Жарқўрғонликлар журналист қизларни ҳимоя қилмоқчи

ЎзТВ мухбирлари Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар телевидение ичидаги муаммоларга норозилик тариқасида пикет ўтказгач¸ ишдан ҳайдалган эди.

"Бизнинг Тўмарисга ўхшаган қизларимиз бор. Нима учун Тошкентда ўтирган Каримов эшитмайди? Шундай журналистлар ҳозир бизга керакда"¸ дейди Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар ҳимояси учун Ўзбекистон президенти номига хат ëзиш ташаббусини бошлаган сурхонлик Ўрол ака.
“Мени ИЖК қилиб соғлигимдан айришди”

Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, Элмурод Қурбонов ширкат хўжалигида яшовчи 37 ёшли Санобар Маҳкамова бир қиз¸ икки ўғилнинг онаси. Санобар опа ўзини расмий Тошкентнинг туғишни камайтириш борасидаги сиёсати қурбонларидан бири¸ деб санайди. Озодликка сим қоққан Санабор Маҳкамова¸ ўзини алдаб жарроҳлик амалиёти қилишгани ва натижада соғлигидан айрилганини айтади.

- 2009 йил 16 июн куни Гулистон қишлоқ пункти ҳамширалари уйимга келдида, туғиш чеклангани, Тошкентдан бир кунга профессор келганини, оғриқсиз игна лазер билан компютер орқали операция қилишини айтди. Шундай деб олиб кетди-да уйимдан.

Озодлик: Қаерга олиб кетишди?

- Пайшанба шаҳарчасидаги янги шифохонага.

Озодлик: Демак, сиз ўзингиз рози бўлиб кетдингиз.

- Ўзим компютер орқали¸ дегани учун рози бўлдим. Ўзим операция учун рози бўлмаган эдим. Улар “Компютер орқали қилади. Игна орқали қилади. Ҳеч қандай нималар йўқ. Оғриқлар бўлмайди. Шундай уйингизга келиб бемалол ишингизни қилиб нима қилиб кетаверасиз” деди. Шунинг учун рози бўлиб борган эдим. Кейин билсам¸ улар мени алдаган экан-да.

Операция орқали қилди. Ўша куни 40та хотин операция бўлган. Шу ИЖК деган операцияси. Белимдан укол қилиб киргизди-да мени операцияхонага. Шундай кирганда на профессорни, на компютерни кўрдим. Ошқозон ичакларим тортилиб оғригандан кейин чидай олмай сўрадим. “Компютер орқали деган эди бизга. Белим оғрияпти. Оғриққа чидай олмаяпман” деган эдим, биттаси шундай кулди-да “Қишлоқнинг содда аëллари. Сизларни компютер лазер деб алдаб олиб келдими?” деди.

Операциядан жуда оғир аҳволда чиқдим. Жуда ҳам қийналдим. Бир кеча шу ерда қолишга мажбур бўлдим. Операциядан кейин ҳеч ким хабар олмади. Кейин мени укам кўтариб уйимга олиб келди. Шу тариқа 14 кун уйда ëтган бўлсам, жуда ҳам азобли ëтдим-да. Жуда ҳам қийналдим. Навоий шаҳридан опам келиб, менинг аҳволимни кўрди-да, Навоий шаҳрига даволагани олиб кетди. 8-9 кун бўлиб, ўзимни озгина кўтариб кейин келдим. Жуда ҳам қийналиб юриб келдим.

Шу тариқа мен Самарқанд вилояти ҳокимлигига, вилоят соғлиқни сақлаш бошлиғига, Каттақўрғон тумани ҳокимлигига ëздим. Кейин Самарқандга ëтқизди мени. Лекин аҳволим баттар бўлиб келди. Қониқарли даволашмади. У ëқдан қайтиб келиб мана ҳалигача белим, ичимда санчиқлари, соғлиқларимни умуман йўқотдим. Ҳеч қандай меҳнатга ярамай қолдим. Жуда азоб едим мен. Оддий юмушларга ярамайман. Булар аҳволимни оғир қилиб қўйди. Шифокорларимиз мени алдаб олиб кетиб шундай нима қилгани учун булардан ҳам жуда ҳам норозиман. Ўзбекистон республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам хат жўнатдим,. Ҳеч қандай жавоб хати олмадим, дейди Санобар Маҳкамова.


Жарқўрғонликлар Саодат ва Малоҳат ҳимоясига чиқишди

Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманида яшовчи Ўрол акага кўра, бир гуруҳ жарқўрғонликлар ишдан ҳайдалган икки журналист Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар ҳимояси учун Ўзбекистон президенти номига хат йўллаяптилар.

- Жарқўрғон тумани фаоллари хат қилаяпмиз иккита журналист тўғрисида.

Озодлик: Қанақа хат бу?

- Мен президентга хат қилаяпман-да иккита журналист қизимизни ҳимоя қилиб. Президент шуни эшитмаëтган эканда. Мустақиллик майдонида пикет уюштирганда улар президентга мурожаат қилган эди. Президент эшитмаяпти. Шуни биз билдирмоқчимиз. Ҳимоя қилмоқчимиз. Президентга хат қилмоқчимиз Жарқўрғон тумани фаоллари билан ҳаммамиз биргаликда. Бизнинг Тўмарисга ўхшаган қизларимиз бор. Нима учун Тошкентда ўтирган Каримов эшитмайди? Каримов шуларни эшитишни хоҳламайдими ëки эшитмаяптими? Шу ҳақда биз фикр билдирмоқчимиз-да. Шундай қизлар, шуларга ўхшаган журналистлар ҳозир бизга керакда Ўзбекистон учун. Жамият пароканда бўлиб кетаяпти. Ҳамма ëқни порахўр эгаллаб олаяпти-да. Ҳаëт оғирлашиб кетаяпти Ўзбекистонда. Шунинг учун президентга ўзимизнинг фикримизни билдирамиз. Саодат, Малоҳатларни мисол қилиб кўрсатмоқчимиз. Шуларни ҳимоя қилмоқчимиз, дейди Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманида яшовчи Ўрол ака.


Каримов сиёсатини ёмонлашга тилим бормайди!

Асли тошкентлик ҳозирда Германияда яшаётган Илҳомжон Ўзбекистондаги вазиятни Миср билан солиштириш нотўғрилиги ва президент Каримовнинг сиёсатини қўллашини айтади.

- Мана кўп ҳолларда ҳозир Ўзбекистонни Мисрга ўхшатишмоқда. Мен бунақа деб ўйламайман. Чунки ўзбек халқи билан Миср халқи ëки Ўзбекистон сиëсати билан Миср сиëсати умуман фарқ қилади келиб чиқишида ва ҳозирги ҳолати. Шунинг учун ўйлайманки, Мисрга ўхшатиш унчалик тўғри эмас, Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг, ўзбек сиëсатдонларининг ўзига хос спецификаси бор ва ўзига хос уникал хусусиятлари бор.

Озодлик: Масалан.

- Масалан¸ Озодликда кўп эшитаман кўп ҳолларда номақбул томонларини кўпроқ ëритишга ҳаракат қилишади. Лекин Каримов ўзбек давлатчилигида катта иш қилган¸ деб ўйлайман. Оддий мисол. Совет иттифоқи тарқалиши даврида ва тарқалган пайтда Ўзбекистоннинг мустаҳкам давлатчилигини яратиб берганлардан бири. Майли фаолияти давомида демократик нималар, бошқаларни қилмади¸ мен ҳисобга олмайман. Лекин ўша пайтда ҳукумат бошига келувчи баъзи кучларнинг келмаслигига сабабчи бўлди. Ўша инсонлар ҳозир давлат тепасига келганда Тожикистондаги фуқаролик уруши Ўзбекистонга кириб келиши мумкин эди. Афғонистондаги кучлар кириб келиши мумкин эди. Каримовнинг сиëсатини қўллаб-қувватлаб жуда ҳам байроқ кўтармасам ҳам унинг сиëсатини ëмонлашга ҳам тилим бормайди. Чунки у кўп иш қилган. Яхши томонлари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳозирги кунда Каримов сиëсатини оқлаш тўғрироқ, дейди асли тошкентлик ҳозирда Германияда яшаётган Илҳомжон.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!