Легитимнинг ўзбекчаси йўқми?

Озодликка бўлаëтган энг кўп шикоят эса¸ қишлоқларда электр ва газнинг йўқлиги ҳақдадир.

24 декабр куни сим қоққан ўзбекистонликлардан бири Озодликда кўп ишлатиладиган халқаро атамаларни танқид қилса¸ бошқаси Ўзбекистонда пайдо бўлгани даъво қилинаëтган "Шоҳидийлар" диний оқимининг жамият учун хавфли эканидан баҳс этади.
Демократияси нимаю¸ легитимнинг ўзбекчаси қандай бўлади?

Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи 90 яшар Раҳмонқул бобо "Эркин микрофон"нинг қарийб кунда-шундаси. 24 декабр кунги телефон суҳбатида отахон демократия ҳақида гапира туриб, бу каби сўзларни ўзбекчалаштириш тарафдори эканини айтади.

- Демократия ҳақида гап бўлди. Бир киши чиқиб гапирдики, “Ўзбеклар демократияга тайëр эмас деган гапни айтдин. Бу ўзбек халқини ҳақорат қилиш бўлди” деб гапирди. “Ўзбеклар нима учун демократияга тайëр эмас экан. Бунақа дейиш мумкин эмас” деган гап билан гапирди бир киши. Мен бунга бундай қарайман. Мен одамларга ҳар вақт гап солиб, автобусларда, йиғилишларда, тўй-маракаларда ҳамма таниш одамлардан сўраб юраман “Демократия дегани нима у?” деб. Ҳаммаси елка қисиб қўяди. Билмадим одамлар тасаввурида демократия таниш гап эмас эканми ë ўзбек тилига ўгириб бўлмайдими буни.

Бундан ташқари яна бир легитим деган гап аралаштириб гапирилаяпти. Легитим деган сўз ўзбек сўзими, рус сўзими, чунки мана Озодлик бир мунча вақтлар танқид қилди “Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили бўлиши керак. Ўзбекистонда кўп раҳбар одамлар фақат русча гапиради. Нимага ўзбек тилида гапирмайди” деган гап гапиради. Нега сизлар томонидан легитимга ўхшаган одамлар тушунмайдиган гапларни соф ўзбек тилига айлантириб айтиб бўлмайдими? Шу масала ойдинлашишини хоҳлар эдим, дейди қашқадарëлик 90 яшар Раҳмонқул бобо.


"Шоҳидийлар"ни қамашгани яхши иш бўпти"¸

дейди Озодликнинг “Ислом ва демократия” эшиттиришининг сўнгги сонига мавзу бўлган "Шоҳидийлар" номли янги оқимга муносабат билдира туриб бухоролик Иброҳим ака. Бу суҳбатдош "Шоҳидийлар" оқими ҳақида биринчи Озодликдан эшитганини айтади.

- Озодликнинг кечаги эшиттиришида Андижонда пайдо бўлган “Шоҳидийлар” гуруҳи ҳақида гап бўлди. 19 киши қамоққа ҳам олинган экан. Умуман шу хусусда фикр билдирмоқчи эдим. Аввало ўша қамалганлар чиндан ҳам “шоҳидий” бўлса, уларнинг шундай тақиқланган гуруҳга аъзолиги ҳақиқатан исбот қилинган бўлса, уларнинг қамоққа олингани жуда ҳам яхши иш бўлибди. Бу менинг фикрим.

Нимага деганда¸ бу гуруҳни илмсиз мусулмонлар ҳам қўлламайдиган бунақанги илм билан, куфрга олиб борадиган илм билан халқнинг орасида юриши жамият учун хавфли деб ҳисоблайман. Шайх Абдулазиз Мансур айтдиларки, улар пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тан олмас эмишда, фақат Қуръоннинг ўзи билан ҳукм чиқариб қўйишармиш. Улар ароқ ичишга ҳам фатво бериб юборишибди. Агар улар ҳақиқатан Қуръонни ўзига дастур қиладиган бўлса, Оллоҳ таоло Қуръонда ароққа қарши тўртта оят нозил қилганку. Наҳотки ўша оятларни ўқимаган бўлса. Наҳотки оддий нарсага ҳам уларнинг ақли етмаган бўлса. Одамни куфрга, кофирликка олиб борадиган ахмоқона тушунчаларни халқнинг орасига сингдириб улгурмай туриб уларнинг ўзини йўқотгани жуда маъқул, дейди бухоролик Иброҳим ака.


Ўзбекистонда мелиса кўпайиб кетди....

Россиянинг Новосибирск вилоятидан қўнғироқ қилган андижонлик меҳнат муҳожирлари Жаҳонгир билан Озодбек¸ Ўзбекистондаги вазият ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

- Ўзбекистонда бўлаëтган воқеалар ҳақида гап бор эдида озгина. Менга нима ëқмайди, ҳамма нарса бўлиб туриб, мана заводлар, ҳамма нарса ўзимизда бор. Лекин ўша ëққа кириш учун ҳам пул тўлаш керак, ўқишга киришга ҳам пул тўлаш керак, армия ҳам пул. Ҳамма ëқни пул қилиб ташлади. Менга мана шу томони ëқмайди. Бу ëқда ҳаммаси яхши. Ишга жойлашаман десангиз, келасиз, документ топширасиз, кириб кетаверасиз. Мен бу ерда уже 7 йилдан бери тураман. Бирга ўзимизнинг андижонлик болалар бор. Шулар билан гаплашинг. Ҳозир бераман.

(телефон гўшагини андижонлик бошқа болалар олди)

- Ало. Яхшимисиз? Соғлиқларингиз яхшими?

Озодлик: Раҳмат. Сиз қанчадан бери Россиядасиз?

- Бизлар уч йилдан бери.

Озодлик: Сиз Жаҳонгирнинг фикрига қўшиласизми?

- Қўшиламану, лекин ҳозир Ўзбекистонда энг ëмон бўлаëтгани бу милициялар кўпайгани. Ҳозир шаҳарда унчамасу, лекин ўзимизнинг қишлоқ тарафлардагиларни ëмон қисаяпти. Ўзи одамлар зўрға яшаяпти. Борини ҳам олиб қўяяпти. Ўзбекистонда ҳозир милиция кўп бўлаяпти. Аҳолидан кўра милиция кўпайиб кетаяпти. Ҳозир битта қишлоққа тўртта участка нозирини қўйиб, роса қийнаяпти. Ҳар хил гаплар билан борини тортиб олаяпти, дейди андижонлик Озод.


Сурхон қишлоқлари қоронғуликда қолмоқда


Сурхондарёнинг Музробод туманидан қўнғироқ қилган бир отахон минглаган ўзбекларни қийнаётган яна ўша чироқ муаммосини тилга олади.

- Сурхондарëнинг Музробод туманиданмиз. Свет умуман йўқ¸ деса ҳам бўлади. Эрта билан соат 6дан 7гача свет бўлади. Обеддан кейин соат 1дан 2гача бўлади. Кечқурун 6дан 7гача свет бўлади. Ундан кейин свет ҳам йўқ, бало ҳам йўқ. Болалар дарс ҳам тайëрлай олмайди, овқатини ҳам ея олмайди. Овқатини қоронғида ейди. Овқатига пашша тушаяптими, чивин тушаяптими, таракан тушаяптими уни кўрмайди ҳам. Дарснику умуман тайëрлай олмайди. Ўқишга қандай бориб келган бўлса, шундай туради папкаси. Свет йўқ нима билан ўқисин бечоралар. Ҳокимиятга ҳам кирилди, электросет бошлиқларига ҳам гапирилди. Бирортасидан натижа йўқ. Ҳокимиятдагиларнинг ҳам, прокурорнинг ҳам, началник милициянинг ҳам свети ëниб турибди. Уларнинг болалари дарсини ҳам қилаяпти, овқатини ҳам светнинг ëруғида еяпти. Қишлоқда тўй бўладиган бўлса, қаердандир движок олиб келиб шуни улаб светни ëқиб, бечоралар тўй қиладида. Айтилмаган каттаси ҳам қолмади. Айтган билан ҳокимининг ҳам, прокурорининг ҳам, началник милициясининг ҳам ҳаммасининг танглайини пул билан босган. Пул олиб кел дейди, дейди музрободлик отахон.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!