Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Китобларим маън қилингани йўқ!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз китобларига тақиқ қўйилганига оид хабарларни инкор қилди.


8 декабр куни айрим Интернетда, жумладан Harakat.net сайтида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг чоп этилишига тақиқ қўйилгани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Ушбу хабардан иқтибос келтирсак: “Мовароуннаҳр” нашриёти ходими қарийб бир ойдан бери уламонинг асарлари чоп этилиши тўхтатилганини айтди. Диний адабиётларни чоп этиш ҳуқуқига эга бўлган мазкур ягона нашриёт вакили бу ҳақдаги кўрсатма Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси томонидан берилганини таъкидлади”

Хабарда шайх ҳазратларининг китоблари чоп этилиши кейинги бир ой мобайнида тўхтатилгани ҳам айтилади.

Биз ушбу хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Диний ишлар қўмитасига мурожаат қилдик. Мазкур қўмита ходими бу хабарни тасдиқламади, аммо инкор ҳам қилмаган ҳолда бундай деди:

- Озодлик радиоси бўлса, бизлар телефон орқали интервью бермаймиз. Қизиқтирган саволинглар бўлса, бизларнинг ишхонага келиб, қўмитага мурожаат қилишинглар мумкин, деди Ўзбекистон Диний ишлар қўмитаси ходими.

“Мовароуннаҳр” нашриёти ходими эса Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг асарлари чоп этилишига тақиқ қўйилганидан бехабарлигини айтди.

- Бу ҳақда бизнинг хабаримиз йўқ. Биз ҳам ўрганамиз буни, лекин ҳали бунақа нарсадан бизнинг хабаримиз йўқ. Унақа гап йўқку. Мана бемалол китоблари сотилаяпти. Ҳамма жойда бемалол китоблари. Бизда бунақа хабар йўқ. Агар асосли бўлганда, биринчи нашриëт эшитарди, деди “Мовароуннаҳр” нашриёти ходими.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўзи ҳам Озодлик билан суҳбатда унинг китобларига тақиқ қўйилгани ҳақидаги хабарни инкор қилиб, унинг китоблари бемалол чоп қилинаётганини билдирди.

- Йўқ, менинг асарларим чоп этилаяпти. Эрта-индин яна чиқади. Қолганлари ҳозир босмахонада. Унақа гап йўқ. Маън этилган деган гап йўқ. Ҳозир мисол учун “Ҳадис ва ҳаëт”нинг 29чиси, кеча болалар келиб хабар берди, нимаси чоп бўлаяпти, муқоваси бошланади. Яна бир китобимиз бор. Уни эртага чоп қилишни бошлайди. Индинга яна биттаси тушади деб кеча ўзимнинг болаларим хабар бериб кетди.

Шайх ҳазратлари китоблари мунтазам чоп этилаётганини айтаётган бўлса-да, мамлакатнинг айрим ҳудудларида унинг китоблари сийраклашиб қолгани ҳақида хабарлар бор.

Тошкентдаги Чорсу бозорида савдо қиладиган Жаҳонгир Шосалимов ҳам кейинги пайтда Чорсу бозоридаги диний китоблар расталарида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китоблари кўринмай қолганини айтади.

- Айтишаяптики, у кишининг китобларига қандайдир кўринмас тақиқ ҳам бор бўлиб, шунинг учун савдода китоблари камайиб қолган. Балки у кишининг китобларига халқ орасида қизиқиш кўпайгани учун шунақа қилишаётгандир, дейди Жаҳонгир Шосалимов

Тошкентда яшовчи бошқа бир манба ҳам кейинги пайтда шайх ҳазратлари китобларининг дўконларга келиши камайганини айтади.

- Энди албатта мен бир оддий китобхон сифатида, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китобларининг мухлиси сифатида жуда кўп китоб дўконларига кирдим. Айниқса диний китоблар сотадиган дўконларга. Кутубхона ходимлари, ўша дўкондорларнинг айтиши бўйича, бир ойдан бери у одамнинг асарларининг келиши тўхтаб қолган. Диний нашриëтларда ишлайдиган ходимлар, журналистларнинг гапларига кўра, бир ойдан бери у одамнинг китобларининг чиқиши, масалан расман тақиқланмаган, лекин кўрсатма берилганки, у одамнинг китобларининг чоп этилиши тўхтаб турибди. Шайхнинг китобларига талаб ҳам катта. Бу одам шариат пешволарининг айримларига қарши чиққани учун қизиқиш катта. Бу одамнинг китоблари ҳаëтий кўпчилиги. Бу одамнинг китобларига омманинг эътибори катта бўлганлиги учунми ëки бўлмаса ортиқча қизиқишлар кўпайиб кетганлиги учунми вақтинчалик тақиқ бўлган бўлиши мумкин. Маълум даражада танаффус қилиш учун бўлган бўлиши мумкин, дейди тошкентлик манба.

Маълум муддат аввал фарғоналик бир суҳбатдош ҳам, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китоблари Фарғона водийсидаги расталарда кўринмай қолгани ҳақида гапирганди.

- Ҳозирги мана шу кунда Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китобларини ўқишни тавсия қилардим. Энг олди китоблар шу ҳозир. Шуларни ҳозир нимага соттирмаëтганига ҳайронман. Майда-чуйда йўлдан чиқиб кетаëтганларни ҳам тўғри йўлга бошлайдиган китобда шу. Аниқ¸ лўнда қилиб¸ “Мана бу тўғри¸ мана бу нотўғри” деб кўрсатиб қўйган. Устознинг ўрнини босадида шу китоблар. Ўтган олимларимизники ҳам борку¸ лекин уларнинг кўпчилигиникини тушунмайсиз. Уларни ўқиш учун бошқа китобларни ҳам ўқиш керакда. Ҳозирги кунда мана шу китоблар жуда гўзал¸ дейди фарғоналик диндорлардан бири.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинланган. СССР тарқалганидан кейин эса, у мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси бўлган.

Фарғона.ру агентлигининг ёзишича: “Халқ орасида шайхнинг юксак обрўси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга ёқмади ва 1993 йилда у киши Саудия Арабистонга ҳижрат қилдилар. Бироқ 1999 йилда Тошкентда амалга оширилган терактлардан сўнг президент муфтийнинг обрўсидан фойдаланмоқчи бўлиб, унга ватанга қайтишни таклиф этди. Шундан бери хавфсизлик кафолатини олган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўзбекистонда яшаб келмоқда.”

Сўнгги йилларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг диний мавзудаги ўнлаб китоблари нашр этилган ва у омма томонидан кенг қизиқиш билан кутиб олинаяпти.

Маълум бўлишича, шу кунларда Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китоблари камайгани боис унинг сотувдаги китоблари нархи кескин ошиб кетгани кузатилаяпти.

Тошкент шаҳрида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг 8 жилддан иборат “Тафсири Ҳилол” (Қуръони Карим тафсири) асари чакана савдода 600 минг сўм (250 АҚШ доллари атрофида) сотилаётгани айтилмоқда.