"Шунинг ўзи ҳам катта гап!"

Россия ва бошқа юртларда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларни ҳеч ким - Ўзбекистон элчихонаси ҳам - ҳимоя қилмайди.

"Эркин микрофон"га ўтган жума куни қўнғироқ қилган Қўшбоқ ака анчадан бери хабар келмаётган ўғилларининг дараги чиққанидан хурсанд бўлиб, Озодликка яна қўнғироқ қилди.

Озодлик ёрдамида ўғилларимни топдим

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани Арслонбойли маҳалласида яшовчи Қўшбоқ ака Қурбонов Россияга ишлашга кетиб, дараги чиқмаётган икки ўғли Рустамбек ва Ўктамбекларни топишда ёрдам сўраб, 3 июн куни Эркин микрофонга қўнғироқ қилган эди.

Қўшбоқ ака иккала ўғлининг ҳам қаердалигидан хабар топганини айтиб, Озодликка миннатдорчилик билдиради.

- Мен ўғиллар тўғрисида сизларга олдин ҳам қўнғироқ қилган эдим. Россиядаги ўғиллар тўғрисида эфирга берилган эди бундан икки кун олдин. Россияда изсиз кетгандида. Мен Озодликка раҳмат айтмоқчиман. Бирининг изи чиқди. Россияда эшитган болалар қўнғироқ қилишди. 2010 йил 9 майда ҳибсга олинган экан бир ўғлимиз. Ҳозирча судсиз, Ленинградда, деб телефон қилишди. Уларга ҳам раҳмат. Қаердалигини билмас эдим унинг. Унга адвокат керак экан. Бизлар Ташқи ишлар вазрилигидан, президентдан илтимос қиламиз. Улардан ҳеч қандай жавоб бўлмадию, шунда ҳам ҳар ҳолда биз қаердалигини, нималигини билдик. Шунинг ўзи ҳам катта гап. Озодликка эфирга узатилгандиан кейин кўпгина оғайнилари телефон қилишиб, Россиядан айрим ўзбек муҳожирлари телефон қилиб ҳамдардлик билдиришди. Шунисига ҳам раҳмат. Чунки ўлик-тиригини билмаслик жуда қйин масалада. Ҳозир ҳибсда ушлаб турилибди, ноҳақ ëтибди дейди. Буларнинг бунча ҳибсхонада ушлашга ҳаққи йўқ, дейди. Ўтган йил 9 майда олиб боришган. Ҳеч қандай айб қўя олгани йўқ, лекин суд ҳам қилмайди дейди.

Озодлик: Иккита ўғлингиз ҳам ҳибсда эканми?

- Йўқ, биттаси. Биттаси қаердадир ишлаëтган экан.

Озодлик: Рустамбек ҳибсда эканми?

- Йўқ, Ўктам.

Озодлик: Ўктам ҳибсда, Рустамнинг ҳам қаердалиги топилди.

- Биттаси “У ишлаяпти, аммо пулини ололмаяпти. Бизнинг бир хатомиз тил билмаслигимиз” деди. Мусофирчилик ëмон нарсада. Ўғлимизнинг ҳам дараги чиқди. Мен Озодлик бу кўзга кўринган радио, жаҳон миқëсидаги радио бўлганлиги учун ҳам миннатдорман. Ким нима деган тақдирда ҳам Озодлик ëрдамида ўғлимнинг адреси чиқди. Билмас эдик унинг қаердалигини, дейди Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани Арслонбойли маҳалласида яшовчи Қўшбоқ ака Қурбонов.


Мен ҳақиқат учун курашмоқчиман

Тошкент шаҳрида яшовчи 22 ёшли Фахриддин янги ташкил қилинган Ўзбекистон халқ ҳаракати фаолиятидан илҳомланиб, хорижга кетиш истагида эканлигини айтади.

- Ëрдаминглар керакда менга.

Озодлик: Нима бўлди?

- Кетишни хоҳлайман мен ҳам. Февралда армиядан келдим. Сиëсатга ëшлигимдан қизиқаманда. Армияга бориб келдим.

Озодлик: Бир йил бўлдингизми?

- Ҳа. У ерда шароитни кўрдим. Кўраман деб ўзим қизиқиб борган эдим. “Қани нима бўлаяпти экан? Нима гап экан?” деб борган эдим.

Озодлик: Нима гап экан армияда?

- Мен Самарқанд шаҳрида эдим. Ҳаммасичи қанақадир табииймас. Қоғозда кўп нарса ëзилган жуда, лекин амалда ҳаммаси бошқача. Мен ҳар доим намоз ўқиб, бошқа қилиб юрардим. Лекин менга қийин бўлди шу тарафдан.

Озодлик: Намоз ўқий олмадингизми армияда?

- Йўқ, йўқ, унинг иложи йўқ у ерда.

Озодлик: Нимага? Мумкин эмасми?

- Мумкин эмас. Рухсат беришмайди. Агар шу ишни қилсангиз, вообше катта иш бўлиб кетиб қолади. У ерда сизни худди катта бир нимага қарши чиққандай қабул қилишади. Мен шу нарсани билардим. Олдиндан билдим ҳаму, лекин мен ўйладим балки мен бориб келсам, одамларга кўпроқ ëрдамим тегадиган даражадаги бир одам бўла оламан деган мақсадда, ҳозир армияга бориб келганларга жуда кўп имкониятлар яратиб беришаяптию давлат томонидан, жуда ҳам ўйладим.

Озодлик: Армияга бориб келдингиз. Кейин нима бўлди? Нимага бирданига кетаманга тушаяпсиз?

- Мен учун ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлдида. Уже менда умид қолмадида. Бу йўлдан юришга мен учун умид қолмади. Келсам яна кўп гаплар бўлибди. Келдим. Кўп оғайниларим қамалган. Намоз ўқиëтганларни текшириб, намоз ўқишни қатъий тақиқлаб қўйишган. Шунинг учун курашишни хоҳлайман. Бу ерда биламан, агар ҳозир мен бу фикрларимни бу ердаги одамларга ошкор қилсам, уже мени сразу халқнинг одлдиа ëмонга чиқариб “Қарши чиқмагин. Сиëсатга аралашмасдан тинч юр. Қамалиб кетишни хоҳлайсанми?” бошланади. Нима учун инсон ўз фикрини, ҳақиқатни эркин билдира олишлиги мумкин эмас? Нима учун? Нима сабабдан? Шу нарсалар мени жуда ҳам қийин аҳволга солди. Шунинг учун мен бошқа жойда туриб шунга қарши курашишни хоҳлайман. Йўл кўрсатувчи деб Ўзбекистон халқ ҳаракати деган ташкилотни эшитиб мен ўзим учун қанақадир битта катта бир йўлни кўргандай бўлдим, дейди тошкентлик Фахриддин.


Россияда мардикорларга осон бўлаяпти

Россиядан қўнғироқ қилган асли фарғоналик Расулжон ака кейинги пайтларда Россиядаги меҳнат муҳожирларининг юмушлари осонлашаётганидан хурсанд бўлиб гапирди.

- Ҳозир регистрация қилишлар, ишга рухсат деганлар йўқ бўлдида. Регистрация қилиш шунақа осон бўлдики, келгандан кейин уч куннинг ичида любой почтага бирорта уйнинг эгаси билан борсангиз, 270 рубл тўласангиз, регистрация қиладида уч ойга. Ундан кейин ойига 1000 сўмдан бўлса, патент билан, 1000 сўм тўлаб турсангиз бўлди. Жуда осонлашди, қулайлашди биз учун.

Озодлик: Меҳнат муҳожирлари учун анча енгиллик бўптида.

- Жуда енгиллик бўлди. Жуда хурсандмиз. Мен шу ерда 8 йилдан бери юрган бўлсам, мана бу йил жуда осон бўлдида. Фақат бирорта уйнинг эгасини олиб, уйнинг ҳужжатлари билан почтага борасиз, 270 рубл тўлайсиз, квитанцияни беради, регистрация қилади. Ундан кейин уч ойнинг ичида иммиграцион службага боришингиз керакда. Регистрацияни кўрсатсангиз, сизга патент беради. Патентда расмингиз, паспортдаги ҳамма даннийларингиз бўлади. Кейин ойига 1000 сўмдан тўлаб тураверасиз патент. Сизга ҳеч ким ҳеч барса демайди, дейди Россиядан қўнғироқ қилган асли фарғоналик Расулжон ака.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!