Тошкент Бердимуҳамедовни илиқ қарши олди

Сафар доирасида Ашхобод раҳбари маҳаллий туркманлар билан учрашди; анъанага кўра¸ Бухорога йўл олди.

Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, 5 май куни эрталаб Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов Тошкент аэропортида кутиб олинди.

Пойтахтликларнинг айтишича, Тошкентда Туркманистон президентини кутиб олишга астойдил тайёргарлик кўрилган – “Президент трассаси” бўйлаб икки давлат байроқлари тикилган, йўл чизиқлари янгиланган, йўл четидаги тўсиқлар янгидан бўялган.

Туркманистон президенти ташрифига, айниқса, Ўзбекистондаги Туркман миллий маданият марказлари алоҳида тайёргарлик кўрди.

Туркман миллий маданият марказининг республика бўлимидан олинган маълумотга кўра, 5 май куни тушдан кейин Тошкентдаги Туркманистон элчихонасида Бердимуҳаммедов билан маҳаллий туркманларнинг 40 нафар вакили учрашуви бўлиб ўтган.

Икки давлат раҳбарининг расмий учрашуви борасида маҳаллий матбуот 5 май куни сукут сақлади.

Тошкентдаги Туркман маркази маълумотига кўра, 5 май кечки пайт Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг Бухорога бориши ва 6 май куни Бухородаги "Ёшлар боғи"да ўз шарафига уюштириладиган Туркманистон ва Ўзбекистон санъат усталари ижросидаги катта концертни томоша қилиши режалаштирилган.

Бухоро вилояти Туркман миллий маданият маркази раиси Қурбон Итолмасов ҳам ушбу концерт дастурида иштирок этади.

- Мендан ташқари марказ ҳисобидан 12 киши. Вилоят бўйича кўпчилик бор. Томошабин бўлиб ўтирамиз. Катта концерт бўлади. Бу президентлар учрашгандан кейинги охирги концерти. Якунловчи концерт бўладику. Тошкентдан ҳам келган, Ашхободдан ҳам келган артистлар. Ҳам Туркманистон санъаткорлари, ҳам Ўзбекистон санъаткорлари бўлади, дейди Қурбон Итолмасов.

Турманистон президенти билан учрашадиганлар рўйхатида бухоролик Камол Ботир ҳам бор. Камол Ботир Қурбонқули Бердимуҳаммедовни болалигидан билади. Тошҳовуз шаҳридаги аэропорт яқинидаги стадионда Қурбонқули билан футбол ўйнаган пайтларини эсга олар экан Камол Ботир, 6 май кунги учрашувда, агар имкон бўлса чегара муаммосини тилга олишни режалаштирганини айтади.

- Чегарани, борди-келдини кучайтиришни, проблема шу йўл масаласида, шуни айтишим мумкин. Йўл масаласида вақтни кенгайтиришни. Уч кун эмас ҳеч бўлмаса 7 кун. Ана шуни айтишим мумкин. Ўтиш масаласида унча проблема йўқ. Долларни берсангиз, ўтиб қайтаверасиз. Бепул қил, деб айтиб бўлмайди-да. Қарорни биз тўхтата олмаймизку. Просто бизлар ҳозир кенгайтириб турсак, келажакда секин-секинлик билан ўша нарсани ҳам қолдириш мумкин. Буни ҳозир бепул қил деганингиз билан қолдирмайдику, дейди Камол Ботир.

Бердимуҳаммедовнинг Бухоро ташрифи давомида туркманистонлик талабалар билан ҳам учрашиши айтилмоқда. Айни пайтда Бухородаги олий ва ўрта-махсус билим даргоҳларида 125 нафар туркманистонлик ёшлар таҳсил олаяпти.

Мустақилликдан бери икки давлат раҳбарининг бу 12-расмий ташрифи бўлиб, бу учрашувгача 150 дан зиёд ҳужжат имзоланган.

ЎзА агентлиги хабар қилишича, бу сафарги учрашув доирасидаги музокаралар якунида икки давлат расмийларининг турли соҳалардаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Туркманистонда яшовчи ўзбеклар ўзларини қийнаётган асосий муаммолар, жумладан, ўзбек болалари учун она тилида таълим олиш имкони йўқлигига икки давлат раҳбари эътибор қаратишидан ҳар сафар умидвор бўладилар.

Бироқ кузатувчиларга кўра, икки давлат президентларининг ўтган 11 та учрашувининг бирортасида ҳам туркманистонлик ўзбеклар муаммолари тилга олинмаган.

Бу галги учрашувда бу муаммога ўрин берилганми ёки йўқ, ҳозирча бу борада бирор маълумот йўқ.

Ўтган йилнинг 19-20 октябр кунлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бошчилигидаги делегация Тошҳовуз шаҳрида ўтказилган “Туркман-ўзбек дўстлиги” фестивалида иштирок этиб қайтган эди. Бу фестивал икки давлат раҳбарининг муносабатларида иттифоқчиликнинг кучаётгани аломати ўлароқ баҳоланган эди.

Ўша пайтда чегараолди ҳудудларида яшовчи икки давлат аҳолиси ҳам, эндиликда ўзларини қийнаётган айрим муаммолар барҳам топишидан умидвор бўлган эдилар.

Ўзбек-туркман чегарасида яшовчи аҳоли муаммолари бўйича мониторинг ўтказган Хоразмдаги “Нажот” ташкилоти раҳбари Ҳайтбой Ёқубовга кўра, орадан олти ой ўтганига қарамай оддий халқ ҳаётида ҳеч нарса ўзгармади.

- Умуман олганда¸ ўша учрашувдан кейин ҳеч нарса ўзгармади. Қайтанга¸ озгина ўзбекларнинг аҳволи чигаллашди. Олдин Туркманистондан бирор-бир совға, бирор-бир буюм, бир нарса олиб келар эдилар. Ҳозир борадиган бизнинг ўзбек фуқароларимиз қўллари бўш ҳолатда қайтиб келаяпти. Туркманлар умуман ҳеч нарса қўймаяпти. Ҳеч нарса олиб ўтиш мумкин эмас. Туркман чегарачилари қўлларида нима бўлса, ҳаммасини текшириб кўриб олиб қолишаяпти. Менда аниқ ахборот бор, Туркманистон давлатидан Ўзбекистонга ҳеч нарса олиб чиқиш мумкин эмас. Ҳозирда чегарадан ўтгач уч кунлик муҳлат сақланиб қолган. Ўша учрашувдан кейин бирор-бир янгилик киритилмади, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи, ҳозирда муҳожиратда яшаётган Камолиддин Раббимов икки давлат расмийлари муносабатини аъло даражада деб баҳоламаслиги¸ бирок, улар ўз манфаатларининг муштараклиги борасида якдил эканликларини айтади.

- Бердимуҳаммедов янги ҳокимиятга келганда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари анча илиқлашган ва жадаллашган эди. Чунки биз биламиз Каримов Туркманистонга сафар қилди. Ундан кейин Бердимуҳаммедов Тошкентга икки йилнинг ичида икки марта келиб кетди. Лекин кейинги йилларда муносабат айтишимиз мумкинки, мўътадиллашди ëки нисбатан совуқлашди. Очиқдан очиқ Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида бугунги кунда зиддиятлар йўқ. Лекин у муносабатларни илиқ деб ҳам айтиб бўлмайди. Масалан¸ фуқаролар билан боғлиқ, чегаралар билан боғлиқ бўлган муаммолар ўзининг ечимини топмаяпти. Улар консервация бўлган ҳолатда сақланиб қолаяпти. Лекин айни пайтда транспорт, газ соҳасида, геосиëсий баъзи бир соҳаларда икки давлат манфаатларидан келиб чиқиб ҳамкорлик давом этаяпти, дейди Камолиддин Раббимов.

Икки давлат раҳбарининг манфаатлари муштараклигига “Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой” трансмиллий газ қувури қурилиш лойиҳасининг амалга оширилиши, “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон-Қатар” халқаро транспорт йўлаги бўйича музокараларни мисол тарзида келтириш мумкин.

Икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 2010 йил якунлари бўйича қарийб 200 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Бу аввалги йилга нисбатан 5,6 фоизга кўпдир.

ЎзА агентлиги тарқатган маълумотга кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида 170 мингдан зиёд туркман истиқомат қилади. Туркман миллатига мансуб 9 000 дан ортиқ бола туркман тилига ихтисослаштирилган 47 та мактабда таҳсил олади. Бу мактабларнинг 24 тасида таълим тўлиқ туркман тилида олиб борилади.

Маълумотларга кўра, Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Лебоб ва Тошҳовуз вилоятларида 700 мингдан зиёд ўзбек истиқомат қилади.