Қурултойнинг бу сонини ўзбек миллатига илашган хасталик, дея таъриф берилган маҳаллийчилик муаммосига бағишладик.
Шу кунларда Тошкентда келгиндиларни “аватарлар” деб айтиш урф бўлган.
Бундан олдин улар “ҳаррип” деган мақомгагина лойиқ кўрилган эди.
Айни ҳолат самарқандликларнинг иштихонликка ëки бухороликнинг қоракўлликка муносабатида акс этади.
Яъни шаҳарлик назарида қишлоқдан келган, бренд кийим-бош киймаган, қўл-телефони эски русумда бўлган ҳар бир эркак ё аëл “аватар”дир.
Жеймс Камерон суратга олган "Аватар" филмида юзлари кўкимтир рўдаполар юради. Бу рўдаполар тошкентликлар назарида вилоятдан келганларга менгзайди.
Айни пайтда вилоятдан келганлар тошкентликларни “мошовахўр”, деб аташади.
Тошкент – тошкентликлар учун, деган фикр кейинги 20 йилдан бери Оқсарой атрофида урчитилади.
Ислом Каримов иқтидорининг турли даврларида Темур Алимов, Шукрулло Мирсаидов, Алишер Азизхўжаев каби юқори амалдор тошкентликлар, Исмоил Жўрабеков раҳнамолигидаги Самарқанд кланига қарши курашида бу фалсафани қурол қилишга уринишди.
Қурултойда қатнашган ўзбек ëзувчиси Ëқубжон Хўжамбердиев, Тошкент - тошкентликлар учун, деган фикр мутлақ зарарли эканини таъкидлаб, маҳаллийчиликнинг миллатни парчалайдиган оғу эканлигини айтди.
Ўзини асл тошкентлик деб ҳисобловчи ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов икки ярим миллион киши қайддан ўтган шаҳарда етти миллион киши истиқомат қилаëтганинидан ташвишланди.
- Шаҳар резинкадан эмас. Бошқа вилоятларда ҳам ишчи ўринлари ташкил қилиб, пойтахтга келаëтганлар оқимини тўхтатиш керак, дейди ҳуқуқ фаоли.
Эшиттиришда қатнашган таҳлилчи Камолиддин Раббимов ва Низомий номли Тошкент давлат педагогика университетининг собиқ домласи Абдулла Абдураззоқовларнинг бу борадаги фикрларини мана бу ерда тинглай оласиз.