"Биттаю битта умидим давлатдан, президентимиздан!"

Қумқўрғонлик Қўшбоқ ака Россияга ишлагани кетиб, дараги чиқмаётган ўғилларини топишда Ўзбекистон расмийлари ёрдам беришига умидвор.

Бугун эътиборингизга Россияга иш излаб кетган ўғилларининг дарагини тополмаётган қумқўрғонлик отанинг, маҳаллий амалдорларнинг устидан турли идораларга, жумладан мамлакат президенти девонигача ўнлаб марта арз қилган, лекин биронта ҳам аризасига жавоб ололмаган деновлик биринчи гуруҳ ногиронининг, 1985 йили Қарши чўлларини ўзлаштиришга бориб, ўша ерда қолиб кетган, лекин ҳанузгача Ўзбекистон паспортини ололмаётган қирғизистонлик ўзбекнинг айтганларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“Ўғилларимни топишга ёрдам беринг”

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида яшовчи Қўшбоқ ака Қурбонов Эркин микрофонга қўнғироқ қилар экан, мурожаатини Ўзбекистон президенти девони ҳамда Tашқи ишлар вазирлиги ходимлари эшитишини истаётганини, уларнинг ёрдамига умид қилаётганини таъкидлаб ўтди.

- Мен Сурхондарë вилояти, Қумқўрғон туманиданман.

Озодлик: Исмингиз нима?

- Қўшбоқ Қурбонов.

Озодлик: Айтинг энди, нима бўлди?

- Ўғилларнинг иккитаси Россияга кетган эди. Кеча самарқандлик бир бола чиқиб “Ўғлингизнинг бирови қамалган. Аҳволи оғир. Ноҳақ қамалиб кетди. Бошқа кишининг айби билан ўтириб кетди”, деб телефон қилишди. Бир йил олдин 9-майда Ленинградда ноҳақ ушлаб кетилган, дейди. Бир йил подсудда ëтиб, кейин судга берган, деб кеча битта самарқандлик бола чиқиб ахборот бераяпти. Мен ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. Сиздан илтимос. Президентгами, Ташқи ишлар вазирлигигами ëки Ленинградга ўзимизнинг консулга хабар қилиб нима бўлганини аниқлаштирса, деб илтимос қилаëтган эдим мен.

Озодлик: Ўғилларингизнинг исм-фамилиясини, нечанчи йилда туғилганини, Россиянинг қайси шаҳрига ва қачон кетганини ани қилиб айтинг.

- Катта ўғлимиз Рустам Қурбонов. 1981 йил 15 апрелда туғилган.

Озодлик: Россияга қачон кетган?

- 2009 йил 7 майда жўнаб кетишган.

Озодлик: Кейинги ўғлингизчи?

- У Ўктам. У ҳозир қамоқда деяëтганлиги. У 1988 йил 13 майда туғилган. У ҳам бирга кетган. Унигн тақдири ўзи номаълум. Айтишаяптики “Ҳеч қандай адвокат қўйилгани йўқ. Давлат адвокати қўйилган. Адвокатга қўйилган пулни ҳам тилмочлар еб кетибди. Консулнинг хабари борми йўқми бу тўғрида ҳеч нарса йўқ” деяптида. Бизнинг биттаю битта умидимиз давлатдан, президентимиздан ëки Ташқи ишлар вазирлигидан. Бизнинг боришга ҳам имкониятимиз йўқ. Қандай ахборот олиш тўғрисида ҳам билмасдан сизларга мурожаат қилаяпмиз кўзга кўринган радио бўлганлиги учун, дейди Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида яшовчи Қўшбоқ ака Қурбонов.


“Арзимга ҳеч ким қулоқ солмаяпти”

Эркин микрофонга қўнғироқ қилган яна бир тингловчимиз ҳам Сурхондарёдан.

- Мен Сурхондарë вилоятининг Денов туманиданман. Исм-фамилиям Ëдгоров Шоҳназар Бўриевичман. Ўзим биринчи гуруҳ ногирониман. Маълумотим олий.

Озодлик: Ëшингиз нечада?

- Ëшим 46да. 1964 йил туғилганман. Давлатимиз томонидан бериладиган ун, ëғ масалалари бўйича жуда кўплаб мурожаатлар қилганман давлатимизнинг барча органларига, дейди Шоҳназар Ëдгоров.

Шоҳназар Ёдгоров ҳуқуқларини бузаётган конкрет идоралар ва амалдорларнинг исм-фамилияларини ҳам келтириб ўтди.

- Улар устидан ёзганим шикоят ва аризаларга жавоб йўқ. Қаерга мурожаат қилсак, ўзимиз балога қоламиз. Ҳокимият тингламайди, прокуратура ўзимизни айбдор қилишга ҳаракат қилади. Беш нафар вояга етмаган фарзандларим бор. Ун, ëғ маҳсулотларини вақтида ололмаймиз.

Озодлик: Неча марта мурожаат қилгансиз президент девонига ҳаммаси бўлиб?

- Ўнлаб, ўнлаб, мен уни ҳисоблаб кўрганим ҳам йўқ. 10дан ошиқ мурожаатларим бор.

Озодлик: Нима учун шу идоралардан сизга жавоб бўлмаяпти? Сиз нима деб ўйлайсиз?

- Маҳаллий ҳокимият, шу охирги тизимда бўлган Денов туман ҳокимият, прокуратураларида фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари менимча, уларнинг назарида йўқ. Ҳаммалари ўзини решотканинг ичига солиб олиб, ойлиги бор, давлатдан, бюджетдан катта-катта ойлик олади, таниш-билишчилик. Туман ҳокимига, 6 ойдан бери янги ҳокимга кира олмаймиз. Прокуратура ҳам шу ҳолатда. Прокурор қабулига бориб бўлмайди. Хатларимиз ҳаммаси шу икки точкада йўқолиб кетади. Текширилган тақдирда ҳам юзаки текширилиб, ўзимиздан камчилик ахтаради, дея ўз сўзига якун ясади Шоҳназар Ёдгоров.


“У ёқда ҳам ўгайман, бу ёқда ҳам”

Эшиттиришимизга мурожаат қилган яна бир тингловчимиз асли Қирғизистоннинг Ўзганидан. 1985 йилдан буён Қашқадарё вилоятида яшайди. Лекин на Ўзбекистоннинг паспорти бор қўлида, на Қирғизистоннинг.

- Узоқов Дилмуродман. Ўзган шаҳридан келганман 1985 йилда.

Озодлик: Ҳозир қаердасиз?

- Қашқадарëнинг Қаши шаҳрида тураман.

Озодлик: Ëшигниз нечада?

- Бу йил 50ка киради насиб қилса.

Озодлик: Қаршига Ўзгандан қачон ва нима учун кўчиб келгансиз?

- 1985 йилда чўлни ўзлаштиргани чўлқувар бўлиб келганмиз. У пайтда граница бўлмаган. Совхозларда ишлаб юрдикда. Самарқандда уйланганман. Ҳозир учта ўғлим бор. Катта бўлиб қолди улар. Каттаси 19га, кейингиси 17га, кичиги 11га кирди. Ҳозир Қаршида яшаймиз. 1990 йили Ўзган қирғини бўлганда қариндошлар йиғлаб телефон қилиб чақирганда борганмиз. Болаларимни олиб кўчиб кетганман бу ердан пропискадан чиқиб. У ëққа боргандан кейин “Ўзбекистондан келгансан” деб у ернинг участковойлари бизни пропискага қўймасдан қўрқитиб, қайтиб келдикда қисқаси бир ярим йил яшаб.

Озодлик: Демак, 1991 йил яна қайтиб Ўзбекистонга боргансиз-а?

- Йўқ, мен 1992 йил декабрда келдим. 1992 йил ноябрда бу ерда приказ чиқибди чет элдан, Қирғизистон, Тожикистондан келганларни пропискага қўйилмаган бўлса бўлди, уже гражданин эмас. Мен “пропискага қўй” десам, булар кўнмади. Бир ярим йил юрдим пропискага қўя олмасдан. Бир бало қилиб 1994 йили қўйгандан кейин эски совет паспорти билан юрдим. Ўзбек паспортини ололмадим. 2000-йилгача қатнадим буларга. 2000-йилгача неча марта қатнаганимни ўзим ҳам билмайман.

2000-йили борган эдим, Шавкат деган бола бор экан, паспортимни қўлимдан олдида “Вид на жителство беринглар. Бу Қирғизистондан келган”, деди. Шу билан вид на жителство бериб қўйишди. Мен ҳозир яшаëтганимга 17 йил бўлиб кетди. Мен уч марта граждан бўлишим керакда. Уч марта продление қилдим. Ариза берганман президент номига фуқароликка. Ҳозир энди “фуқаролик тўхтатилди, берилмайди” деяпти. Буям майли, мен “қариндошларни кўриб келай, ўтиб кетганларнинг руҳига дуо қилиб келай мусулмончиликда” десам, загранпаспорт ҳам беришмайди экан ҳозир.

Озодлик: Демак, шу кунгача сиз Ўзбекистон фуқароси бўла олмаяпсиз, паспорт ололмаяпсиз. Қирғизистондаги қариндошларни кўриб келиш учун эса сизга чет эл пасопрти беришмаяпти.

- 17 йилдан бери иложи йўқ. Бориб кела олмаяпман. Вид на жителство билан чегарадан ўтказмас экан. Энди ҳозир нима қилишни билмайман. Қаршидан чиқа олмайман. Ўғилларимни военнийга ҳам олмайди экан. Отаси фуқаро бўлмаса военнийларга ҳам ўқитмас экан. “Дада, сизда нимага бунақа паспорт? Нимага вақтида қилмагансиз?” дейди ўғилларим, дейди Дилмурод Узоқов.

Қирғизистонда туғилиб, 50 йиллик умрининг ярми Ўзбекистонда ўтган бўлса ҳам ҳануз бу юрт учун ўгай бўлиб қолаётган Дилмурод Узоқовнинг гапларидан сўнг шуни қўшиб қўйишимиз керакки, Ўзбекистон фуқаролигини олиш билан боғлиқ муаммо биргина унинг бошига тушган эмас.

Ўзбекистонда фуқаролиги йўқ шахс мақоми билан яшаётган асли қирғизистонлик ва тожикистонликлар минглабдир. Бу ҳақда жуда кўп гапирилган.

Лекин масаланинг ечимини ҳеч ким билмайди. Биладиганлар эса, ҳеч кимга айтмайди.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!