсада опа. Мана Бош вазир ўринбосарининг топшириғига асосан, мен ҳозир ташқарида эдимда, жами 900тага яқин хонадон газлашган Чойдари қишлоғида. Ўшанинг 50 фоизига қиш пайтида табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳолатлар бор.

Озодлик: Нима учун?

- Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб районлари қиш вақтида газ етиб келиши қийин бўлган ҳудудлар ҳисобланади тоғли ҳудудлар бўлгани учун.

Озодлик: Шуни бартараф қилишнинг имкони йўқми?

- Мана ҳозир ҳукумат томонидан Шўртандан Шаҳрисабз, Яккабоққа қараб иккинчи линия тортиб келинаяпти. Бу йил лойҳа ишлари бажарилиб, иш бошланди. Менда аниқ маълумот йўқ эди. 10-15 километр монтаж ишлар бажарилди.

Озодлик: Қачонга битиши мумкин бу лойиҳа?

- У қирқ неччи километрда. Уселенний ишлаяпти. Битказса, декабрнинг охиригача балки бўлиб қолар. Иш битиб қолса, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоққа магистрал трубадан етиб келаëтган газ, аҳоли кўпда бу ерда газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудлар, ўшани ҳисобга олиб, давлат бу йил лойиҳалаштирилиб, режага киритилган Ўзтрансгаз акционерлик компаниясининг маблағи ҳисобидан.

Озодлик: Агар бу лойиҳа декабр охиригача амалга ошса, Чойдари қишлоғида табиий газ муаммосидан қийналаëтган аҳоли муаммоси ҳал бўлиши мумкинми?

- Нафақат Чойдари, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ районларидаги аҳолининг ҳаммасида нормаллашади.

Озодлик: Демак, муаммо бартараф бўлади.

- Бартараф бўлади опажон!,- дейди Яккабоғ тумани газ таъминоти ташкилоти раҳбари Жўра Оқмирзаев.


“Қозоғистон ҳудудидан ўтишга қўрқамиз”

Шу кунларда Россияда меҳнат қилаётган аксар меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга қайтишмоқда. Ҳозирда Россияда меҳнат қилаётган, асли Фарғонанинг Боғдод туманидан бўлган Олимжон ака ҳам яқинда уйига қайтиш ниятида. Поездда қайтишни ният қилаётган Олимжон ака қозоқ чегарачилари ўзбек мардикорларининг бор-йўғини талаётгани боис, Қозоғистон ҳудудидан ўтишга юраги бетламаётганини айтади.

- Қозоғистонда поездда борди-келди жуда нима бўлиб кетаяптида. Сумкаларимизни титиб пул сўраяпти. “Пул берасан. Бўлмаса поезддан тушириб қолдираман” деяпти. Жуда қийин бориб келаяпмизда. Кетишим керак, шунга ўйланиб турибман. Кирди-чиқдига печат босмаяпти. Специално қилаяптида. 50 рублдан берасан деяпти. Пул йўқ эди, печат бостира олмадик. Кетишимизда билмайман нима бўлади. Пул берасан, печат босаман деган закон йўқку. Милициялар поездга текширгани чиққанда айтади. “50 рублдан йиғинглар. Печат ураман. Бўлмаса йўқ” дейди. Келишимизда битта вагонга умуман урмади.

Озодлик: Қайси давлатнинг чегарачиларини айтаяпсиз?

- Қозоғистонники. Таможняси борку. Қозоққа киришда печат бор. Россияга чиқишда печат йўқ. Пули борлар бостирди печат. Пулимиз йўқ эди бизнинг. Биз бостира олмадик. Кетишда нима бўлади билмаймиз, дейди Россияда меҳнат қилаётган, асли Фарғонанинг Боғдод туманидан бўлган Олимжон ака.

******************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!