Ҳукумат сиёсати тарафдори: "Сизлар хоинлар!"Ўзбек мухолифати вакили: "Сизлар диктатор малайлари!"

Майдонга олиб чиқилган баҳс мавзуси "Ўзбекистон халқ ҳаракати" бўлди.

Бу сафар баҳс майдонида Ўзбекистон мухолифати вакили ва ҳукумат сиёсатининг тарафдори баҳслашдилар.

24 май куни Берлинда таъсис қурултойини ўтказган “Ўзбекистон халқ ҳаракати”нинг Ўзбекистондаги сиёсий тузумни тинч йўл билан ўзгартириш ҳақидаги баёнотларидан сўнг Озодликка қўнғироқ қилиб, ўзини тошкентлик тадбиркор деб таништирган Саид Аҳмедов ҳаракат фаолларини “Баҳс майдони”га таклиф қилди.

Ўзбекистон халқ ҳаракати муассислар мажлиси аъзоси Исмоилжон Дадажонов тошкентлик тадбиркор билан баҳс майдонига тушиш истагини билдирди.

Саид Аҳмедов фикрича, Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ва сиëсий ҳаëт яхши ва "Ўзбекистон халқ ҳаракати"нинг бу ҳаëтни бузиш, тузумни ағдаришга уринаётгани фитна ва иғводан бошқа нарса эмас.

Менинг ҳаëтий принципларимдан биттаси шу, дейди Саид ака.

- Ҳозирги буларнинг қилаëтган иши, Исмоил ака сизларнинг ҳаракатингларнинг қилаëтган иши эр-хотин урушиб келгандан кейин бир-бири билан ажрашаëтган ҳолатга ўхшайди. Эр хотинни айблайди, хотин эрни айблайди. Умуман куракда турадиган нарса эмаску бу. Нима учун ўз ватанингизни, шунақа тузумни ëмон нима қилаяпсиз? Тузумни ўзгартириш мумкин фақат тўғри йўл билан. Ҳеч қанақа инқилобий йўллар билан эмас. Ўзимизнинг онгимизни ўзгартиришимиз билан ўзгартиришимиз мумкин, дейди Саид Аҳмедов.

Исмоилжон Дадажонов бу фикрларга жавобан "мухолифатнинг парламент йўли билан ҳокимиятга келишини истар эканмиз, демак, мухолифатнинг қандайдир тинч йўл билан, парламент йўли билан ҳукуматга келиш имкониятларини ҳозирги мавжуд тузум яратиб бериши керак" дейди.

- На сайловларга қатнашиш ҳуқуқи, на йиғилишлар ўтказиш, ҳаттоки ўнта одам партия тузаман деб йиғилиш ўтказиш ҳуқуқидан, на одамларни ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлгҳан мухолифат бер чеккага сиқилган мушук каби нима қилишини билмасдан ҳужумга ўтиш арафасида бўлиши мумкин. Мен буни инкор қилмайман. Лекин бунга ким айбдор, дейди Исмоилжон.

Саид Аҳмедов: Мендаги информация кам. Президентимизда информация катта. Биз кичкина давлатмиз. Эндигина 20 йил ўтди.

Исмоилжон Дадажонов: Демократия идеал тузум эмас, лекин ....

Саид Аҳмедов: Мана сизлар ҳозир қочқинликда юрибсизлар. Карим Баҳриевни биласизми? Нимага улар кетаëтганлари йўқ? Мен демократияси умуман тушунмайман. Нима дегани бу? Демократия деб боласи отасига қарши чиқаëтгани менга тўғри келмайди.

Исмоил Дадажонов: Мана сиз тадбиркор экансиз. Ҳар битта ишингизни банкларга, солиққа пора бериб бажарасиз. Бўлмаса бажара олмайсиз Ўзбекистон шароитида ишларингизни.

Саид Аҳмедов: Мен юртимда бўлаëтган муаммоларни кўраман, ҳаммасини биламан, лекин ...

Баҳс майдонини қуйида тинглашингиз мумкин. Баҳсга Садриддин Ашур ҳакамлик қилди. Ҳукмни эса сиз чиқаринг, азиз муштарий.